Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:10

"Дунёга очилаётган" Ўзбекистон сиёсий ёпиқлигича қолмоқда


Шу йил июлида 7 йиллик янги муддатга қайта сайланиши кутилаётган Шавкат Мирзиёев 2037 йилгача ҳокимиятда қолиши мумкин.
Шу йил июлида 7 йиллик янги муддатга қайта сайланиши кутилаётган Шавкат Мирзиёев 2037 йилгача ҳокимиятда қолиши мумкин.

Ўзбекистон май ойида хабарларга бой бўлди. Бир томондан, Президент Шавкат Мирзиёев навбатдан ташқари президент сайлови ўтказилишини эълон қилди. Унинг ўзига хайрихоҳ учта бошқа номзод билан “беллашиши” Ўзбекистоннинг сиёсий жиҳатдан ёпиқлигича қолаётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Бошқа томондан, йигирма йиллик танаффусдан сўнг Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) қайтиши сармоя ва кредитга чанқоқ ҳукуматнинг глобал иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга интилаётганини кўрсатади. Мирзиёевнинг ўтмишдоши Каримов даврида бу каби интилиш йўқ эди.

Конституциявий ўзгаришлар қабул қилинган референдумдан бир ҳафта ўтиб, 9 июль куни муддатидан олдин президентлик сайловлари ўтказилиши эълон қилинди.

Мухолифатсиз ўтган референдумнинг муҳим оқибатларидан бири Мирзиёевга президент сайловларига яна янгидан номзодини қўйишига йўл очилгани бўлди. 65 ёшли Мирзиёев камида 2037 йилгача ҳукмронлик қилиши мумкин. Бу вақтга келиб у салкам 21 йил лавозимда бўлади. Конституцияни ўзгартириш орқали ҳокимиятда қолиш Каримов чорак аср мобайнида ишлатиб келган усул эди.

Мирзиёев ҳали ҳам ислоҳотчими? ТАҲЛИЛ
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:36 0:00

Бироқ сўнгги йилларда кенгайиб бораётган 35 миллионлик бозорни кўзлаётган кўплаб хорижий компаниялар учун сайлов натижалари унчалик катта муаммо эмас, дейди S&P Global Market Intelligence бош таҳлилчиси Алекс Меликишвили.

Аслини олганда, Мирзиёевнинг ғалабаси “Ўзбекистонда сиёсий барқарорлик ва сиёсатнинг узлуксизлигини таъминлайди, хорижлик сармоядорлар бозорга кириш ҳақида ўйлаганда бунга эътибор қаратади”, дейди у Озодлик билан суҳбатда.

"Янги Ўзбекистон"

16 май куни ЕТТБнинг уч кунлик йиллик йиғилиши бошланган Самарқанд шаҳри бир вақтлар Шарқ ва Ғарбни боғлаган Ипак йўлидаги муҳим марказ бўлган. Ҳозирда бу шаҳар Ўзбекистоннинг туризм марказига айланмоқда.

Ўзбекистон охирги марта 2003 йилда Тошкентда ЕТТБнинг йиллик саммитига мезбонлик қилган ва ўшанда саммит халқаро жанжалга айланиб кетган эди.

Human Rights Watch ҳисоботида ЕТТБнинг ўша пайтдаги президенти Жан Лемьер ва Буюк Британия тараққиёт вазири Клэр Шорт Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини, айниқса, қийноқлар бўйича аянчли аҳволни яхшилашга чақирган маърузалари ҳақида сўз борган.

Хабарларга кўра, Каримов бу маърузалардан бетоқатланиб, “қулоқчинларини ечиб ташлаб, қулоқларини ёпиб олган”.

Ўшандан бери банк мамлакатдаги лойиҳаларини босқичма-босқич тўхтатди, Ўзбекистон эса тобора жаҳон ҳамжамиятида яккаланиб борди. 2005 йилда Андижонда ҳукуматга қарши намойишларнинг қонли бостирилиши ортидан аҳвол баттар ёмонлашди.

Ислом Каримовнинг Тошкентдаги ҳайкали, Самарқанддаги мақбараси ва Ўзбекистоннинг бош аэропорти номидан кўриниб турибдики, Мирзиёев ўз салафи меросига эҳтиром кўрсатмоқда. Аммо у сиёсий ислоҳотлардан кўра, иқтисодий ислоҳотлар устунлик қиладиган ва ўзи "Янги Ўзбекистон" деб ном берган мамлакатни Каримов давридан узоқлаштиришга ҳам уринмоқда.

