Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:46

Россия жорий ҳафтада мамлакат тархидаги энг йирик "уруш"ни бошлайди


11-17 сентябрда ўтказиладиган “Восток-2018” машқларида 300 минг аскар қатнашиши эълон қилинди.
11-17 сентябрда ўтказиладиган “Восток-2018” машқларида 300 минг аскар қатнашиши эълон қилинди.

Россия жорий ҳафтада Сибирь ва Узоқ Шарқда Кремль таърифи билан айтганда мамлакат тарихидаги “энг йирик“ ҳарбий машғулотларни ўтказади.

Расмий маълумотларга кўра, 11-17 сентябрда ўтказиладиган “Восток-2018” машқларида совет даврида ўтказилган энг йирик ҳарбий машқларга қиёслаганда икки баробар кўп ҳарбий иштирок этади. 1981 йил “Запад-81“ номи билан ўтказилган ҳарбий машқларда 150 мингга яқин совет ҳарбийси иштирок этган этган эди.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу “Восток-2018“ машқларида Россия армияси, ҳаво кучлари, денгиз кучлари, бундан ташқари, Хитой ва Монголия қўшинлари иштирок этишини билдирди.

4 сентябрь куни Шойгу шундай деди:

- [Машқларда] тақрибан 300 минг аскар; мингдан ошиқ самолёт, вертолёт ва дрон; 80 тагача ҳарбий ва юк ташувчи кема; 36 мингга яқин танк, бронетранспортёр ва бошқа воситалар иштирок этади.

Вазир машқларнинг “фаол фазаси” Россия маркази ва шарқидаги беш умумий, тўрт ҳаво ҳамда уч денгиз полигонларида ўтказилишини билдирди.

Шойгунинг айтишича, асосий машқлар Забайкал ўлкасининг Цугол полигонида бўлиб ўтади.

Цугол полигонидаги машқларда Россия қўшинлари билан бир қаторда тахминан 3200 нафар хитой ҳарбийси 900 ер транспорти воситаси ва 30 учоқ билан қатнашади

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков президент Владимир Путин “стратегик аҳамиятга эга“ машқларда қатнашишини билдирди.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган IHS Markit агентлигининг Россия бўйича таҳлилчиси Алекс Кокчаров бундан аввал Россия ҳудудида Хитой бирор марта ҳам ҳарбий машқларда иштирок этмаганини эътироф этди:

- Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида қўшма машқлар ўтказилган, аммо улар халқаро миқёсда ўтказилгани учун бошқача эди. Бу машқлар эса ўзгача, чунки унга Хитой ва Монголия таклиф қилинган, аммо Россия етакчилигида ўтказилаётган машқлардир. Агар Россия Хитойни таклиф қилмаганида, Пекин буни Россия бошлаган хавфли ҳаракат ўлароқ кўрган бўларди.

Прага Халқаро алоқалар институти таҳлилчиси Марк Галеоттининг фикрича, “Восток-2018“ машқлари бутун дунёга Россия тўлақонли жангларда бутун армияси билан иштирок этишга тайёр эканлигини кўрсатишни кўзлайди.

Аммо Галеотти ушбу машқлар бир вақтнинг ўзида Москва Пекинда ўз дўстларига эга эканлигини, бугунги кун геосиёсатида Хитойнинг ўрни ҳам борлигини кўрсатмоқчи бўлаётганини таъкидлади.

Кокчаров “Восток-2018“ машқларини Сурия ва Шарқий Украинадаги конфликтлар туфайли Москва ва ғарб давлатлари ўртасида юзага келган тангликка боғлиқ эмас, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, бундай кўламдаги машқларни режалаштириш учун узоқ тайёргарлик лозим.

Аммо Кокчаровнинг фикрича, ҳарбий машқлар кўлами Кремль иддао қилганчалик катта бўлмайди:

- Ўтган йилда Россия Беларусь билан ҳамкорликда “Запад-2017“ машқларини ўтказар экан, хорижий кузатувчиларни чақириш мажбуриятидан қочиш учун ҳарбийлар сонини кичрайтириб кўрсатди. Россия “Запад-2017“да қатнашган қўшинлар сонини анча озайтириб кўрсатганини биламиз. Шундай экан, бу сафар 300 минг ҳарбий қатнашишини айтаётган Москва сўзларига кўр-кўрона ишониб бўлмайди, деб ҳисоблайман.

- Қўшинлар сонини жуда катта қилиб кўрсатиш Россиянинг Осиё-Тинч океани ҳудудидаги ҳарбий қудрати ҳақида ҳаммани хавотирга солган бўларди. Аслида эса машқларда бундан анча оз одам қатнашишини кутиш мумкин, - дея сўзини якунлади таҳлилчи.

XS
SM
MD
LG