Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:36

Ҳукумат ваъдасига қарамасдан талабалар пахтага сафарбар қилинмоқда


11 сентябрдан бошлаб Ўзбекистоннинг айрим олийгоҳлари талабаларни пахта теримига жўнатишни бошлади. Ҳукуматнинг жорий йилда пахта терими мажбурий бўлмаслиги ҳақидаги ваъдасига қарамасдан, деярли барча олийгоҳлар талабаларига 15 сентябрдан оммавий сафарбарлик бошланиши айтилган.

Андижон Давлат университети талабалари 11 сентябрь куни Улуғнор туманига пахта теримига жўнатилди.

Университет раҳбариятидан олинган маълумотга кўра, талабалар 12 сентябрдан бошлаб далага чиқарилади:

“Бугун эрталаб ҳамма талабаларни Улуғнорга жўнатдик. Сопровождение билан кетишди. Милиция боргунча талабалар чиққан автобусларни кузатиб боради. Бугун талабалар бориб жойлашади ва эртадан бошлаб пахта теришни бошлайди”, деди университет раҳбарларидан бири.

Андижон Давлат тиббиёт институти талабалари ҳам 12 сентябрь куни Улуғнор туманига жўнатилади.

“Эртага эрталаб соат 6да пахтага ўзимизнинг янги бино олдидан, бош ўқув биносидан кетилади. Улуғнорга боришади. Талабалар отрядларга бўлинган ҳолда Мингбулоқ, Дўстлик ҳудудларига боришади. 6 курс талабалари эса ўқишларини давом эттиради”, деди институт ходимаси.

Андижон тиббиёт институти биносига ёпиштирилган эълон
Андижон тиббиёт институти биносига ёпиштирилган эълон

Андижон машинасозлик институтининг 1500 талабаси эса 12 сентябрь куни Бўз туманига жўнатилишини билдирди олийгоҳ раҳбарлари.

Институт талабаларидан бирининг айтишича, уларга пахта теримига чиқиш мажбурий экани, пахтага бормаган талаба ўқишдан ҳайдалиши мумкинлиги айтилиб, таҳдид қилинган:

“Домламиз пахтага бормасанг, ўқишдан кетасан ёки сессиядан ўта олмайсан, деган гапни гапирди” дейди исмини очиқламасни сўраган талаба йигит.

Тошкент Аграр университетининг Нукус филиалидан олинган маълумотга кўра, талабалар пахтага кетишга тайёрланиши учун уларга икки кунлик дам олиш берилган ва улар 13 сентябрдан бошлаб, Чимбой туманига жўнатилади.

Озодлик суҳбатлашган бошқа вилоятлардаги олийгоҳлар ходимлари талабалар пахтага кетишга тайёр бўлиб туриши ва 2-3 кун ичида сафарбарлик бошланиши ҳақида огоҳлантирилганини айтишди.

Пойтахт олийгоҳлари талабалари ҳам ҳар эҳтимолга қарши тайёр бўлиб туриш ҳақида огоҳлантирилган.

Жумладан, Тошкент автомобил йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институтидан олинган маълумотга кўра, пахтага сафарбарлик 15 сентябрдан бошланиши мумкинлиги эълон қилинган:

“Пахтага 15 сентябрдан дейишди. Лекин ҳали куни аниқ эмас. Талабалар кўрпа-тўшагини тайёр қилиши керак шунгача. Ҳозирча ўқиш бўлаяпти. Лекин ҳамма тайёр турибди”, деди институт ходими.

Жорий йилда Ўзбекистон ҳукумати пахта теримида мажбурий меҳнат тақиқланиши тўғрисида огоҳлантирган.

Халқаро пресс клуб ўтказган йиғилишларда турли вилоятлар ҳокимлари бу йил пахта теримига ҳеч ким мажбуран жалб қилинмаслигига ваъда берган.

Бухоро муҳандислик технологиялари университетига жорий йилда ўқишга кирган талабаларидан бирининг яқини ҳукуматнинг ўз ваъдасида турмаганидан норози бўлганини айтади:

“Ўқиш бошлаганига 10 кун ҳам бўлмай туриб, пахта теримига бадарға қилишди. Нима 1 август куни абитуриентларни олийгоҳда ўқиш учун эмас, далада пахта териш учун имтиҳондан ўтказишдими? Ахир янги ўқиш йилидан бошлаб талабалар пахта теримига боришмайди, деб ваъда беришмаганмиди?” деди бухоролик шахс.

Ўзбекистонда пахта теримида мажбурий меҳнатдан фойдаланилаётгани тўғрисида кўп йиллардан бери халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқ фаоллари хабар бериб келади. Бунинг ортидан дунёнинг 150 дан ортиқ йирик ширкати ўзбек пахтаси ва ундан тайёрланган маҳсулотларга байкот эълон қилган эди.

XS
SM
MD
LG