Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 11:09

Ўзбекистонда кўпхотинлилик тарғиботи учун жавобгарлик белгиланмоқда


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

5 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қуйи палатаси депутатлари Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга оид қонунни кўриб чиқди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, эндиликда миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб бир тоифа фуқароларнинг бошқа тоифа фуқаролардан устунлигини ёки нуқсонли эканлигини тарғиб қилганлик, никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.

Шу пайтга қадар умумхалқ муҳокамасига чиқарилмаган, бироқ айрим ижтимоий тармоқ фаоллари томонидан илгари сурилган мазкур қонун лойиҳасида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилганлик, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳаси жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган фуқаролар учун ҳам маъмурий жавобгарликни қамраб олади. Жавобгарликни истисно қилувчи ҳолат сифатида эса тиббий кўрсатма ёки хизмат фаолияти асос қилиб олиниши мумкин.

Қонун лойиҳаси тасдиқ учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати муҳокамасига юборилган.

Тармоқлар муҳокамаси

Бир муддат аввал ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида қўшхотинлик масаласи фаоллар муҳокамаси нишонига айланган. Тарафларнинг катта қисми мамлакатда авж олаётган кўп хотинлилик ва унинг тарғиботига нисбатан кескин чоралар қўллаш чақириғи билан чиқишган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова “биз дунёвий давлат сифатида моногамияни ижтимоий норма деб қабул қилганмиз, кўп хотинлиликни жиноят деб Жиноят кодексида белгилаб қўйганмиз. Лекин ҳозир бўлаётган агрессив медиатарғиботга негадир ҳеч ким, айниқса, масъуллар индамаяпти. Телевизорнинг қайси каналига олсанг, қўшхотинлик ҳақида сериал. Инстаграм, YouTube ҳам тўлган шу мавзуга. Миллион аудиторияга эга блогерлар омма олдида эрига иккинчи хотин совға қиляпти” деб ёзади.

Соатовага кўра, бу ҳаётий ҳолат эмас, "жиноятга тарғибот, бунга чек қўйиш керак".

"Кўпхотинлиликнинг асосий хавфларидан бири бу жамиятнинг ахлоқий негизларини емириши ҳисобланади. Ушбу жиноят оилага қарши жиноят жумласига киради. Шу боис уни тарғиб қилганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланиши керак.

Қонунга қарши тарғибот қилаётганларга чора кўришмайдими? Конституциямизда дунёвий давлат деб ёзиб қўйилган-ку. Нимага конституцияда белгиланган тузум ва йўналишга қарши борувчи тарғиботга чора кўрилмайди?", дея савол берди Соатова.

Озодлик билан исми сир қолишини сўраб гаплашган диний блогерлардан бирига кўра, парламент томонидан қабул қилинаётган қонун лойиҳаси мамлакатда ижтимоий таранглик ва қонунсизликни кучайтиради. Қабул қилинаётган янги қонун лойиҳасига кўра, шаръий никоҳда яшаётган эр ва хотин “бизнинг шаръий никоҳимиз йўқ, шунчаки бирга яшаяпмиз” дейишса, жавобгарликдан озод қилинади.

“Демак, бу қонунлар шаръан кўп хотинлиликка рухсат берилган ислом динига эътиқод қилувчиларни нишонга олишга қаратилган ҳаракатдир. Модомики, ҳукумат кўпхотинлиликнинг олдини олишга ҳаракат қиларкан, унинг қонунлари никоҳсиз яшаётган жуфтликларни ҳам таъқиб қилиши керак”, - дейди блогер.

Қонунларда зиддият бор

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташановга кўра, кўпхотинлиликка оид қонуний таъқибларнинг кучайтирилиши қонунларнинг ўзаро зиддиятини ҳам келтириб чиқариши мумкин.

Ташановнинг фикрича, Ўзбекистон Республикасининг Оила Кодексига кўра, мамлакатда шаръий никоҳ тан олинмайди.

"Демак, модда мазмунидан келиб чиқадики, шаръий никоҳнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳам мавжуд эмас. Бундай шаръий никоҳларни ўқиб келган шахслар шу пайтга қадар қонуний асосларсиз жазолаб келинди", - хулоса қилади Абдураҳмон Ташанов.

“Менга бир неча йил аввал Адлия вазирлигининг ходимлари чиқишиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди никоҳ ўқиган шахсларнинг ғайриқонуний равишда жазога тортилаётгани ҳақида қонун экспертизаси юборишмоқчи эканини айтишганди. Ҳақиқатан ҳам юзлаб одамлар ноқонуний жазоланишган, чунки шаръий никоҳни таъқиб қилишга оид ҳужжат йўқ эди. Лекин бугунги қонун лойиҳаси уларни жазолашга асос беради”, - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Жинсий тажовуз. Саида Мирзиёева аёлларга кўксини қалқон қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:41 0:00

Бироқ ҳуқуқ ҳимоячиси фикрича, эндиликда Кодексларни ўзаро мувофиқлаштириш керак бўлади. Оила Кодексида шаръий никоҳ тан олинмаса-ю, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексда у таъқиб қилинса, бу адолатдан бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 126-моддасида кўп хотинлилик учун жиноий жавобгарлик мавжуд бўлиб, бундай ҳуқуқбузарликни содир этган шахс 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Бу ўринда жиноий жавобгарликни кетириб чиқарадиган шарт хотинларнинг умумий рўзғор асосида яшашига асосланган.

Янги қонуний таъқибларга кўра, шахснинг жавобгарликка тортилиши учун шаръий никоҳда эр-хотин бўлиб яшашнинг ўзи етарлидир. Аммо улар шаръий никоҳда эмас, фуқаролик хоҳишларига қараб биргаликда яшаётган бўлишса, қонун уларни жавобгарликка тортишга йўл бермайди.

Ана шу ёндашувдан келиб чиқилса, ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, таъқиблар эътиқод эркинлигига қарши қаратилган ҳаракат сифатида ҳам баҳоланиши мумкин.

Форум

XS
SM
MD
LG