Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:37

Ҳукуматнинг  куч ишлатишига қарамай, Россияда урушга қарши кайфият кучаймоқда


Рус қўшинлари Украина пойтахтига томон илгариларкан, Россиянинг ўзида урушга қарши намойишларга қўшилаётганлар сони ортмоқда. Бунга ҳамоҳанг равишда ҳукуматнинг расмий риторикаси ҳам тобора кескинлашиб бораётир.

Якшанба куни эрта тонгдан Москвада одамлар мухолиф сиёсатчи Борис Немцов отиб ўлдирилган Катта Москворецкий кўпригидаги рамзий мемориалга гуллар қўйишди. Немцов 2015 йил 27 февралида ушбу кўприкда тўрт марта узилган ўқдан ҳалок бўлган эди. Москвада оммавий акциялар тақиқланган, аммо полиция маросимга қаршилик қилмаган. Акция чоғида Украинадаги урушга қарши шиорлар кўтарган бир неча киши ҳибсга олинган.

Пайшанба ва жума кунлари Москвадан кейин, иккинчи йирик шаҳар Санкт-Петербургда ва Россиянинг бошқа шаҳарларида оммавий ҳибсга олишларига қарамай, кичик кўча намойишлари учинчи кундирки давом этмоқда. Сиёсий таъқибларни кузатувчи ОВД-Инфо ҳуқуқ ташкилоти маълумотларига кўра, шанба куни урушга қарши намойишларда 34 та шаҳарда камида 460 киши, Москванинг ўзида 200 дан ортиқ киши ҳибсга олинган.

Россиянинг Украинага бостириб киришини қораловчи очиқ хатлар эълон қилинмоқда. Шанба куни 6000 дан ортиқ тиббиёт ходими, 3400 дан ортиқ архитектор ва муҳандислар ва 500 нафар ўқитувчилар ўз исмлари ёзилган хатлар жўнатган. Пайшанба кунидан бошлаб журналистлар, шаҳар кенгашлари аъзолари, маданият арбоблари ва бошқалар ҳам шунга ўхшаш хатлар юбормоқда.

Москвадаги машҳур Гараж номли замонавий санъат музейи шанба куни кўргазмалар бўйича ўз ишини тўхтатди ва фаолиятини "Украинада содир бўлаётган гуманитар ва сиёсий фожиа тўхтамагунча" тўхтатганини эълон қилди.

"Бундай воқеалар содир бўлаётганда биз ўзимизни ҳеч нарса бўлмагандек тута олмаймиз. Биз ўзимизни уруш сабабли бўлинмаган нисбатан кенгроқ дунёнинг бир қисми сифатида кўрамиз", дейилади музей баёнотида.

Пайшанба куни эрталаб бошланганидан кўп ўтмай, Украинага ҳужумни тўхтатиш бўйича онлайн петиция шанба оқшомига бориб 780 000 дан ортиқ имзо йиғди. Бу сўнгги йилларда Россияда энг кўп қўллаб-қувватланган онлайн петициялардан бирига айланди.

Босқинни қораловчи баёнотлар ҳатто шу ҳафта бошида Украина шарқидаги икки бўлгинчи минтақанинг мустақиллигини тан олишга овоз берган айрим парламент аъзоларидан ҳам келди. Одатда Кремлнинг чизиғидан чиқмайдиган Коммунистик партиянинг икки депутати ҳам ижтимоий тармоқларда ҳарбий ҳаракатларга қарши чиқди.

Олег Смолин ҳужум бошланганида "ҳайратда қолганини" ва "сиёсатда ҳарбий кучдан фақат энг сўнгги чора сифатида фойдаланиш кераклигига яна бир бор амин бўлганини" таъкидлади. Унинг депутат ҳамкасби Михаил Матвеев эса "уруш дарҳол тўхтатилиши керак" деди ва у "Россия Киевни бомбардимон қилиши учун эмас, аксинча, Донбассни бомбардимон қилинишидан қалқон бўлиш учун" овоз берганини айтди.

Россия расмийлари эса ичкарида ва хорижда босқинни қоралаётганларга нисбатан кескин реакция кўрсатмоқда.

Президент Владимир Путин раислигидаги Россия Хавфсизлик кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведевнинг айтишича, Москва Ғарб санкцияларига АҚШ билан ядровий қурол бўйича сўнгги келишувдан воз кечиш, Ғарб давлатлари билан дипломатик алоқаларни узиш ва уларнинг активларини музлатиш орқали жавоб бериши мумкин.