Мирзиёев 17 май куни ЕТТБ Бошқарув кенгашига мурожаат қилар экан, Каримовни тилга олмаса ҳам, 2003 йилги йиғилишни аниқ эсга олди.

Шу ўринда бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман: Бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас.

Олти йил муқаддам бошлаган қатъий ислоҳотларимиз натижасида мамлакатимизнинг қиёфаси бутунлай ўзгарди. Бугун сиз, азизларни мутлақо янги муҳитда – дунёга кенг очилаётган, барча соҳаларда ҳамкорлик учун тайёр бўлган Янги Ўзбекистонда қабул қилаётганимиздан ғоят мамнунмиз”, – деб айтди президент.

"Ноллаштириш" олдидан: Мирзиёев Германияга сафар қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:31 0:00

Ошиб бораётган қарз

Ўзбекистон, шубҳасиз, ЕТТБ учун очиқ. 2022 йилда банк лойиҳаларнинг ўзига 900 миллион доллар сарфлади, бу Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига киритилган сармоядан анча кўп.

Мамлакат мустақилликка эришганидан бери банк киритган 4 миллиард долларнинг 3 миллиарди Мирзиёевнинг олти йиллик бошқаруви даврига тўғри келади.

S&P таҳлилчиси Меликишвилининг айтишича, “валюта ва олтин заҳираларининг соғлом ва барқарорлиги”, “Мирзиёевнинг Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш бўйича улкан режалари”ни ҳисобга олсак, унинг бошқаруви даврида ЕТТБ ва бошқа жойлардан олинган ташқи қарз тез ўсишидан хавотир олмаса ҳам бўлади.

“Бироқ, шубҳасиз, кўп нарса бу режаларнинг муваффақиятли амалга оширилишига боғлиқ”, дея қўшимча қилади у.

Мирзиёевнинг бутунлай ўзгарган Ўзбекистон ҳақидаги баёнотларига келсак, кузатувчилар бошқа жиҳатларга ҳам эътибор қаратмоқда.

Унинг ҳокимиятга келиши мамлакатда тизимли мажбурий меҳнатга чек қўйиш, сиёсий маҳбусларни озод қилиш ва сўз эркинлигига нисбатан кескин чекловларни юмшатишни тезлаштирган бўлса ҳам, ҳуқуқ фаоллари сўнгги уч йил ичида бу ютуқлар ортга кетаётганидан шикоят қилмоқда.

Айни пайтда, ўтган йили экологик вайрон бўлган Қорақалпоғистонда норозилик намойишларининг қаттиққўллик билан бостирилиши кўпчиликни жорий ва собиқ президентлар ўртасидаги фарқ борасида ўйлантириб қўйган.

“Бироз эркинлик берилганда, блогерлар, журналистлар ва фаоллар коррупция ва бошқа масалаларни кўтаришди, – дея тушунтиради конференцияда иштирок этган Швециядаги инсон ҳуқуқлари ташкилотининг ўзбекистонлик фаоли Гулноз Мамарасулова. – Бу эса расмийлар орасида жиддий хавотирларни уйғотган бўлиши мумкин".

Шундай ҳолатлардан бири хавфсизлик ходими Озодлик радиоси Ўзбек хизмати журналистига Мирзиёев администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқовни тасвирга олишига жисмоний тўсқинлик қилганда кўринди.

Бошқа томондан, қўриқчилар тадбирда рўйхатдан ўтган фаолни камалак рангдаги сумкаси туфайли ичкари киритмасликка ҳаракат қилди. Recourse CSO’дан фаол Незир Синани ниҳоят, анжуманга киришга муваффақ бўлди.

2003 йилдаги анжуманга қиёслаганда, ўша пайт HRW ташкилоти мамлакатда 60 дан ортиқ нодавлат ташкилотлари фаолият олиб борганини айтган. Бу сафар Ўзбекистондан атиги бир неча нодавлат ташкилотлари иштирок этди. Бу бир жиҳатдан, Каримов ҳукмронлигининг охирги йилларида нодавлат ноҳукумат ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш қанчалик қийинлашганини кўрсатса, иккинчи томондан, бу борадаги тўсиқлар ҳануз сақланиб қолаётганини намойиш қилади.

