Линклар

Шошилинч хабар
22 феврал 2025, Тошкент вақти: 14:36

Қирғизистонда катта солиқ амнистияси: Кимнинг қарзларидан кечиляпти?


Қирғизистон парламенти. 2024 йил.
Қирғизистон парламенти. 2024 йил.

Қирғизистонда ҳукумат бутун мустақиллик давридаги энг йирик солиқ амнистияларидан бирини эълон қилди. Айтилишича, давлат солиқ тўловчиларнинг 2022 йилгача йиғилиб қолган қарзлари ҳамда транспорт солиғидан 2025 йилга қадар тўпланган барча қарзларидан кечади. Ўчирилган қарзлар суммаси 8,5 млрд сом (қарийб 100 млн доллар)ни ташкил қилмоқда. Олдинроқ Қирғизистон президенти Жапаров ҳам аҳолининг солиқ юкламасини камайтириш тўғрисида фармон имзолаган эди.

Хўш, ҳукумат нега солиқ қарзларидан кечиш ҳаракатига тушди, экспертлар бу ҳақда нима дейишади?

***

2024 йилнинг кузида аҳолига солиқдан енгиллик бериш хусусида ҳеч қандай гап йўқ эди: аксинча, ҳукумат янги солиқлар жорий этишни ўйлаб турганди. 2024 йилнинг декабрида ҳукумат ва солиқ хизмати раҳбарлари алмашди, энди бўлса 200 мингдан ортиқ субъект солиқ қарзларидан озод этилмоқда.

Ҳукумат маълум қилишича, жами 8,5 млрд сом қарз ўчирилади. Шунинг 300 млн соми – яқинда бекор қилинган транспорт солиғидан йиғилиб қолган қарздорлик. Қолгани эса 2022 йилгача тўланмаган бошқа солиқлар. Кечиладиган солиқ қарзи бошида 11 млрд сом деб кўрсатилганди, лекин кейин бу рақам ўзгарди.

Ҳукумат солиқ амнистияси қарорини 2-3 йилдан бери осилиб турган қарзлар барибир тўланмаслиги, уларни ундиришдан умид йўқлиги билан изоҳламоқда.

“11 млрд сом – бу ширкатларнинг солиқдан қарзлари бўлиб, улар эгалари қидирувга берилгани ёки банкрот бўлгани сабабли тўлай олмаган, – дея изоҳ берганди солиқ хизмати бошлиғи Алмамбет Шикмаматов. – Бу солиқлар тўланмаган бўлса-да, сунъий равишда статистикага қўшилган. Биз бу қарзлардан воз кечмоқчимиз. Воз кечмаганимизда ҳам улар барибир тўлашмайди”.

"Чeгараларимизни чизиқлар ажратса"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:30 0:00

Ширкат банкрот бўлганида ёки ёпилганида солиқдан қарздорлик пайдо бўлиши тез-тез учрайдиган ҳолат: фирмани тугатиш жараёни узоқ давом этиши мумкин, аммо солиқлар йиғилиб ётаверади.

Иқтисодчи Бакит Сатибеков ҳам ширкатларнинг қарзлари солиқ тўлаш тизими ноқулай бўлгани сабабли тўпланиб қолган бўлиши мумкинлигини айтади. Қирғизистон қонунчилиги бошқа мамлакатлардан кўчирилгани ва маҳаллий шароитга мосланмаганини экспертлар илгари бир неча марта таъкидлашган эди.

“Менинг назаримда муаммо – Қирғизистонда ҳозирда амал қилаётган солиққа тортиш тизимининг мураккаблигида, – тушунтиради Сатибеков. – Масалан, ўша транспорт солиғи бўйича аввал “расчёт”ларни топшириш, ундан кейин банкка бориб тўлаш керак. Солиқ тўлаш қанча мураккаб бўлса, одамлар уни кечиктиришга ёки тўлашдан бўйин товлашга шунчалик мойил бўлади”.

“Умуман олганда, мен солиқ маъмурчилигини соддалаштириш тарафдориман. Ўшанда бунақа қарздорлик ҳам бўлмайди, ҳеч кимнинг қарзини кечишга ҳам ҳожат қолмайди”, дейди Озодлик суҳбатдоши.

Иқтисодчи Жолдош Асибалиевга кўра, қарзлардан кечгани билан давлат барибир ютяпти. Мисол учун, транспорт солиғи бекор қилинди, лекин унинг ўрнига автомобил эгаларидан ҳар бир литр бензиндан бир сом солиқ ундирилади. Бу адолатдан бўлади, дейди эксперт, чунки янги схема бўйича фақат машина минадиганлар солиқ тўлайди, юриш-юрмаслигидан қатъи назар барча автомобил эгалари эмас. Солиқлар тўланиши ҳам кафолатли.

“Транспорт солиғи аввалбошдан жуда ғалати солиқ эди. Маъмурчилик механизми, яъни одамлар уни тўлаши учун нима қилиш кераклиги белгиланмаган эди, – дейди Жолдош Асибалиев. – Солиқни йиғишардию пул қаерга кетиши ҳам мавҳум қоларди. Ягона маъмурчилик усули бу рейдлар эди: бир ой рейд қилинар ва ўшанда тўлаган тўлаб қоларди. Шунинг учун бу солиқни бекор қилишди – ундириш қўлларидан келмади”.

Транспорт солиғидан ташқари, фермерлар қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланганлик учун мулк солиғидан 2035 йилгача озод бўлишди.

Шунингдек, ҳукумат бизнес учун профилактик текширувлар жорий этишни режаламоқда – қонунбузарликлар, хусусан солиқ қонунбузарликларини аниқлаш учун эмас, балки уларнинг олдини олиш мақсадида. Бизнес аҳли бу янгиликдан умуман олганда, мамнун. Фақат бир савол қоляпти: коррупцияда гумон қилинган тадбиркорлар ва сиёсатчилардан ғазнага катта пул ундириладиган “қустириш” тартиб-таомиллари шаффоф бўладими, йўқми?

“Сиз айтган “қустириш” жараёни қачонлардан бери давом этяпти. Аммо ким, нега ва қанча тўлагани бўйича аниқ ва мантиқий изоҳ ҳеч қачон берилмаган, – дейди Жолдош Асибалиев. – Масалан, собиқ бош вазир Жумалиев нима учун тўлади? Ширкатлари жуда кўп эдими? Бу ширкатлар нотўғри ишлаганми, солиқ тўламаганми ёки хусусийлаштириш нотўғри қилинганми? Буни билолмадик”.

Экспертлар янги солиқ амнистияси катта эҳтимол билан ҳукуматнинг имижини яхшилашини айтишмоқда, чунки кўплаб тадбиркорлар солиқ юкидан қутулишаётганига хурсанд. Мазкур вазиятда солиқларни ҳар доим вақтида тўлаб юрган фуқароларгина хафа бўлиши мумкин (ҳукумат буни ҳам тушунади) – қонунга итоаткор ва виждонли бўлишдан ҳеч қандай наф бўлмагани учун.

Форум

XS
SM
MD
LG