Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:57

АҚШда полиция зўравонлиги ва ирқий тенгсизликка қарши намойишлар давом этмоқда


Вашингтондаги тинч намойишлар, 4 июнь, 2020
Вашингтондаги тинч намойишлар, 4 июнь, 2020

АҚШда 12 кундирки, полициячиларнинг зўравонлиги ва ирқий тенгсизликка қарши норозилар намойиши давом этмоқда.

Шу йилнинг 25 май куни Миннеаполис шаҳрида, камида 20 киши гувоҳлигида, оқ танли полициячилар 46 ёшли афроамерикалик Жорж Флойдни ўлимига сабаб бўлди.

6 июнь куни бу ҳодисадан норози минглаб одам иштирок этган намойиш, ҳодиса содир бўлганидан буён кузатилган энг йирик акция бўлди.

Вашингтон кўчаларига минглаб одам чиқди. Кўплаб намойишчи Капитолий ҳамда Оқ уй яқинида тўпланди.

Вашингтон бўйлаб бетон тўсиқларни ўрнатилди, парклар ёпилди. Ҳарбийлар ва ҳарбий машиналар, полициячилар шаҳарнинг марказий кўчаларидан бир нечасини ёпиб қўйди.

Шаҳар мэри Мюриел Боузер Оқ уй олдида намойишчилар томонидан олқишлар билан кутиб олинди. Бир кун олдин у намойишчиларнинг тўпланиш нуқтасига айланган жойни Black Lives Matter Plaza – «Қора танлиларнинг ҳаёти ҳам муҳим» акцияси шарафига номланган Плаза, деб атаган эди.

Шунингдек, Нью-Йорк, Филадельфия, Сиэтл, Чикаго ва Лос-Анжелесда ҳам йирик акциялар бўлиб ўтди. Кичикроқ шаҳарларда ва қишлоқларда ҳам одамлар норозилик акцияларига чиқди.

АҚШ бўйлаб давом этаётган акциялар Дональд Трамп президент этиб сайланганидан бери содир бўлган энг йирик намойишлардир. Норозилик намойишлари Трамп маъмурияти коронавирус пандемияси оқибатлари, хусусан, пандемия келтириб чиқарган иқтисодий бўҳрон оқибатларини юмшатиш учун зўр бериб уринаётган бир пайтда бошланиб кетди.

Келаётган ноябрь ойида Трамп президентлик сайловида қатнашади. Мамлакат бўйлаб ўтказилган сўровлар Трамп ўз рақиби, Демократик партия номзоди Жо Байдендан орқада қолаётганини кўрсатмоқда.

Айрим акциялар давомида маҳаллий дўконлар талон-торож қилинди, натижада баъзи штатлар Миллий гвардияни сафарбар қилишга мажбур бўлди. Аммо кейинги кунлардаги намойишлар, умуман олганда, тинч ўтмоқда. 6 июнь куни айрим шаҳарларда кичик тўқнашув ва зўравонликлар содир бўлди.

Шимолий Каролина штатида юзлаб одам Флойд улғайган уй яқинида уни хотирлаш учун тўпланди. Флойд 8 май куни Хьюстон шаҳрида дафн этилади.

25 май куни Миннесота штатидаги Миннеаполис шаҳрида оқ танли полиция ходими Дерек Шовин қора танли Флойдни кишанлаб, тиззаси билан бўйнини қарийб тўққиз дақиқа босиб туриши ортидан ҳалок бўлди. 20 долларлик сохта пулни ишлатишга уринишда гумон қилиниб, полициячилар томонидан таъқиб қилинган Флойд полициячи Шовинга бир неча марта нафас олишга қийналаётганини айтиб, фарёд қилгани акс этган видео тармоқларда тарқалди.

Миннесота прокурори Флойд ўлимига сабабчи бўлган Шовин ҳамда унинг ёнида турган уч полициячига қотиллик ва яна бир неча жиноятлар билан боғлиқ айбловни эълон қилган.

Конгресснинг ҳар икки палатасида демократлар полиция тренингларини яхшилаш ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятида шаффофликни таъминлашни кўзловчи қонун лойиҳасини тайёрламоқда.

Флойднинг ўлими ортидан бошқа давлатларда ҳам норозилик акциялари бўлиб ўтди. Хусусан, Берлин, Париж, Лондон ва бошқа кўплаб шаҳарда минглаб одам намойишга чиқди. Лондонда намойишчилар бош вазир Борис Жонсон офиси яқинида полиция билан тўқнашди.

Берлинда ҳам расмийлар 100 нафар намойишчи қўлга олинганини хабар қилди.

Австралияда ҳам минглаб одам ҳукуматнинг коронавирус ҳақидаги огоҳлантиришларига қарамай, норозилик акциясига чиқди.

5 июнь куни Оқ уйда туриб сўзлаган Трамп талон-торож ва зўравонликлар олдини олиш учун расмийларни намойишларни бостиришга чорлади.

Трамп намойишчиларни тарқатиш ва тартиб ўрнатиш учун армия кучидан фойдаланишни ҳам талаб қилиб келмоқда.

Сўзлаган нутқи давомида Трамп полициянинг зўравонлигини қоралади ва полиция барча америкаликка уларнинг ирқи, жинси ёки эътиқодидан қатъи назар бир хил муносабатда бўлиши кераклигини таъкидлади.

АҚШнинг технологиялар, банк, мода ва шоу-бизнес соҳасида ишловчи ширкатлари афроамерикаликларга нисбатан полициячиларнинг ноинсоний муносабатига қарши намойишга чиққанларни қўллаб-қувватловчи баёнотни эълон қилган.

Жумладан, Netflix твиттер саҳифасида ширкатда ишловчи афроамерикаликлар олдида муносабат билдиришга масъул эканини билдирган ҳолда, “Жим туришлик жиноятга шериклик билан баробар”, деб баёнот берди.

Google бош саҳифасида ирқий тенглик учун курашаётган барча одамлар қўллаб-қувватланиши тўғрисидаги ёзув пайдо бўлди.

Twitter ўзининг расмий аккаунтида #BlackLivesMatter – "Қора танлиларнинг ҳаёти ҳам муҳим” хештегини жорий этди.

Citibankнинг молиявий директори, афроамерикалик Марк Мэйсон ўз блогида “Ирқчилик бизнинг мамлакатимиздаги энг оғриқли ва хунук кўриниш бўлиб қолмоқда”, деб ёзди.

Nike твиттерда “Ирқчиликка эътиборсиз бўлманг. Бегуноҳ одамларнинг ҳаётига тажовуз қилинишига қараб турманг” деган видеороликни эълон қилди. Nike рақобатчиси бўлган Adidas эса бу твитни репост қилди.

Алоқадор мақолалар:

Алоқадор

XS
SM
MD
LG