Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:47

Россия пропагандаси Раисийни "Ғарб ўлдиргани"ни иддао қилмоқда. Бу уларга нега керак?


Россияда давлат ОАВлари Эрон президенти Иброҳим Раисий ўлими олдиндан режалангани ҳақидаги фаразни зўр бериб ёймоқда.

Раисий ҳалокати расман тасдиқланган куни Владимир Путин Эрон Олий диний раҳбари Али Хоманеийга телеграмма йўллаб, таъзия билдирди. Мактубда Путин воқеани “бутун Эрон халқи учун улкан фожиа”, Раисийни эса “бутун умрини ватан хизматига бахшида этган буюк сиёсатчи” ва “Россиянинг ҳақиқий дўсти, икки мамлакат ўртасида яхши қўшничилик алоқалари ривожланишига бебаҳо шахсий ҳиссасини қўшган, стратегик ҳамкорликни янги даражага олиб чиқиш учун катта сайъ-ҳаракатлар қилган шахс” деб атаган.

Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланиб, Кремль ва Россия ҲСКга нисбатан қатор санкциялар жорий этилгач, айнан Эрон Россиянинг урушдаги асосий иттифоқчиси бўлиб қолди. Хусусан, Россия украин шаҳарларини вайрон қилишда фойдаланаётган “Шаҳед” дронларини Эрондан олади.

Эрон президентини ТИВ раҳбари Сергей Лавров ҳам “Россиянинг ишончли дўсти” деб атади.

Иброҳим Раисий ҳалок бўлган вертолёт ҳалокатига келсак, “Первий” ёки “Россия-24” каби марказий телеканаллар воқеага бир қадар босиқлик билан баҳо берди. Бошқа айрим каналлар эса конспирологик таҳлилларни бошлаб юборди, масалан, “360” канали ҳали Эрон расмий баёнот бермай, ҳалокат сабабини “топди”: гўё Раисий “ўлдирилган” ва “бунга Ғарб айбдор” эмиш.

Раисийдан сўнг Эронни нима кутмоқда?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:57 0:00

Россия Мудофаа вазирлигига яқин “Рибар” телеграм-канали Раисий ўлимида “коллектив Ғарб”дан ташқари Исроилни ҳам айблади.

“Агентство” нашри журналистлари Раисий билан юз берган воқеалар “Ғарб томонидан режаланган қотиллик бўлиши мумкин” қабилидаги конспирологик назарияни энг аввало Russia Today бош муҳаррири Маргарита Симонян ва ЛДПР лидери Леонид Слуцкийлар тарқата бошлаганига эътибор беришди. Улардан сўнг камида иккита йирик Z-канал ҳам шу ҳақда ёзди. Симонян Эронда юз берган воқеани Словакия бош вазири Роберто Фицо суиқасди ва Жон Кеннедининг ўлдирилиши билан таққослаган.

Эрон президенти вертолёти ҳалокатининг расмий сабаби ҳали очиқланмади. Эрон давлат медиасида илк хабарларида ноқулай об-ҳаво ва техник носозликни тахминий сабаблар ўлароқ тилга олган эди. Чунончи, IRNA агентлигига кўра, Иброҳим Раисий ишлаб чиқарилганига қарийб 50 йил бўлган вертолётда учган бўлиши мумкин. Айтилишича, у Эрон авиасаноатига қарши қўлланган санкциялар туфайли эски бортлардан фойдаланган.

Хўш, “Раисий коллектив Ғарб томонидан ўлдирилди” деган назарияни ёйиш Россия пропагандасига нега керак? Марказий ва Шарқий Европа бўйича эксперт Иван Преображенский “Настояшчее время” эфирида шу саволга жавоб берди.

Сиёсатшунос фикрича, биринчи тахмин – Владимир Путиннинг шахсий позицияси ва унинг воқеликни идрок этиш тарзидир.

“Маълумки, у бошқа диктаторлар билан бўладиган ҳар қандай муаммоларни уларга суиқасд қилишга уриниш деб тушунади. Адашмасам, “дўсти” Уго Чавес ўлганида ҳам “америкаликлар унга саратон касалини юқтиришган”ми ёки шунга ўхшаш гап айтган эди. Қолаверса, Ливия диктатори Муаммар Қаддофий ўлими ҳам унга оғир ботганини биламиз. Ҳолбуки, путин қаёқдаю Қаддофий қаёқда? Шундай бўлса ҳам бу воқеа Путинга жуда жиддий таъсир қилди, – дейди Иван Преображенский. – Хуллас, ушбу ҳолатда ҳам унинг версияси тайин: бу конспирологик версия. Россия пропагандачилари эса унинг дилидагини топиб, кўнглини олишга ҳаракат қилишяпти. Худди, кўряпсизми, биз ҳам сизга ўхшаб фикрлаймиз, дейишмоқчи”.

Экспертга кўра, бу ерда Ғарб “автоматик тарзда” айбланган бўлиши ҳам мумкин, чунки Россияда тизим шундай ишлайди.

Президент Раисийнинг ҳалокати: Эронда 5 кунлик мотам эълон қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:04 0:00

Раисий ўлди ва тез орада янги президент сайлови ўтказилади. Аммо, Иван Преображенский фикрича, Россия ва Эрон муносабатлари аввалгидек қолажи, зеро икки диктаторлик режимининг манфаатлари ўхшаш.

“Икки диктаторнинг манфаатлари мутлақо уйғун, бинобарин улар ҳамкорликни аввалги шаклда давом эттиришларига аминман. Боз устига, Эрон учун ҳам, Россия учун ҳам Хитойнинг раъйи жуда муҳим. Ишончим комилки, Хитой хайрихоҳлик билан қарамаганида бу иккиси яқинлаша олмаган бўларди”, дейди сиёсатшунос.

Эронда президент эмас, балки 84 ёшли оятуллоҳ Хоманеий давлат раҳбари ҳисобланади. Хоманеийнинг вориси ким бўлиши масаласи кўпдан бери зимдан муҳокама қилинаётгани айтилади. Иброҳим Раисий номзодлардан бири ўлароқ тилга олинган эди.

“Шу нуқтаи назардан у ва унинг Россия билан алоқалари Кремль учун жуда муҳим эди. Чунки, оятуллоҳ рутбасини олиб, чинакам давлат раҳбарига айланганида Россия учун қурол-аслаҳа етказиб бериш ва ҳамкорликка доир янада манфаатли қарорларни қабул қилган бўларди. Айни босқичда қабул қилинган қарорлар катта эҳтимол-ла унга тегишли эмас, Раисий Эрон дипломатиясининг юзи бўлган, холос. Стратегик қарорлар Хоманеий ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси томонидан қабул қилинади. Раисий реал давлат раҳбари бўлиши мумкин эди, Кремль ҳам, афтидан, унга умид боғлаган ва ушбу вазиятда у ўзининг Теҳрондаги одамини йўқотди”, дея сўзини якунлайди Иван Преображенский.

Форум

XS
SM
MD
LG