Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:13

"Асосан биринчи хотинлар мурожаат қилишади". Қирғизистонда қўшхотинлик


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Қирғизистонда қонун тўғридан-тўғри тақиқлашига қарамай, кўп хотинли никоҳлар сони ортиб бормоқда.

"Озодлик" радиоси қирғиз хизмати журналистлари аниқлашича, "оила қуришнинг исломий тамойиллари" ниқоби остида ишлайдиган махфий никоҳ агентликлари бу борада кўп хотинли эркакларга ёрдам бермоқда. Улар эркакларга иккинчи хотин топишни, аёлларга эса иккинчи ёки учинчи хотин бўлиб турмушга чиқишда кўмаклашишни ваъда қилишади.

"Иккинчи хотин бўлишга розиман", "Яширин никоҳ учун эркак излаяпман", "Хотиним бор, лекин Аллоҳнинг розилиги учун яна бир марта уйланишга тайёрман" каби эълонлар энди ижтимоий тармоқларнинг қирғиз сегментида тез-тез учрамоқда. "Ислом тамойиллари бўйича оила қуриш" хизматларини таклиф қилувчи никоҳ агентликларининг рекламалари ҳам кўпайиб бормоқда.

Қўшхотинлик ҳақида Тошкент ва Ўшдан қўш фикр
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:05 0:00

Шундай агентликлардан бири "Ал-Ҳаёт"дир. Унинг Instagram саҳифасида бўлажак эр-хотинларнинг учрашувларидан олинган суратлар, шунингдек, мижозлар анкеталарни тўлдираётгани акс этган видеолар жойлаштирилган. У ерда бошқа саволлар қаторида ушбу агентлик учун муҳим ва ҳал қилувчи савол ҳам бор: "Кўп хотинлилик ҳақида фикрингиз қандай?"

Агентлик фаолиятини тарғиб қилишда турли маҳаллий машҳурлар, жумладан, қўшиқчи Анжелика ҳам ёрдам берган. "Биринчи учрашув бўлади, иккинчиси бўладими – бу энди ўзингизга боғлиқ," деб таъкидлаган у.

Фикр-мулоҳазаларга қараганда, бундай агентликлар хизматларидан фойдаланишни хоҳловчилар кўп. Улар орасида Майрам (исми ўзгартирилган) ҳам бор эди. У бир неча йил олдин агентлик орқали иккинчи хотин бўлиб турмушга чиққан. Айтишича, уйланган эркак билан атиги уч марта учрашгандан сўнг шундай қарорга келган.

"nikah.kg деган сайт бор эди. Мен у ерда бир ярим йил давомида эр изладим. Муваффақиятсиз уринишлардан сўнг у ердан чиқиб кетмоқчи эдим, лекин охир-оқибат бўлажак турмуш ўртоғим билан танишдим, – дейди Майрам. – Бунгача уч марта учрашгандик. У биринчи хотини касал бўлиб, у билан яқинлик қила олмаслигини айтди. Шунинг учун рози бўлдим."

Оқибатда, Майрам турмушга чиққан эркак уни нафақат биринчи хотинидан, балки бошқа кўплаб қариндошларидан ҳам яширди. Аёл Даун синдроми билан оғриган ўғил фарзанд дунёга келтирганда, ҳамма нарса ўзгарди.

"У боланинг ўзига хос хусусиятлар билан туғилганини билиши биланоқ, бизга бўлган муносабати бутунлай ўзгарди. Ўшанда биз касалхонада ётган эдик. У бир марта ҳам бизни кўргани келмади, ҳатто қўнғироқ ҳам қилмади, – дейди Майрам. – Мен ўзим алоқага чиқмоқчи бўлдим, лекин у ғойиб бўлди. Кейин ажрашдик."

Аёл ва унинг фарзанди энди ҳеч қандай ҳуқуққа эга эмас: на собиқ эрининг мол-мулкининг бир қисмига, на ўғли учун алиментга. Уларнинг никоҳи норасмий ҳисобланарди: чунки у ФҲДЁда эмас, балки диний никоҳ маросими орқали тузилган эди.

Шу билан бирга, Қирғизистон парламенти томонидан 8 йил олдин қабул қилинган қонунга кўра, агар никоҳланувчилар ўз никоҳини ФҲДЁда рўйхатдан ўтказмаган бўлса, имомларга никоҳ ўқиш тақиқланади. Аммо масжидларда бу тақиққа камдан-кам ҳолларда амал қилинади ва буни ҳатто яширишмайди ҳам.

"Агар эркак, айтайлик, ажрашган, аёл эса, масалан, бева бўлса, биз улар учун никоҳ ўқиймиз. Агар, масалан, эркакнинг хотини бўлса ва у хотинининг рухсатисиз иккинчи хотин олмоқчи бўлса, биз барибир маросимни ўтказамиз, – дейди Бишкекдаги "7 апрель" масжиди бош имомининг ўринбосари Тоштемир Эшматов. – Лекин, албатта, хотинидан рухсат олинса, яхшироқ бўларди."

Ҳуқуқ ҳимоячилари кўп хотинли оилалар тузоғига тушиб қолган қирғизистонлик аёлларнинг мурожаатлари кўпайганини таъкидлашмоқда.

"Бизга асосан биринчи хотинлар мурожаат қилишади. Иккинчилари ҳам, лекин биринчилари кўпроқ, – дейди Бишкекдаги "Сезим" инқироз маркази раҳбари Бубусара Рисқулова. – Ҳар бирининг ўз тарихи бор. Масалан, эри билан биргаликда бизнеси бўлса-да, фарзанд кўра олмаган аёл бор. Эри ажрашмоқчи эди-ю, лекин мол-мулкининг бир қисмини унга беришдан қўрқарди. Шунинг учун у хотинининг розилиги билан иккинчи хотин олди. У уч фарзанд туғди, кейин уни ҳайдаб юборишди, болаларини эса бермаяптилар."

Ҳуқуқшунослар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг фикрича, Қирғизистондаги кўпхотинлилик муаммоси бу соҳадаги қонунчиликдаги камчиликлар туфайли янада кучаймоқда. Жиноят кодексига кўра, иккихотинлилик ёки кўпхотинлилик – бу эркакнинг умумий рўзғорни юритадиган икки ёки ундан ортиқ аёл билан бирга яшашидир. Аммо ҳуқуқшуносларнинг таъкидлашича, кўп ҳолларда эркаклар ўз хотинлари билан турли уйларда яшайди ва уларнинг қонунни бузганлигини исботлашнинг иложи йўқ.

Форум

XS
SM
MD
LG