У, шунингдек, Россия Европанинг олий ҳуқуқ ташкилоти таркибидан чиқарилгандан сўнг Москва ўлим жазосини тиклаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Россияда 1996 йил августидан бери ўлим жазоси бекор қилинган. Бу совуқ баёнот мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари фаолларини ҳайратга солди.

Кремл инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси Ева Меркачева буни "ҳалокат" ва "ўрта асрларга қайтиш" дея атади.

Ғарбнинг санкциялари Россиянинг молиявий операцияларига қаттиқ чеклаб, Россияга бўладиган технология экспортига тақиқ қўйди. Путин ва унинг ташқи ишлар вазирининг активлари музлатиб қўйилди. Россиянинг Европа Кенгашидаги аъзолиги ҳам тўхтатилди.

Вашингтон ва унинг иттифоқчилари бундан ҳам қаттиқроқ санкциялар, жумладан, Россияни глобал молиявий операциялар учун амалдаги SWIFT глобал тизимидан чиқариб юбормоқда.

2008-2012 йилларда Путин президентлик муддати чекланганлиги сабабли бош вазир бўлган ва Медведев ўша вақтда президент бўлган эди. Кейин у Путинга президентликни яна қайтариб берди ва ўзи саккиз йил давомида бош вазир бўлди.

Медведев президентлик даврида Путинга нисбатан анча либерал кўринарди. Бироқ, шанба куни у бир қатор таҳдидлар билан чиқди. Ҳатто, Кремлнинг энг шафқатсиз шахслари ҳам шу пайтгача бундай баёнотларни тилга олмаган эди.

Медведевнинг таъкидлашича, санкциялар Кремлга Ғарб билан алоқаларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш учун бир сабаб бўлиб, Москва АҚШ ва Россия ядровий арсеналларини чекловчи “Янги START” ядро қуролларини назорат қилиш шартномасидан воз кечишига сабаб бўлиши мумкин.

Медведев мазкур келишувни 2010 йилда ўша пайтдаги АҚШ президенти Барак Обама билан имзолаган. Шартнома ҳар бир мамлакатдаги ядро каллаклари 1550 тадан кўп бўлмаслигини, ракета ва бомбардимончи самолётларни 700 дан оширмасликни, шунингдек, мувофиқликни текшириш учун жойларда кенг кўламли текширувлар ўтказишни назарда тутади. Ядро қуролларини назорат қилиш бўйича АҚШ ва Россия ўртасидаги сўнгги битим муддати 2021 йил февралида тугаши керак эди, аммо Москва ва Вашингтон уни яна беш йилга узайтирди.

Агар Россия ҳозир келишувдан воз кечса, АҚШ ва Россия ядровий кучлари устидан текширувлар ҳам бўлмайди ва бу глобал хавфсизликка янги таҳдидларни келтириб чиқаради.

Медведев Ғарб давлатлари билан дипломатик алоқаларни узиш истиқболи ҳақида гапирар экан, "дипломатик муносабатларни сақлаб қолишга алоҳида эҳтиёж йўқ", деб иддао қилди. Медведев Ғарбнинг Россия компаниялари ва шахсларининг активларини музлатиш ҳақидаги таҳдидларига ишора қилиб, Москва ҳам худди шундай қилишдан қайтмаслиги ҳақида огоҳлантирди.

Россия ҳукумати юқори даражадаги мустақил ахборот агентликларидан Украинадаги жанглар ҳақида ҳукумат чизган чизиқдан ташқари чиқадиган хабарларни олиб ташлашни талаб қилди.

Россия давлат коммуникациялар регулатори Роскомнадзор “Россия қуролли кучларининг Украина шаҳарларини ўққа тутгани ва Россия армиясининг ҳаракатлари натижасида Украинада тинч аҳоли ҳалок бўлгани ҳақидаги, шунингдек, давом этаётган операция “ҳужум”, “босқин” ёки “уруш эълон қилиш” деб аталган хабарлардан олиб ташлашни талаб қилди, акс ҳолда, катта жарима ва чекловлар қўлланилиши ҳақида огоҳлантирилди.

Жума куни Кремль томонидан қўллаб-қувватланадиган бир қанча оммавий ахборот воситаларининг аккаунтлари чекланишига жавобан, Facebookка киришда “қисман чекловлар” пайдо бўлди.

Шанба куни россиялик кўплаб интернет фойдаланувчилар сўнгги йилларда Россияда норозилик кучайишида катта роль ўйнаган Facebook ва Twitterга киришдаги чекловлар ҳақида ёзди.

XS
SM
MD
LG