Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:36

Самарқанд ҳокими пахта далаларига советча Қизил байроқ ўрнатмоқда


Шуҳрат Аббосов суратга олган "Дилор.. Дилор, Дил ва Ор" фильмидан бир кадр. Фильмда Совет давридаги пахта сафарбарлиги танқид қилинган эди.
Шуҳрат Аббосов суратга олган "Дилор.. Дилор, Дил ва Ор" фильмидан бир кадр. Фильмда Совет давридаги пахта сафарбарлиги танқид қилинган эди.

Самарқанд вилоятидаги 7 та олий ўқув юрти талабалари ва ўқитувчиларини 15 сентябрдан бошлаб 5 кун ичида колонна қилиб пахтага юбориш тўғрисида вилоят ҳокими топшириқ берди. Бундан олдин вилоятдаги барча идора ва ташкиотлар пахтага чиқарилган эди. Пахта штабидаги фаоллар ҳар бир теримчидан “Ўз ихтиëрим билан пахтага чиқдим”, деган мазмунда тилхат олмоқда.​ Вилоят ҳокими пахтаси терилган дала майдонларига қизил байроқ ўрнаттирмоқда.

Бу хабарни вилоят пахта штабидаги мулозим Озодликка айтиб берди. Суҳбатдошга кўра, ҳоким тиббий справка билан пахтадан қолиш масаласига ҳам эътибор қаратиб “Касали енгил бўлганларга справка берилмасин”, деб вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғига буйруқ берган.

- Самарқанд давлат чет тиллар институти, Самарқанд тиббиёт институти, Самарқанд давлат университетининг айниқса хотин-қизлар кўп бўлган биология, филология, педагогика, санъатшунослик факултетлариниг талабаси бўлган ҳомиладор, ёш келинчаклар, ёш болалиларга "Ё одам топиб келасан, ё пахтага теримчилар учун картошка, гўшт, сабзи, ёғ, гуруч ва бошқа маҳсулотлар билан қарашасан" деб қатъий топшириқ берилди¸ дейди вилоят пахта штабидаги мулозим.

Касаллар ҳам теримга ҳисса қўшсин!

Самарқанддаги чет тиллар институтида ишлайдиган ўқитувчининг Озодликка айтишича, “шахсан декан ва замдеканлар хомиладор ва эмизикли боласи бор ўқитувчи ва талабалардан ўрнига пахта териш учун мардикор чиқаришни” талаб қилган:

- Ё пахтага одам қўясан, айтганимизни қилиб, ё сенлар билан сессияда ҳисоб-китоб қиламиз, деб огоҳлантиришди¸- деди ўқитувчи.

Унга кўра, пахтага тиббий сабаб билан чиқа олмайдиганлар 300-400 минг сўмлик бозорлик қилиб штабга ёрдам беришга мажбурланмоқда.

Порталга ëзмаслик талаб қилинди

Озодлик айни институтдаги старосталардан бири билан гаплашди. Унга кўра старосталарга порталга ëзмаслик талаби қўйилган.

- Агар у ёқ, бу ёққа ёки порталга мурожаат қилганингни билсам, хафа бўлма. Любой талабадан любой момент хато топса бўлади. Кейин ҳеч ким ёрдам беролмайди¸ деб деканнинг ўзи таҳдид қилди, деди староста.

Самарқанд тиббиëт институти талаба ва ўқитувчилари¸ техник персонал биргаликда 15 сентябрдан бошлаб пахтага чиқмоқда.

Айни институтда лаборант бўлиб ишлайдиган аëлнинг айтишича, жума куни ректор Азамат Шамсиев талабаларга мурожаат қилиб ҳамма 100 фоиз пахтага чиқишини айтган:

- Биз ўрнак бўлиб 100 фоиз явка берамиз деди. Пахтага чиқмаганлар, ҳомиладор ва эмизикли боласи борлигидан қатъий назар отчисление қилинади деб қўрқитди. Уже институтда чиқмайдиганлар ўрнига мардикор топиб берадиган даллоллар юрибди¸ дейди суҳбатдош.

Самарқандда "фавқуллода холат"

Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев пахта йиғим-теримига сафарбар қилинганларни максимум ишлатиш учун вилоятда харбий услубни эслатадиган тартиб жорий қилди.

“Вақтинчалик тартиб” деб номланган, "Вилоят ҳокимлиги йиғилиши баëнига 8- илова" Озодликка келиб тушди.

Бу тартибга кўра, вилоятдаги тўйхона, ресторан ва бошқа катта овқатланиш муассасалари бир ой миддатга фаолияти тўхтатиб қўйилди ва тадбиркорлар ва таксопарклар ҳар куни одамларни далага олиб чиқишга мажбурланмоқда.

