Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:39

"Ноумид шайтон" - Швецияда ўзбек ҳуқуқ фаоли ҳақидаги фильм экранларга чиқди


Швецияда суратга олинган "Ноумид шайтон" фильми ўзбек ҳуқуқ фаоли Дилобар Эркинзода ҳақида
Швецияда суратга олинган "Ноумид шайтон" фильми ўзбек ҳуқуқ фаоли Дилобар Эркинзода ҳақида

Швециянинг SVT миллий телеканали Auto Images AB ва Film i Skåne ҳамда Норвегиянинг UpNorth Film студиялари билан ҳамкорликда суратга олган ҳужжатли фильм экранларга чиқди.

"Ноумид шайтон" деб номланган фильм Ўзбекистонда акаси террорчи сифатида айбланиб, қамоққа ташланган кун ҳуқуқ ҳимоячисига айланган Дилобар Эркинзода ҳақида.

"Жаслиқ" қамоқхонасига ташланган акамнинг тирик қолиши ва озодликка чиқишига бўлган, синдириб бўлмас умид ҳақида бу фильм

"Ўзбекистонда ўлимга ҳукм этилган ва кейин"борса келмас" номини олган "Жаслиқ" қамоқхонасига ташланган акамнинг тирик қолиши ва озодликка чиқишига бўлган, синдириб бўлмас умид ҳақида бу фильм аслида", - дейди асар қаҳрамони Дилобар Эркинзода Озодлик билан суҳбатда.

Акаси қамоққа ташланганида Дилобар атиги 20 ёшда эди ва бу уни сиёсий фаолликка ундаган
Акаси қамоққа ташланганида Дилобар атиги 20 ёшда эди ва бу уни сиёсий фаолликка ундаган

Дилобар 1999 йилда Тошкентдаги ҳукумат биноларига номаълум шахслар ҳужумидан сўнг 2002 йилда терроризмда айбланиб, ҳибсга олинган Искандар Худайбергановнинг синглисидир.

Искандар ўша пайтдаги Ислом Каримов режими томонидан ўлимга ҳукм қилинганди.

Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилингандан сўнг, Худайберганов қийноқлар ороли - "Жаслиқ" қамоқхонасига жўнатилди.

У қамоққа ташланганида Дилобар атиги 20 ёшда эди ва бу уни сиёсий фаолликка ундаган.

Оиласига хавф туғилиши ортидан Дилобар Эркинзода Ўзбекистонни тарк этди ва 2008 йилда Швециядан бошпана топди.

Яқин ўтмишдаги қатағон

Тўққиз йилдан ортиқ вақт давомида Дилобар акаси Искандардан хабар олмаган бўлса-да, озодликка чиқишига бўлган умид уни ҳеч қачон тарк этмаганини айтади.

"Бу яқин ўтмишда Ўзбекистонда бўлган қатағоннинг бир мисоли. Акамнинг қамалишидан тортиб, Швецияга келиб қолишим ҳақида ҳикоя қилинади бу фильмда. Акам билан мулоқот қилишимизга Ўзбекистонда тўсқинликлар бўлди, акамни тополмай, ўлик-тириклигини билмай қанча вақт юрдик. Қанча азоб кўрди акам. Лекин, ноумид шайтон дейишади-ку, акам чиқди қамоқдан", - дейди Дилобар Эркинзода.

Фильмнинг номи унинг қаҳрамони сўзларидан олинган.

"Тўрт йил аввал Швецияда Халқаро Амнистия ташкилоти ўтказган форумда қатнашгандим. Фильм режиссёри билан ўша ерда танишиб қолиб, акам ҳақида сўзлаб бергандим. Жуда таъсирланиб, шунақа таклиф бор, нима дейсан, кино олсак, деди. Мен рози бўлдим", - дейди Эркинзода.

"Қор маликаси"даги Герда каби қатъиятли"

Швед продюсери Магнус Герттен фильмни суратга олиш ғояси Дилобар билан 2016 йили бўлган илк учрашувда пайдо бўлганини айтади.

