Келаси 2022 йилдан Қорақалпоғистонда 1-4 бошланғич синф ўқувчилари учун бепул тушлик бериш йўлга қўйилади. Бу ҳақда сайловолди ташвиқоти давомида гапирган амалдаги президент Шавкат Мирзиёев бепул тушликлар Хоразм мактабларида ҳам жорий этилишини айтди. 24 октябрдаги сайловларда ЎзЛиДеП дан президентликка номзоди Шавкат Мирзиёев ҳозирча бошқа вилоятларга бундай ваъда берганича йўқ.
Мактабларда бепул нонушталар жорий этилиши тўғрисида ХДПнинг президентликка номзоди Мақсуда Ворисова ҳам ўз сайловчилари билан учрашувда гапирди.
Номзодлар мактабларга бепул тушлик ваъда қилди
20 сентябрдан Ўзбекистонда президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқотига старт берилди.
Бир кун ўтиб, амалдаги президент Шавкат Мирзиёев сайловчилар билан учрашиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига сафар қилди.
ЎзЛиДеП номзоди қорақалпоғистонликлар билан учрашув давомида жумладан мактабда болаларни овқатлантириш масаласини кўтариб, 1-4 бошланғич синф ўқувчилари учун бепул тушлик бериш йўлга қўйилишини айтди.
Номзод бу амалиётни ҳаётга татбиқ этиш учун бюджетдан йилига 100 миллиард сўм ажратилишини маълум қилди.
“Буни назорат қилинглар, коррупция бўлмасин. Бошқа ҳеч бир ҳудудда бундай бўлмаган. Буни ўзим ўйлаб ёздим. Болажонларимнинг кўпининг онаси касал”, – деди Мирзиёев.
Шунингдек, президент келгуси беш йилда Қорақалпоғистонда мактабгача таълим билан қамров даражаси 71 фоиздан 87 фоизга етказилиши, бунинг учун янги 40 та давлат ва хусусий, 525 та оилавий боғчалар ташкил этилиши, 73 та давлат боғчаси реконструкция қилиниши ва яна 40 минг болага боғчага бориш имконияти яратилиши айтди.
Мирзиёев эълон қилган 5 йиллик Дастурга кўра, қўшни Хоразмни ривожлантиришга 30 триллион сўм маблағ йўналтирилади.
Урганчлик сайловчилар олдида қилган чиқишида ЎзЛиДеП вакили Хоразмда ҳам келгуси ўқув йилидан бошланғич 1-4 cинф ўқувчиларига бепул тушлик бериш жорий этилишини билдирди.
Амалдаги президентга кўра, келгуси беш йилда 17 та янги мактаб қурилади, 248 таси реконструкция қилинади ва капитал таъмирдан чиқарилади.
Мактабларда бепул нонушта бошқа партиялар дастурига ҳам киритилди
Айни дамда бошқа партия номзодлари ҳам болаларни мактабларда бепул овқат билан таъминлаш масаласини ўз сайловолди дастурига киритганини кўриш мумкин.
Хусусан, Халқ демократик партиясидан президентликка номзод Мақсуда Ворисова 22 сентябрь куни сирдарёлик сайловчилар билан учрашувда бошланғич синф ўқувчилари учун бепул нонушталар ташкил этилишини таъкидлади. Ворисова хоним бепул нонуштадан ташқари, биринчи синфга ўқувчиларни олти ярим ёшдан қабул қилиш ҳамда мактаб ўқувчилари учун жамоат транспортларидан фойдаланиш бепул асосда йўлга қўйилишини ваъда берди.
Ўзбекистонда 1991-94 йилларда марҳум президент Ислом Каримовнинг биринчи президентлик даврида мактабларда бешинчи синфгача ўқувчиларга бепул нонушта берилган, олийгоҳ талабалари ошхоналарида талонлар асосида овқатланиш тизими жорий қилинган эди.
Бироқ расман очиқланмаган сабабларга кўра кейинроқ бепул ва субсидияланган овқат бекор қилинди ва бу масала умуман кун тартибидан тушиб қолди.
Бундан икки йил олдин Ўзбекистон Халқ демократик партияси бошланғич синф ўқувчилари учун бепул нонушта ташкил этиш ташаббусини кўтариб чиққан эди.
Совет даврида қолиб кетган буфет
Бепул нонушта Ўзбекистоннинг бошқа минтақаларидаги мактабларда ҳам жорий қилинадими, йўқми - ҳозирча номаълум.
Бу масалада Озодликка ўз фикрини билдирган Сирдарё вилоятида яшовчи тўрт фарзанднинг отаси Иброҳим сайловолди ваъдаларига ишонмай қўйганини айтади.
- Болаларим катталари 4 ва 5 синфларга боради. Энди мустақиллик кириб келган вақтларда овқат берарди. Ундай кейин йўқолиб кетди негадир. 4-5 йил олдин катта ўғлим мактабга бораётганда, ота-оналар пулига овқатланишни ташкил қилганди, лекин у ҳам йўқ бўлди. Бу ҳақда кўп гапиришади, кўп ҳаракат қилишади, лекин натижаси йўқ. Шуни айтди – демак шундай бўларкан, деган гапга ишонмай қўйганман: фермерлар билан тадбиркорларга қанча ваъдалар берилдию, таги билан қуритворишдику кўпини! Илгари буфет бўларди мактабимизда. Очилсин бизда ҳам ошхоналар! -деди Иброҳим.
Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги мактаблардан бирининг исмини очиқламасликни сўраган директори, ҳеч бўлмаганда бошланғич синфларга бораётган болаларга бепул овқат ташкил қилинишига умид билдирди:
- Буфет деган нарса бизнинг болалигимиз пайтида бўларди. Нима учун Мустақиллик даврида биз болаларимизнинг қорнини тўйдира олмаяпмиз – бу саволга жавоб йўқ. Кеча президент 1-4 синфларни овқатлантиришни ваъда қилди – бизда ҳам жорий қилинишига ишониб қоламиз. Бизда, масалан, биринчи смена тугаши билан болалар уйга бориб овқатланиб келади. Кейин қўшимча дарсларини ўтади. Эски мактабимизда овқатланиш хоналари бор эди – янгисида ошхонамиз йўқ. Қўшработ туманида 90 та мактаб бўлса, 5 ёки 6 тасида буфет ишлайди.
"Бепул нонушта ўрнига пул беринг"
Болалар нонуштаси бирданига икки номзоднинг президентлик сайловолди дастури марказий мавзусига айланганига иқтисодчи блогер Отабек Бакиров эътибор қаратди.
У бепул нонушта айрим маъмурларнинг қўшимча даромад манбаига айланиб қолишидан хавотир билдиради:
“...бепул нонушта маъмурчилиги ўта қиммат, самараси эса ўта саволли харажат бўлади. Ўта муваффақиятли кечган тарзда ҳам ҳокимларнинг чўнтаги бўлган фирмаларнинг бюджет эмадиган қўшимча даромад воситасига айланади. Шундай экан, агар болаларимизнинг рациони бизни ўйлантираетган бўлса, кам таъминланганлар ва болалар пули суммасини кўпайтириш самаралироқ кўринади. Маъмурчилик рисклари ҳам каррасига кам”, деб ёзди иқтисодий таҳлилчи ўзининг Bakiroo Телеграм-каналида.
Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигига кўра, 2020-2021 ўқув йилида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 10 181 та таълим муассасалари фаолият олиб борган.
Умумтаълим мактабларининг қарийб 6 288 таси қишлоқ жойларида, 3 893 таси эса шаҳарларда фаолият юритиб келади.