Вилоят пахта штаби раҳбари¸ вилоят ҳокимлиги котибият мудири Абдулла Абдураҳмоновнинг ëрдамчиси Озодлик билан суҳбатда туман Хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла кенгашлари, “Нуроний” жамоат фонди, касаба уюшмалари, Фермерлар кенгаши, Ёшлар иттифоқи ва бошқа барча ташкилотлар 50 кишилик терим отрядлари тузиб, шу кунда 12 соатлик режимда пахта тераëтганлигини айтди.

Пахта териб бўлинган далага ғалаба рамзи сифатида қизил байроқ ўрнатилади

Мулозимга кўра¸ вилояти ҳокими Туробжон Жўраевнинг ўзи кунига икки марта пахта штабидаги мажлисни олиб бормоқда:

- Бугун пахтаси териб бўлинган қайси далаларга қизил байроқ ўрнатилганини ҳокимни ўзи эрталабки мажлисда бир-бир айтди. Пахтага кам одам чиқарган тўйхона раҳбарлари газ-свети ўчириб қўйилиши юзасидан огоҳлантирилди.

Пахта штаби раҳбарининг ўринбосари айтган “байроқ” тизими Озодлик тасарруфидаги ҳужжатда акс этган.

Ҳужжатга кўра¸ қизил байроқ пахтаси териб бўлинган ва белгиланган норма бажарилган далага осиб қўйилади.

- Бу пахтани чаноғида қолдирмай териб¸ давлат олдида ўзини оқлаган терим отрядлари руҳини кўтариш учун қилинмоқда¸ дейди пахта штабида ишлаëтган мулозим.

Барча "ўз ихтиëрим билан чиқдим" деган тилхатга қўл қўйган

Мулозимнинг айтишича¸ пахта штабидаги фаоллар ҳар бир теримчидан “Ўз ихтиëрим билан пахтага чиқдим”, деган мазмунда тилхат олмоқда.

Озодликда бу тилхат нусхалари мавжуд. Самарқанддаги чет тиллар институтида ишлайдиган ўқитувчининг Озодликка айтишича, институт котибалари бундай тилхатлар нусхасини ксероксда кўпайтириб, старосталарга тарқатган:

- Халқаро ташкилот вакиллари келганда буларни ҳаммаси ўз иҳтиëри билан пахтага чиқди, деган манзара ҳосил қилиши учун бу кўзбўямачилик қилинмоқда, деди суҳбатдош.

Мажбурий меҳнат эмас, ихтиëрий ҳашар?

Озодлик тасарруфидаги Самарқанд вилоятида терим отрядларини ташкил этишга доир “Вақтинчалик тартиб” деб номланган ҳужжатнинг 9- пунктида “Терим отрядлари томонидан пахта йиғим-терими ишларига теримчиларни жалб қилишда Ўзбекистон Республикаси қонунлари, халқаро шартномалари, шу жумладан Халқаро меҳнат ташкилотининг “Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисида”ги ва “Зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳнат тўғрисида”ги конвенциялари талабларига қатъий риоя қилиниши” талаб қилинган.

Ҳужжатнинг 10- пунктида аҳолини пахтага жалб қилишда имом-хатиблар тарғиботидан фойдаланиш кўзда тутилган.

Вилоят ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими, вилоятда пахта масаласида фавқуллода ҳолат ўрнатилганини Озодликка тасдиқлади:

“Ҳокимимиз пахтани қисқа муддатда териб олиш тадбирлари ҳақида топшириқлар берди. Энди, кўпчиликка келган тўй, ҳаммамиз ҳашар қилиб, ўз ихтиёримиз билан деҳқонга ёрдам берсак, нимаси ёмон?!”, - деди мулозим.

Қаттиқўл раҳбар

Каримов ўлганидан сўнг, жорий йилнинг февралида Тошкент вилоятининг Бекобод тумани раҳбарлигига олиб келинган Туробжон Жўраев, 13 июнь куни Самарқанд вилояти ҳокими этиб тайинланган эди.

Аввал Сурхондарё ва Қашқадарё вилояти ҳокими бўлиб ишлаган Туробжон Жўраев президент Каримовнинг қаттиқ танқидидан сўнг 2013 йилда ишдан бўшатилган эди.

Туроб Жўраев Қашқадарё вилоят ҳокими бўлиб ишлаганда ҳам айни шу услубдаги "қаттиққўллик" фаолиятини давом эттиргани айтилади.

XS
SM
MD
LG