Қозоғистон 6 январь кунидан бошлаб номаълум муддатга Ўзбекистон билан чегараларини ёпди. Бунга мамлакатда фавқулодда вазият эълон қилинганлиги сабаб бўлди. РИА Новости сайти Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчихонаси вакилига асосланиб бу ҳақда хабар берди.
Қозоғистондаги воқеалар Ўзбекистон иқтисодий ҳаётига таъсир қилмасдан қолмайди. Озодлик билан суҳбатлашган ўзбекистонлик иқтисодчи ва тадбиркорларнинг фикри шундай.
Айни пайтда Ўзбекистон биржа бозорларида суюлтирилган газ, пахта ёғи ва пахта толасининг нархи тушди.
Ижтимоий тармоқлардаги кузатувчилар бу ҳолатни расмий Тошкентнинг Қозоғистондаги воқеалар Ўзбекистонга ҳам ўтиб кетмаслигидан хавотир олиб, нархлар вақтинча туширилаётгани ҳақида ёзмоқда.
Ўзбекистон ҳукуматига яқин манбанинг айтишича, президентнинг ўзи газ, бензин, электр энергияси ва сувнининг нархини асоссиз оширмаслик ҳақида шахсан кўрсатма берган.
Иқтисодчилар Қозоғистон билан савдо айланмасида учинчи ҳамкор бўлган Ўзбекистонга қўшни давлатдан импорт қилинадиган нефт, ун, озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший товарлар узилиб қолгудай бўлса, иқтисодиётга сезиларли зарар етиши айтилмоқда.
Қозоғистондаги корхоналар билан ҳамкорлик қиладиган, исми сир қолишини сўраган тадбиркорлардан бирининг айтишича, қўшни давлатдаги воқеалар Ўзбекистон иқтисодиётига оғир зарар етказиши мумкин:
“Мана шу воқеалар сабаб бизда бензин нархи тушди, газнинг нархи тушди, катта хўжайин дам олишда эдилар, шунақа указ берганлар. Қозоғистон гўшт экспортини запрет қилди, тухумни запрет қилди. Чегаралар ёпилиб, юк автомобиллари тўхтаб қолди. Поездлар тўхтаб қолди. Энди гўшт, буғдой қиммат бўлади, Павлодар заводидан тракторлар келмай қолади, метал, маиший техникалар, озиқ-овқат келиши камаяди. Қозоғистондаги бу хаос ким билади қанчага чўзилади, бир ойгами, бир йилгами, ҳеч ким билмайди. Бу орада бизнинг иқтисодиёт жуда катта зарар кўради”.
Тошкентлик иқтисодчи Акмал Тошбек Қозоғистондаги воқеаларнинг ўзбек иқтисодиётига зарарини уч қисмга бўлади:
“Биринчиси, Қозоғистон чегараларни ёпгани сабаб, одамлар ва товарларнинг кириб-чиқишининг барча ҳаракатлари номаълум муддатга тўхтади. Иккинчиси, бугундан бошлаб Қозоғистондаги барча банклар ўз хизмат фаолиятини тўхтатди. Балки катта ва тинч шаҳарларда ишлаётгандир, лекин ўзбекистонликларнинг асосий алоқаси бўлган Олмаотадаги банклар ишламаяпти. Демак халқаро ўтказмалар, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг пул жўнатмалари ҳам номаълум муддатга қотди, дегани. Учинчиси, Россия, Хитой каби давлатлардан келаётган транзит юклар ҳам тўхтаб қолади. Уларнинг келиши ҳам ноаниқлик давригача тўхтаб қолади. Албатта булардан бизнинг иқтисодиётимиз катта зарар кўради”.
Қозоғистон билан савдо-сотиқ қиладиган ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳам чегаралар ёпилгани учун қийин аҳволга тушиб қолмоқда.
Қозоғистон банклари мамлакат ичкарисидаги транзакцияларни тўхтатди. Xaliq bankiнинг Тожикистондаги филиали ишини тўхтатди, Тошкентдагиси ишлаяпти.
Қозоғистонлик иқтисодчи Сапарбой Жубаевнинг айтишича, банкларнинг хорижий транзакциялари аввалгидек бир маромда ишлаяпти:
“Халқаро ва корхоналар ўртасидаги транзакциялар бўляпти. Фақат банклар хавфсизлик нуқтаи назаридан маҳаллий аҳоли билан ишлашни вақтинчалик тўхтатди”.
Ўзбекистон Қозоғистондан асосан ун, буғдой, машина-ускуналар, кимёвий маҳсулотлар, энергия ва нефт маҳсулотлари, металлар ва метал буюмлар импорт қилади.
