Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:27

АҚШда зўравонликка айланган намойишларни бостириш учун 75 йилда биринчи марта Миллий Гвардия жалб қилинди (ВИДЕО)


Якшанба, 31 майга ўтар кечаси АҚШдаги норозилик намойишлари тартибсизликларга айланиб кетгани ортидан бир қатор шаҳарларда комендантлик соати жорий этилди.

Намойишлар Миннеаполис шаҳрида​ оқ танли полициячи афроамерикаликни бўғиб, унинг ўлимига сабаб бўлгани ортидан бошланиб кетган эди.

Бу намойишлар ортидан тартибсизликлар ва зўравонликлар содир этилди. Иккинчи жаҳон урушидан бери биринчи марта Миллий Гвардия намойишларни бостириш учун жалб қилинди.

Бош прокурор Билл Бар бу воқеаларни "ички терроризм" сифатида баҳолади.

Намойишлар Миннеаполис шаҳрида оқ танли полициячи камида 20 киши гувоҳлигида афроамерикалик Жорж Флойни бўғиб қўйгани ортидан бошланиб кетди. Тинч намойишлардан ташқари, айрим норозилар биноларга ва автомобилларга ўт қўйди, полицияга қаршилик кўрсатди ва дўконларни талон қилди.

Сўнгги хабарларда айтилишича, намойишлар АҚШнинг камида 75 шаҳрида бўлиб ўтди. Айрим штатлар тартибсизликларга айланиб кетган намойишларни тарқатиш учун Миллий Гвардияга мурожаат қилди.

Миннеаполис, Атланта, Лос-Анжелес, Сиэтл, Чикаго, Филадельфия, Питтсбург, Денвер, Майами ва бошқа шаҳарларда Иккинчи жаҳон урушидан бери биринчи марта Миллий Гвардия намойишларни бостириш учун жалб қилинди.

Миллий Гвардия беш минг аскар ва учувчи 24 штатда тартиб ўрнатишга киришгани ҳақида билдирди. Камида 40 шаҳарда, жумладан, Лос-Анжелес, Чикаго ва Детройтда комендантлик соати муддати узайтирилди.

Нью-Йорк, Вашингтон, Атланта, Чикаго ва Лос-Анжелесда энг йирик намойишлар бўлиб ўтди.

Беш кун давом этган намойишлар ортидан 30 май куни АҚШнинг 20дан ортиқ йирик шаҳарларда комендантлик соати жорий этилган эди.

46 ёшли афроамерикалик Жорж Флойни оқ танли полициячи Дерек Шовин қалбаки доллардан фойдаланганликда гумонлаб қўлга олган эди. Қўлга олиш жараёнида у Жорж Флойни ерга йиқитиб, қўлига кишан урган ва тиззаси билан унинг томоғини босиб турган.

Жорж Флой полициячига бир неча маротаба “Мен нафас ололмаяпман”, деб айтган. Бу воқеага гувоҳ бўлган 20дан ортиқ киши полициячини тартибга чақирмоқчи бўлган. Аммо уларга бошқа полициячилар тўсқинлик қилган.

Жорж Флойд Миннеаполис касалхонасида 25 май куни вафот этди. Полициячи Дерек Шовин “қасд қилмасдан одам ўлдиришлик” айблови билан ҳибсга олинди.

Сўнгги маълумотларда айтилишича, АҚШнинг 22 шаҳрида норозилик намойишларида тартибни бузган 1669 одам ҳибсга олинди.

АҚШ президенти Дональд Трамп норозилик намойишлари пайтида тартибсизликларни содир этганларга нисбатан жиддий жазо чоралари қўлланиши ҳақида аҳолини огоҳлантирди.

Трамп Твиттер саҳифасида намойишларни уюштиришда гумонланаётган “Антифа” антифашист ташкилотини террорчи гуруҳлар рўйхатига киритиш ниятида эканини билдирди.

Бош прокурор Билл Барр “Антифа” ва бошқа шу каби гуруҳлар томонидан “уюштирилган ва амалга оширилган зўравонлик ички терроризм ҳисобланади ҳамда тегишли даражада кўриб чиқилади”, деб билдирди.

Трамп 30 май куни Жорж Флойднинг ўлимини мамлакатни ғазабга келтирган ва мусибатга туширган “жиддий фожиа”, деб атаган эди. Трамп норозилик намойишлари “оломоннинг зўравонлигига” айланиб кетишига йўл қўйилмаслигини айтган.

XS
SM
MD
LG