Дилобар "Қор маликаси" эртагидаги Қайни қутқарган Герда каби қатъиятли. 

"Дилобар Андерсеннинг "Қор маликаси" эртагидаги Қайни қутқарган Герда каби қатъиятли. Дилобарнинг ота-онаси ИИВда сўроқ қилинган. Онаси юрак хуружига учраган ва отаси калтакланган. Кўз олдида ўғлининг дўсти қийноққа солинган", - дейди Герттен.

Швед продюсери Магнус Герттен.
Швед продюсери Магнус Герттен.

Ўзбекистон у пайт Каримов тузуми остида эди.

Президент Ислом Каримов вафотидан кейин Ўзбекистонда сиртдан ўзгаришлар кузатила бошлади.

"Менимча, фильм Ўзбекистонда ўта долзарбдир. Янги режим бор у ерда, аммо Ўзбекистон ҳанузгача Каримов режими соясида яшамоқда. Ҳали ҳам тўлиқ демократия йўқ. Ҳали ҳам инсон ҳуқуқлари фаоли бўлиш хавфли. Ва бундан ҳам муҳими: амалдаги тузум томонидан ўтмиш билан шуғулланиш, қийноққа солинганларга адолат бериш ва Андижондаги қирғинни ҳал қилиш учун ҳеч қандай ҳақиқий уринишлар бўлмаган. Бунга жосуслик учун агентларни бошқа мамлакатларга юбориш ва ҳатто мухолифатдаги одамларни ўлдириш каби ҳодисалар бўйича тергов киради. Янги, соғлом ва демократик жамиятни яратиш учун апартеид йилларидан кейин Жанубий Африкадаги каби ярашиш жараёни бўлиши керак", - дейди Магнус Греттен.

"Дийдорлашиш насиб қилмаяпти"

Дилобар Эркинзода ҳам фильм долзарблигини йўқотмаган, деган фикрда.

"Биринчидан, бу яқин ўтмишда Ўзбекистонда бўлган қатағоннинг битта мисоли. Ҳозир нимага актуал десангиз, ўша ноҳақ қамалганлар қанчалик азоб кўрди. Мальмёда бўлган фильм намойишига келган аёллар кўзига ёш олиб томоша қилди. У ерда Африкадан келган қочқинлар ҳам бор эди, қизиқиб, мени ёнимга келганлар бўлди. Ўшаларни ҳам даҳшатга солибди. "Биз урушдан қочиб келдик, лекин бунақа даражада фожиани кўрмадик", - дейишди.

Ҳуқуқ фаолига кўра, Ўзбекистонда ноҳақликлар ҳозир ҳам бўляпти.

Акам озодликка чиқди, лекин дийдорлашиш насиб қилмаяпти.

Ноҳақликлар ҳозир ҳам бўляпти Ўзбекистонда. Акам озодликка чиқди, лекин дийдорлашиш насиб қилмаяпти. Реабилитация бўлмади, бу ерга келишига рухсат йўқ, мен ҳам боролмайман", - дейди Дилобар Эркинзода.

Бир ярим соат давом этадиган "Ноумид шайтон" фильми Швециянинг Мальмё шаҳрида 2020 йилнинг 20 ноябрь куни ўтказилган ҳужжатли фильмлар фестивалида бош совринни олди.

Февраль ойида фильм Ҳаага шаҳрида бўладиган ҳужжатли фильмлар фестивалида намойиш этилади.

Швециялик продюсери Магнус Греттен фильмни Ўзбекистонда ҳам намойиш этилишини хоҳлашини айтади.

- Афсуски, Ўзбекистонда фильм намойишини ташкил этишга биз ожизмиз. Ушбу ташаббус мамлакат ичкарисидаги одамлардан чиқиши керак. Имконият бўлганда биз намойишга тайёрмиз, - дейди Греттен.

"Ноумид шайтон" фильмини бу ерда томоша қилиш мумкин.

XS
SM
MD
LG