Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:50

Петербургда бошидан ўқ еган ўзбекистонлик таксичи тирик қолди


Ленинград вилоятида таксичи бошига отилган ўқдан кейин тирик қолди. Шифокорларга кўра¸ ўзбекистонлик муҳожирнинг бош суягини энсасидан тешиб кирган ўқ чап чаккадан тешиб ўтган, аммо мияга жиддий зарар етмаган. Бу Россияда охирги пайтларда меҳнат муҳожирларига қилинган навбатдаги ҳужумдир.

25 октябрь кечки соат 10 ларда Санкт-Петербургнинг 2-Комсомольская кўчасидан маҳаллий такси компаниясига тушган буюртмани олган ўзбекистонлик йигит Ленинград вилоятининг Ломоносовский туманида жойлашган Ропша қишлоғига кўринишидан рус миллатига мансуб икки йўловчини олиб бориб қўйган.

“Шевроле Ласетти” қишлоққа кириши биланоқ орқа ўриндиқда ўтирган шахс таксичига ўқ узади¸ салондан ўзини ташқарига отган муҳожир қишлоқ киришидаги қўриқчи томон қочиб, жон сақлаб қолади.

Ломоносовский туман Ички ишлар бўлимининг Озодлик суҳбатлашган расмийси қўриқчининг зудлик билан полиция ва “тез ёрдам”га қўнғироқ қилганини билдирди:

- Қўриқчи чақирган “Тез тиббий ёрдам” машинаси таксичини Петербургнинг 26-сонли шаҳар шифохонасига олиб кетди. Кейинроқ ҳодиса жойига етиб борган полиция ходимлари “Шевроле”ни “Луч” боғдорчилик хўжалиги ёнида кюветда аниқлади. Қонга беланган салонда полиция иккита резина ўқ ва тўртта гильза топди, деди Озодлик гаплашган расмий.

Санкт-Петербургнинг 26-сонли шаҳар касалхонасидан олинган маълумотга кўра¸ исми ошкор этилмаётган ўзбек муҳожирининг бошида жарроҳлик операцияси ўтказилган ¸ ҳозирда унинг ҳаётига хавф-хатар йўқ.

Ички ишлар бошқармаси расмийси мазкур ҳодиса юзасидан Россия Жиноят Кодексининг 112 моддаси асосида (Соғликка ўрта оғирликдаги жароҳат етказиш) жиноий иш очилганини билдирди.

​Полиция олиб борган оператив-қидирув ишлар натижасида ўзбекистонлик таксисининг 2-Комсомольская кўчасида истиқомат қилувчи 32 ёшли петербурглик томонидан чақиртирилгани маълум бўлди. Муқаддам судлангани аниқланган бу шахс ҳозирда қидирувга берилган.

Петербургдаги ўзбекистонлик таксичига қилинган бу ҳужум охирги пайтларда муҳожирларга қилинаётган тажовузлардан навбатдагисидир.

13 октябрь куни Москванинг Первомайская қўрғонида фарғоналик 24 яшар сартарош Достон Адеханов ўз мижози томонидан ўлдирилган эди. Оммавий ахборот воситаларида тарқатилган видеога кўра, сочи ёмон олинганини иддао қилган мижоз унинг юрагига уч марта ўткир тиғ суқиб олган. Воқеа кўчада, кўпчилик гувоҳлигида содир бўлган.

Оиланинг ягона боқувчиси бўлган Достон 17 октябрь куни Фарғонада дафн этилди.

Россия ҳуқуқ-тартибот органлари россияликлар томонидан меҳнат муҳожирларига қилинаётган бундай ҳужумларни “майда безорилик” ёки “енгил жароҳат етказиш” ўлароқ таснифламоқда.

Россиянинг Москва шаҳри Бобруйский тумани суди 25 ёшли ўзбек муҳожирини чавақлаб кетган смоленсклик йигитни “майда безорилик учун” 10 минг рубллик (165 АҚШ доллари-таҳр.) жаримага тортди ва суд залида озод қилди.

XS
SM
MD
LG