Ўзбекистоннинг Қозоғистондан ўтган йилнинг 11 ойидаги импорти(2,2 млрд. доллар), экспорти(950 млн.доллар)дан икки баравар кўп.
Ўзбекистонлик иқтисодчи Отабек Бакировнинг ўзининг Телеграм каналида ёзишича:
“Қозоғистон буғдой ва ун экспортининг ярмидан кўпини Ўзбекистон истеъмол қилади. Бозорларимиздаги нарх-наво қўшниларимизга ҳаддан зиёд боғлиқ.
Қозоғистондан нефть экспортида ҳам Ўзбекистоннинг ўрни юқори (бензин экспортига чекловлар қўйилгач, нефть импорти янаям ошди). Бу борада йил статистикаси очиқлангани йўқ, лекин МДҲда қозоқ нефтини энг кўп истеъмол қиладиган айнан Ўзбекистон ҳисобланади”.
Бу фикрлар билдирилган куни Ўзбекистонда барча АЁҚШларда нархи 6500 сўм турадиган АИ-80 бензини пайдо бўлди ва бу нарх барқарор бўлиб турибди.
6 январь куни биржада ўтказилган савдода пахта ёғи, суюлтирилган газ ва пахта толаси нархи пастлагани хабар қилинди .
Давлетов.уз Телеграм каналининг хабар беришича, Қозоғистон ҳукумати 3 ой муддатга ижтимоий аҳамиятга молик товарларга давлат нархини белгилаган. Суюлтирилган газ нархи вилоятларга қараб 50 тенгеден 75 тенгегача, АИ-80 бензин 89 тенге, АИ-92-93 182 тенге, АИ-95 215 тенге, қўй ва қорамоллар экспорти 6 ойга, сабзи ва картошка экспорти 3 ойга тақиқланган, коммунал тўловлар нархини оширишга мораторий эълон қилинган. Бир АҚШ доллари 435,4 тенгега тенг.
Аммо, исми сир қолишини сўраган сирдарёлик тадбиркорнинг айтишича, Қозоғистондан кириб келадиган товарлар импорти камайса ёки тўхтатилса бунинг Ўзбекистон иқтисодиётига жиддий салбий таъсири бўлади:
“Биргина буғдой ёки уннинг ўзини олиб кўрайлик. Бутун мамлакат новвойлари қозоқ унидан нон ёпади. Ҳозирча запас бор, нархлар кўтарилгани йўқ. Агар кети узилиб қолгудек бўлса, унда нарх бирданига осмонга чиқади. Қозоқ биродарларимиздан биз жуда кўп нарса оламиз. Масалан хотиним, жияним билан Қозоғистондан товар олиб келар эдик, кийим кечак, ширинликлар, телевизор, қозон, сковородка, холодильник ва турли маҳсулотлар. Килограми ўлчанмас эди. Кейин монопол Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг таклифи билан божхона тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритилиб, 1 ойда 10 кг юк олиб кириш мумкин бўлиб қолди. Битовой(маиший техника) воситалари эса 6 ойда фақат битта нарса олиб ўтасиз. Чунки Жаҳонгирнинг “Артел” номли “туфта” товари ўтмай қолди. Пандемия пайти чегара ёпилгач, рўзғорга, оилавий бюджетга қаттиқ таъсир қилди. Энди пандемия тугаб бир ойда таниш-билишларимизни айтиб, 5 киши бўлиб юк олиб келамиз деганда, Қозоғистондаги бу жанжаллар чиқиб қолди. Ҳақиқатан Қозоғистонда маиший техника, бензин, нон бизга қараганда анча арзон. Биздаги 3,5 миллион сўм турадиган холодильник у ерда 1,6 миллион сўм, 3,5 миллионлик телевизор 2 миллион сўм туради”.
6 январь куни Россиянинг "Интерфакс" агентлиги Ўзбекистон Россияга газ экспортини тўхтатгани ҳақида хабар қилди.
Энергетика вазирлиги мулозимининг “Интерфакс” мухбирига айтишича, газ экспортининг тўхатилиши ички истеъмолдаги мавсумий максимумларни қоплаш учун амалга оширилмоқда.Бошқача қилиб айтганда, ҳукумат ички истеъмолга қўшимча газ йўналтиради. Бу Қозоғистондаги воқеаларнинг акс-садосими, йўқми, фақат тахмин қилиш мумкин.
Сўнгги ҳафталарда Ўзбекистонда ўтган йиллардаги каби аҳоли эҳтиёжлари учун газ етишмовчилиги, жумладан, метан газ қуйиш шохобчаларида навбатлар кузатилаётганди.