Қорақалпоғистонлик фаол Даулетмурат Тажимуратов 2022 йилда Нукусда содир бўлган воқеалар юзасидан 16 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда. Адвокатининг иддао қилишича, қамоқда маҳкум учун тоқат қилиб бўлмас шароитлар яратилган: у жисмоний зўравонлик ва бошқа қийноқларга дучор қилинмоқда.
Тажимуратов иши БМТнинг Махсус ишчи гуруҳи томонидан ўрганилди ва ушбу орган унинг ҳибсга олиниши, суд қилиниши ва қамоққа ҳукм этилишини ноқонуний деб баҳолади ва Тажимуратовни дарҳол озод қилишга чақирди. Бироқ фаолнинг яқинларига кўра, Тошкент на халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг талабларига, на яқинларининг илтимосларига қулоқ тутмоқда.
«Руҳан синдириш»
«Қамоқхона маъмурияти барча маҳкумларга «мен жазога лойиқман, энди жиноят қилмайман, ота-онамдан, колониядан, президентдан, маҳалламдан узр сўрайман» деган қасамёдни айттирмоқчи бўлади. Менинг ҳимояланувчим бу қасамёдни қилмайди. Чунки ички қоидалар ва норматив ҳужжатларга кўра, у бунга мажбур эмас. Ҳар қандай маҳкум ҳам мажбур эмас», – дейди адвокат Сергей Майоров.
Юрист ва журналист бўлган 46 ёшли Тажимуратов 2022 йилда Нукусдаги воқеаларда айбланиб 16 йилга қамалган. Ўшанда минглаб қорақалпоқлар шаҳарнинг марказий майдонига чиқиб, расмий Тошкентнинг Конституциявий референдум орқали Қорақалпоғистоннинг Ўзбекистон таркибидан чиқиш ҳуқуқини олиб ташлаш ниятига қарши чиқишганди. Тажимуратов ҳукумат кучлари томонидан бостирилган ушбу намойишларнинг етакчиларидан бири бўлга. Расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, 200 дан ортиқ киши яраланган.
Тажимуратов уч йилдан бери қамоқда. Адвокатига кўра, у қамоқхонада ёзилмаган «қоидалар»га бўйсунмагани учун турли қийноқларга, айниқса, жисмоний зўравонликка учрамоқда. «Уни шундай уришадики, танасида из қолмайди. Унинг яқинларига қўнғироқ қилиш ҳуқуқи бор. Лекин бу ҳуқуқни амалга ошириши учун турли тўсиқлар яратилади. Ариза ёзади, лекин уни жуда кеч кўриб чиқишади. Ниҳоят, рухсат берилишидан олдин, «фаоллар» ёки «лохмачлар» (қамоқхона маъмурияти буйруқларини бажарадиган маҳкумлар-таҳр.) уни калтаклашади. Шу ҳолатда у онаси билан гаплашиш ҳуқуқига эга бўлади. Албатта, у онасига: «Мен ҳозиргина калтакландим, шунга овозим паст», дея олмайди. Бунинг ҳаммаси унинг руҳини синдиришга қаратилган», – дейди Майоров.
Адвокат Тажимуратовни қандай шароитларда сақланаётганига жамоатчилик эътиборини жалб қилиш мақсадида оммавий баёнот ҳам берган.
Бундан ташқари, Майоровнинг айтишича, Тажимуратов бу йил март ойига тўғри келган муқаддас Рамазон ойида "оч қолдирилган".
«4 март куни уни 10 кунлик қамоқхона карцерига жойлаштиришган. 7 мартгача у овқат емаган — тўрт кун очлик қилган. У ҳам кўпгина мусулмонлар сингари Рамазонда рўза тутади. Лекин унга овқат — нонушта, тушлик ва кечки овқат — кундуз вақтида олиб келинарди. Соат 19:00 да эса қўриқчилар таомни қайтиб олиб кетишган. Колония ходимлари ва раҳбариятининг кўпчилиги мусулмонлар, вазиятни яхши билишади. Фақат бешинчи кундан бошлаб овқатни тунги вақтда қолдиришган. Бу ҳам қийноқнинг бир шакли», – дейди Майоров Озодлик радиосига.
Human Rights Watch ташкилоти Тажимуратовга нисбатан бўлаётган муносабатни «шавқатсиз муносабат» ва «халқаро ҳуқуқ томонидан қатъий тақиқланган» деб атади.
«Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича бир неча халқаро шартномалар иштирокчиси ҳисобланади. Улар орасида қийноқ ва бошқа шавқатсиз ёки шаънини камситувчи муомала ҳамда жазо турларига тақиқ мавжуд», – дейилади Human Rights Watch баёнотида.
2022 йил 7 ноябрида Human Rights Watch Ўзбекистон ҳукумати Нукусдаги норозилик акциялари чоғида ўқотар қурол қўллаганини даъво қилиб, очиқ текширув ўтказишга чақирганди.
Ташкилот воқеалар гувоҳлари томонидан 2022 йил 1 июлидан 1 августигача бўлган даврда ижтимоий тармоқларда ёйинланган 55 та видеороликни верификация қилиб, 31 та видеоёзув ва фотосуратда ўқотар қуролдан ўлганлар ёки ярадорлар акс этганини аниқлаган.
Ўзбекистон ҳукумати юз берган воқеалар сабабларини ўрганиш мақсадида парламент ҳузурида махсус комиссия тузган. Комиссия матбуот хизмати ўтган йил декабрида эълон қилган хабарига кўра, оммавий тартибсизликлар давомида 21 нафар фуқаро, шу жумладан, 2 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими вафот этган ва 413 нафари жароҳатланган (шундан 183 нафари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари).
Жиноят иши доирасида судгача қамоққа олинган жами 168 нафар шахснинг 107 нафари (икки нафар аёл) комиссия илтимосномасига кўра оиласига қайтарилган.
Маълум қилинишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан оммавий тартибсизликларни маъмурий бинолардан узоқлаштириш, тарқатиб юбориш, маъмурий бино ва стратегик объектларни эгаллашга уринишларни бартараф этиш мақсадида халқаро амалиётда қўлланадиган воситалардан (сув ва рангли суюқлик пурковчи техника, кўздан ёш оқизувчи махсус гранаталар) фойдаланилган.
Оммавий тартибсизликларни бартараф этиш жараёнида инсон ҳуқуқлари ва уларнинг қонуний манфаатларини бузишга йўл қўйган ички ишлар органлари ходимларининг уч нафари жиноий жавобгарликка тортилган.
Нукус воқеалари бўйича ўтказилган судларда умумий ҳисобда 61 киши жавобгарликда тортилган. Улар орасида одамларни тинч норозилик акцияларига чақиргани айтилаётган блогер ва адвокат Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Форум