Москванинг Голяново туманидаги Шчёлково метроси яқинида бедарак кетган андижонлик 26 яшар Султонмурод Мирхалиловни яқинлари қидирмоқда. Акасининг айтишича, шу йилнинг 6 июлида кўчага чиқиб кетган Султонмуродни бошқа ҳеч ким кўрмаган.
Москвадан Озодлик таҳририятига мурожаат қилган ўзбекистонлик Дилмурод 1993 йил 2 мартда туғилган укаси Мирхалилов Султонмурод Умматали ўғлини қидираётганини хабар қилди.
Дилмурод укаси Москванинг Шчёлково метроси яқинида жойлашган Байкалская, 12а манзили бўйича жойлашган ишчилар ётоқхонасидан 6 июлда чиқиб кетганини айтади.
- Ишдан келиб нарсаларини ташлаган, кўчага чиққан. Шу чиқиб кетгани бўйи йўқ. Шчёлково метроси яқинида Гольяновский районида жойлашган ётоқхонада бригадаси билан яшаган. Улар Бульвар Рокоссовского метроси яқинида қурилишда “СУ-10” фирмасида кладкада ишлаган. Ёши 26да, миллати ўзбек, Андижон вилояти, Шаҳрихон тумани, Сегаза қўрғонида туғилган. 3-4 йилдан бери Москвада ишларди. Охирги маротаба 3 ё 4 июль куни гаплашганмиз.Ойлик олган экан, “Ака жўнатинг”, деб пулини берди, қарзларини узди. Жума куни бозорга бориб, ўзига уст-бош қилган. Шанба куни ишга борган ва ишдан келиб, йўқолган, дейди Дилмурод.
Суҳбатдош 13 кундан буён ишини ташлаб, укасини қидираётганини айтди.
Дилмурод Ўзбекистон элчихонасига ҳам укасини қидиришда ëрдам беришни сўраб мурожаат қилган. Элчихона вакиллари укаси 15 кундан кейин ҳам топилмаса¸ кейин расман мурожаат қилишни тавсия этган.
Элчихонадан ташқари у Гольяново полиция тергов бўлими, иш берувчи “СУ-10” ширкати раҳбариятига укасини қидиришда ëрдам сўраб борган.
- Охирги маротаба уни стройкада кўришган. Ишдан биринчи келган ва чиқиб кетган. Мен Гольяновский район жиноят-қидирув бўлимига мурожаат қилдим. Элчихонага мурожаат қилганимда 15 кун қидирув натижа бермаса, кейин кўмак беришларини айтишди. 13 кундан бери ўзим югуриб юрибман – ҳеч жойда ишлаганим ҳам йўқ. Ҳеч ким билан уришадиган, тортишадиган бола эмас эди. Уйдагилар бахшига ҳам боришибди, “Ўрмонда будка ичида йиғлаб ўтирибди”, дебди. Шундан кейин у яшайдиган жойнинг ўрмонида 15 киши бўлиб ҳам қидирдик. Расмлари иш берувчиси орқали ҳам тарқатилган, деди йўқолган йигитнинг акаси Дилмурод Мирхалилов.
Дилмурод Мирхалилов ҳозирда ижтимоий тармоқлар орқали қидирув эълон қилганини билдирди.
Москва шарқида йўқолган 26 яшар Султонмурод Мирхалиловни кўрган, у ҳақда бирор маълумотга эга бўлганлар +79258104420 рақами орқали унинг яқинларига хабар бериши мумкин.