Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:26

Путин: Пенсияга эркаклар 65, аёллар 60 ёшдан чиқади


Россияда аёллар 63-дан эмас 60 ёшдан, эркаклар эса, 65 ёшдан пенсияга чиқиши керак, деди Россия президенти Владимир Путин бу ҳақда қилган махсус чиқишида.

Чоршанба, 29 август куни Россия раҳбари Владимир Путин пенсия ислоҳоти масаласида махсус мурожаат билан чиқди.

33 дақиқа давом этган чиқишини Владимир Путин пенсия ёшини ошириш ғояси Советлар даврида ҳам, 2000-чи йилларда ҳам муҳокама қилинганини эслатди.

- Россия ҳанузгача Улуғ Ватан уруши оқибатларини бошидан кечирмоқда – демография муаммолари доимий ҳамроҳимизга айланди. Бунга 90-чи йиллардаги муаммолар туфайли болаларнинг кам туғилиши қўшилди. Ҳозир 90-чи йиллар авлоди меҳнатга лаёқатли ёшга кирмоқда. Аммо улар амалдаги пенсия тизими талабларини қондириш учун етарли эмас, деди муаммонинг илдизларини тушунтиришга уринган президент.

Аҳоли орасида катта қаршилик ва норозиликка сабаб бўлаётган бу чора сабабларига тўхталар экан, у “агар бу соҳада ҳеч нарсани ўзгартирмасак, яна 7-10 йилдан кейин пенсиялар индексацияси жиддий муаммога айланиши мумкин”, деди.

Владимир Путиннинг “иқтисодий ўсиш туфайли россияликлар турмуш даражаси яхшиланиб бораётгани” ва улар “дунёда энг узоқ яшовчилар қаторига қўшилаётгани” ҳамда “яқин келажакда россияликларнинг ўртача ёши 80 га етиши” тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари кўпни кўрган мутахассисларни ҳам ҳайратга солди.

У шунингдек, шахсан ўзи бу ислоҳотга қаршилик кўрсатиб келгани, аммо “бошқа илож қолмаганини” айтди.

Путин аёлларнинг пенсия ёшини 8 йилга, эркакларникини эса 5 йилга кўтариш ташаббусини “адолатсиз” деб атади:

- Бу нотўғри. Бизнинг мамлакатимизда аёлларга алоҳида ғамхўрлик муносабатида бўлиб келинган...Аёллар учун пенсия ёши эркакларникидан кўпга ошмаслиги керак. Шу боис қонун лойиҳасида таклиф этилаётган аёлларнинг пенсия ёшини 8 йилдан 5 йилга тушириш лозим деб ҳисоблайман, деди шу тариқа эркаклар 65, аёллар эса 60 ёшдан пенсияга чиқарилишини таклиф қилган Владимир Путин.

Айни дамда, у кўп болали аёлларнинг вақтлироқ пенсияга чиқиши мумкинлигини ҳам эълон қилди.

- Агарда аёл 3 та фарзанди бўлса – у муддатдан 3 йил аввал, агарда 4 та боласи бўлса – 4 йил аввал нафақага чиқиши мумкин. Бешта ва ундан кўп болали аёлларга ҳеч нарса ўзгармасдан қолади ва улар нафақага 50 ёшида чиқиб кетиши мумкин, деди Россия раҳбари.

Владимир Путин ўз чиқишида яна буларга тўхталди:

  • Катта ёшдаги ишчилар манфаатлари ҳимояланиши керак ва нафақа ёшига яқинлашиб қолганларни ишдан бўшатган иш берувчилар маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиши лозим;
  • Пенсияолди ёши 5 йил этиб белгиланади ва уларга ишсизлик нафақалари миқдори икки баробарга оширилади;
  • Нафақага муҳлатдан олдин чиқиш учун аёллар учун стаж 37 йилни, эркаклар учун 42 йилни ташкил этади;
  • Келгуси 2 йилда пенсияга чиқиши керак бўлган гражданлар муддатдан ярим йил олдин пенсия расмийлаштириши мумкин;
  • Аёлларга 55 ёшдан ва эркакларга 60 ёшдан олдин берилган солиқ, коммунал , транспорт ва бошқа тўловларга имтиёзлар сақланиб қолади.

Нутқи давомида Владимир Путин ҳукуматнинг бу қарори “мухолиф кучлар томонидан ўз вазиятларини яхшилашга ишлатилиши мумкинлиги”дан огоҳлантириб ўтди.

14 йиллик президентлиги давомида Владимир Путин ўз халқига бу шаклдаги мурожаатларни 28 маротаба ҳозирлаган. У бу чиқишларида доимо "токи мен президент эканман - нафақа ёши кўтарилмайди", деб келган.

Россияликлар пенсия ёши кўтарилишидан норози

Жорий йилнинг 19 июлида Думанинг иккинчи ўқишидан ўтиб, қабул қилинган пенсия ёшини кўтариш тўғрисидаги қонун масаласига доир лом-мим демасдан келаётган Владимир Путин учрашувлардан бирида “ислоҳотнинг таклиф қилинаётган ҳеч бир шакли ёқмаётгани”ни ва одамларни тинглаб, қарор қабул қилишини ваъда қилганди.

Ўша лойиҳада россияликлар аёллар учун пенсия ёши 63, эркаклар учун эса 65 қилиб белгиланганди.

2016 йилда эълон қилинган давлат статистика маълумотларига биноан, Марказий Россия, Шимоли-Ғарб ва Узоқ Шарқда россияликлар умрининг ўртача узоқлиги ҳукумат тақдим этаётган пенсия ёшига етмайди. Масалан, Приморье ўлкасида эркаклар ўртача 64 йил, Тувада эса 58 йил яшайди.

Нафақа тизимига киритилган ўзгартишлар Владимир Путиннинг узоқ йиллардан бери қўллаб-қувватлаб келувчи электорати, айниқса ёши катта россияликлар орасида президент рейтингининг тушишига олиб келгани қайд этилди.

Россиянинг турли минтақаларида “пенсия ислоҳоти”га қарши оммавий норозилик намойишлар ўтказилиши давом этмоқда.

Бу ислоҳотларга қарши акцияларга ҳатто ЛДПР, КПРФ ва “Справедливая Россия” қўшилди. “Левада” ижтимоий сўров маркази олиб борган тажқиқотларга кўра, охирги бир йилда Россияда аҳолининг норозилик намойишларида иштирок этиш кайфияти аср бошидан буён чўққисига етган.

Шу йилнинг 9 сентябр куни Путин сиёсатининг ашаддий танқидчиси Алексей Навалний пенсия ёшининг оширилишига қарши Москвада митинг ўтказилишини эълон қилди.

XS
SM
MD
LG