Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:52

PORTAL: Виртуал қабулхонага қандай мурожаат қилиш мумкин?


Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 24 сентябрь куни ҳукумат расмий порталида виртуал қабулхона очиб, унга қўрқмасдан шикоят ва аризаларини йўллашни таклиф қилди. Расмий статистикага кўра¸ Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига дастлабки 4 ой давомида 409 минг шикоят келиб тушган ва уларнинг 334 мингдан зиёди кўриб чиқилган.

Озодликда янги очилган PORTAL рукни орқали президент виртуал қабулхонасига йўлланган шикоят ва аризалар тақдирини биргаликда ўрганамиз. Бунинг учун сиз президент порталига йўллаган шикоятингиз нусхасини Озодликка йўллашингиз керак бўлади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига 3 хил усулда мурожаат қилиш мумкин:

1) Қўнғироқ қилиш

Ариза, таклиф ва шикоятларни (0 800) 210-0000 ёки "1000" қисқа рақамларига қўнғироқ қилган ҳолда юбориш мумкин.

Қўнғироқ мамлакат бўйича бепул бўлиб, ундан фақатгина стационар телефонга қўнғироқ қилиш нархи бўйича ҳақ олинади.

2) Мурожаат йўллаш

Президент Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси манзили- pm.gov.uz га Интернет орқали кириб, онлайн равишда мурожаат қилиш мумкин.

Исм-шариф, ўзингиз ҳақингиздаги қисқа маълумот, манзил, телефон рақами, электрон почта ҳақидаги маълумотларни ёзиб, ўз мурожаатингизни ёзишингиз мумкин.

Агар мурожаатингиз сир сақланишини истасангиз виртуал қабулхона махфийликни ваъда қилади.

3) Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхоналарига ташриф буюриш орқали

Мамлакатнинг барча вилоят ва туман ҳокимликларида Халқ қабулхоналари ташкил қилинган. Сиз ўзингиз яшаётган ҳудуддаги ҳокимликка шахсан бориб, ўз шикоятингизни етказишингиз мумкин.

Мурожаатни икки тилда ўзбек ёки рус тилида юбориш мумкин. Бунинг учун pm.gov.uz сайтида ушбу икки тилга мўлжалланган алоҳида саҳифалар мавжуд. Сиз ўзингизга маъқул тилни танлаш белгиси орқали ўша саҳифага ўтасиз.

Муҳим эслатма: Президент Мирзиёев порталига йўлламоқчи бўлган шикоятингиз нусхасини Озодликка ҳам йўллашни унитманг! Аризангиз тақдирини биргаликда кузатамиз!

XS
SM
MD
LG