Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:41

Петербургда боласини 280 минг рублга сотган ўзбекистонликнинг эри топилди


Петербургда онаси 280 минг рублга сотиб юборган чақалоқнинг отаси топилди. Россияда ноқонуний яшаб келаётгани маълум бўлган 28 ёшли аёлнинг эри Ўзбекистонда яна учта фарзанди катта бўлаётгани ва хотинининг гўдакни сотишга уринганидан хабари бўлмаганини терговчиларга айтган.​

12 сентябрда Петербургнинг Кораблестроители кўчасидаги 12- уйда 7 сентябрда туғилган боласини сотаётганда 28 яшар ўзбекистонлик аёл қўлга олинган эди. “Харидор” тезкор-қидирув амалиётида иштирок этаётган полиция ходими бўлган.

Бир неча кунлик суриштирувлар натижасида онаси томонидан 280 минг рублга (~4100 АҚШ долл.) “баҳоланган” чақалоқнинг отаси ҳам борлиги аниқланди.

Бу маълумотни Озодликка тасдиқлаган Санкт-Петербургдаги Болалар ҳуқуқлари бўйича ваколатхона расмийси Олег Алексеевга кўра, ҳозирда отанинг болага яқинлиги текширилмоқда.

- Ҳуқуқ-тартибот идоралари бу шахснинг болага қариндошлик алоқаларини текшириб кўришади ва улар ўз тасдиғини топса, бола отасига топширилади. Акс ҳолда чақалоқ шифохонага ётқизилади. Бизда мақоми аниқланмаган барча болалар шифохонада 10 кунлик кўрикдан ўтади. Кейин мақоми аниқлангач, уни етимхонага ёки бошқа етимлар тарбияланадиган муассасага жойлаштиришади, деди Олег Алексеев

Санкт-Петербург Болалар омбудсмани ҳозирда 10 кунлик чақалоқ ўзини яхши ҳис этаётгани ва шифокорлар кўригидан ўтаётганини билдирди.

Озодлик ўзбекистонлик муҳожирлар фарзанди бўлган ўғил бола Россия шимолий пойтахтининг 17-сонли касалхонасида қолаётганини аниқлади.

Маълум бўлишича, ҳомиладорлик пайтида ўзбекистонлик она шифохонада қайдда турмаган, врачлар назоратида бўлмаган. Россияда ноқонуний яшаб келаётгани маълум бўлган 28 ёшли бу аёлнинг эри Ўзбекистонда яна учта фарзанди катта бўлаётгани ва хотинининг гўдакни сотишга уринганидан хабари бўлмаганини терговчиларга айтган.

Санкт-Петербург бўйича Тергов қўмитасида ҳозирча бу шахс болага оталик қилиш ҳуқуқини берувчи бирорта ҳужжат тақдим эта олмаганини Озодликка билдиришди. Шунга қарамасдан, Петербург омбудсмани бу муҳожир фарзандини Ўзбекистонга олиб кетишни режалаштираётганини айтмоқда.

Ҳибсга олинганидан кейин терговчиларга берган кўрсатмасида исми сир тутилаётган муҳожир аёл жиноятга пул етишмовчилиги туфайли қўл урганини билдирган. У қарзларидан қутулиб, Ўзбекистонга кетиш ниятида экани маълум бўлди.

Россия Тергов қўмитаси Петербургда янги туғилган ўғил боласини сотмоқчи бўлган Ўзбекистон гражданига нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 127- моддаси 2- қисми (“Одам савдоси”) асосида жиноят иши очди.

“Айни пайтда аёлни ҳибсда сақлаш ва унга айблов эълон қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Чақалоқ тегишли болалар уйига жойлаштирилди”, дейилади тергов бошқармаси расмий хабарида.

Судда айби исботланса, болафурушликда айбланган аёлга 4 йилдан 8 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Озодлик Россияда болафурушликда айбланиб, ўзбек муҳожирларининг жиноий жавобгарликка тортилгани борасидаги бошқа кўплаб ҳолатлар тўғрисида хабар берган.

2016 йил августида Москва вилоятининг Люберци шаҳрида янги туғилган чақалоқни сотаётган ва сотиб олаётган аёллар ушланди. Полиция 16 яшар ўзбекистонлик "сотувчи" аёл 150 минг рублга ўз боласини самаралик аёлга пулламоқчи бўлганини билдирди.

2016 йилнинг 31 мартида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида олти ойлик чақалоғини 800 минг рублга пулламоқчи бўлган ўзбекистонлик 33 яшар Гавҳар А. жиноий жавобгарликка тортилганди.

2014 йилнинг мартида Петербургда 22 яшар ўзбекистонлик Сайлигул Нуралиева янги туғилган ўғлини сотиш пайтида бу савдога ëрдам берган 29 яшар тожикистонлик Азиза Давурова билан бирга қўлга олинган эди. Тўрт кунлик болани 25 минг рублга сотмоқчи бўлган муҳожир аёллар пулни регистрациядан ўтиш учун ишлатмоқчи бўлганини билдирган.

XS
SM
MD
LG