"Репрессия яқинлашмоқда"

Йиғилиш ўтган Конгресс маркази ўтган йили Ўзбекистоннинг энг машҳур маданий мерос объектлари нусхалари, шунингдек, беш юлдузли меҳмонхоналар ва кўркам конференция заллари бўлган ҳашаматли “Самарқанд Ипак йўли” лойиҳаси доирасида очилган эди.

Яқин Шарқдаги йирик хусусий энергетика ширкати вакилининг Озодликка айтишича, Ўзбекистон ширкатнинг ички бозоридан кейин иккинчи йирик бозори бўлиб, унинг лойиҳалари асосан яшил энергетикага йўналтирилган.

“Марказий Осиё Хитойдан кейинги муҳим бозор ва бу ерда катта талаб бор – 2030 йилга келиб ҳукумат энергиянинг 30 фоизи қайта тикланадиган энергия манбаларидан олинишини истайди, – дейди вакил. – Биз маҳаллий компаниялар билан ҳамкорлик қиляпмиз, бизнес-режамиз бор ва келгусида тендерларда ғолиб чиқишимизга ишонамиз."

Ўзбекистонга нисма учун келгани ҳақидаги саволга жавоб бераркан, америклик ишбилармон "газ конлари билан шуғулланиш ёки шунга ҳаракат", дея жилмайди. Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистонга охирги йилларда бир неча бор ташриф буюрган.

"Улар ҳали ҳам ўрганишяпти ва биз уларга шартномалар одатда бу саноатда қандай тузилишини ўрганишларига ёрдам беряпмиз. Лекин, албатта, имкониятлар бор”, дейди ўз номини ошкор қилмасликни сўраган тадбиркор.

Яқиндаги столда ўтирган Ўзбекистоннинг етакчи тижорат банкларидан бири “Asia Alliance Bank” вакили “яшил молия” бўйича Прагада бўлажак конференцияга сафаридан ҳаяжонда эканини айтди. "Бу биз учун янги йўналиш", деди у Озодлик радиосига.

ЕТТБ анжумани Ўзбекистонга қайтди. Қийноқлар ҳам
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:48 0:00

Мирзиёев ЕТТБдаги нутқидан сўнг дарҳол Хитойнинг Сиан шаҳрига 18-19 май кунлари бўлиб ўтадиган “Хитой-Марказий Осиё” саммитига йўл олди. Унинг 5+1 форматидаги дебюти ўтган йили онлайн шаклда ўтказилган эди.

Бу саммит президентнинг шу ой бошида Германияга сафаридан кейин ва июнь ойида режалаштирилган Италияга сафаридан олдин бўлди.

У сайловолди ташвиқот кунлари ўтиб кетишидан кўп ташвишланмаса ҳам бўлади.

9 июль куни амалдаги президент ҳукуматга мухолифлик тажрибасига эга бўлмаган, аксинча, унинг қўл остида ишлаган номзодлар билан беллашади.

Мирзиёев номзоди Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилгани ўзгаришдан кўра давомийликка далолат қилади.

Ўз навбатида, Мирзиёев администрацияси мулозимлари янада кўпроқ ривожланиш ҳақида гапирмоқда. Администрация раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов шу ҳафта бошида берган изоҳида Ўзбекистонда сўз эркинлиги даражасига 10 баллдан 5,5 балл бериб, “қилиниши керак бўлган ишлар хали кўп" деб айтган.

Ўзбекистон жорий ойда “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича йиллик рейтингида 180 мамлакат орасида 137-ўринга тушиб кетди, бу ўтган йилги рейтингдан тўрт поғона пастдир.

Аммо ногиронлар ҳуқуқлари бўйича тошкентлик фаол Дилмурод Юсупов фикрича, эркинликлар сўниб бораётганини билиш учун рейтингга қарашга ҳожат йўқ.

“Сиз буни ўз кўзингиз билан кўришингиз мумкин. Одамлар ўз-ўзини цензура қилишни бошлаган, – деди у Озодлик билан суҳбатда. – 2017 йилда эркинлик ҳавоси бор эди. Аммо ҳозир репрессия яқинлашаётганга ўхшайди”.

Форум

XS
SM
MD
LG