Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:36

Президент 113 маҳкумни афв этди. Озодликка чиққанлар орасида "диний" ва "сиёсий" 4 маҳкум бор


Ўзбекистонда диний ва сиёсий мотивлар билан айбланиб, озодликдан маҳрум этилган 4 маҳкум 27 август куни бирин-кетин озодликка чиқарилди.

Озод қилинган бу тўрт маҳкум президент Шавкат Мирзиёев 27 августда имзолаган фармонга билан афв этилган 113 маҳбусдан бир гуруҳидир.

“Ваҳҳобийлик" оқимининг Ўзбекистондаги етакчиларидан бири сифатида айбланган тошкентлик собиқ имом Руҳиддин Фахриддинов,

"Салафийлик" оқимининг Ўзбекистондаги етакчиларидан бири сифатида айбланган Искандар Худойберганов,

Конституциявий тузумга тажовузда айбланган навоийшунос олим Акром Малик,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд-тиббий экспертиза маркази собиқ ходими Рустам Абдуманноповлар муддатидан аввал озод қилинди.

Бир кунда кетма-кет қамоқдан чиқарилган маҳкумларнинг яқинлари ва ҳимоячилари, уларнинг озод этилиши ҳақида 26 август куни Жазони ижро этиш бош бошқармасидан хабар олишганини айтмоқда.

Рустам Абдуманноповнинг ҳуқуқий ҳимояси билан шуғулланиб келган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти етакчиси Абдураҳмон Ташановга кўра, унга 26 август оқшомида хабар берилган.

Инсон ҳуқуқлари фаолининг айтишича, Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси президентнинг авф қарорига мувофиқ маҳкум муддатидан аввал озод қилиниши ҳақида 26 август куни расман маълум қилган.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд-тиббий экспертиза маркази собиқ ходими бўлган Рустам Абдуманнопов конституциявий тузумга тажовуз ва жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тарқатишда айбланиб, 2017 йилда 9 йилга қамалган эди.

Ҳуқуқ фаоли 27 август куни эрталаб, Абдуманнопов сақланган Тошкент вилоят, Пскент туманидаги 64/50-сонли муассасага борганида, у ерда маҳаллий журналистларни учратганини айтди:

“Ўзбекистон-24” телеканалидан мухбирлар бор экан. Улар 27 август оқшомида эфирга узатиладиган махсус кўрсатув учун 4 маҳкум ва уларнинг яқинларидан интервьюлар олишди. Колония маъмуриятининг таъкидича, озод қилинаётган маҳкумлар, жумладан, Рустам ҳам президент афвига биноан озод қилинган”.

Шунингдек, 27 август куни қамоқда 15 йил жазо ўтаган Руҳиддин Фахриддинов ҳам озод этилди. Яқинлари унинг қамоқдан чиқиш жараёнини давлат телеканаллари журналистлари тўлиқ тасвирга олганини хабар қилди.

Яқинларига кўра, Фахриддинов 27 август куни эрталаб жазо муддати тугашидан 2 йилу 3 ой олдин озодликка чиқарилган.

"Қамоқ муддати 17 йил эди, 2 йилу 3 ой олдин чиқаришди. Афв билан чиқдилар, президентга афв сўраб, ёздириб олишган эди", деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Фахриддиновнинг яқинларидан бири.

27 август куни озод қилинган яна икки маҳбус: "Салафийлик" оқими етакчиларидан бири сифатида айбланган Искандар Худойберганов ҳамда конституциявий тузумига тажовузда айбланган навоийшунос олим Акром Малик ҳам озодликка чиқарилди.

Акром Малик муддатидан 2 йил олдин, Искандар Худойберганов эса 5 йил олдин озод қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 27 август кунги фармони билан жами 113 маҳбус афв этилди.

Расмий хабарга кўра, президент Мустақилликнинг 29 йиллиги арафасида “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолаган.

Афв этилган шахсларнинг 5 нафари асосий жазодан озод этилган, 53 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган, 15 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилган.

Шунингдек, 40 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилган.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов узоқ йиллардан буён қамоқда сақланиб келган бу маҳбусларнинг бир кунда кетма-кет озод этилиши қувонарли ҳол, деди:

“Билишимча, Руҳиддин Фахриддинов, Акром Малик, Рустам Абдуманнопов ва Искандар Худойбергановларнинг озод қилинишида Президент афвии қўлланилган. Улар ойлик маошларидан 20 фоиз ушлаб қолиш шарти билан озод қилинишган. Рустам Абдуманноповнинг озод қилиниши жараёнида кўплаб маҳкумларнинг озодликка чиқарилаётганига гувоҳ бўлдим. Дўстларимизнинг озод қилиниши жуда қувонарли ҳолдир” .

Акром Маликнинг озод этилишига муносабат билдирган «Эрк» демократик партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳ ҳам, бу жараённи олқишлади ва ҳукуматни бошқа сиёий маҳкумларни ҳам озод қилишга чақирди:

“Бу ҳаракатлар тенденцияга айланиб орқага қайтмайдиган тус олганда эса биз узоқ йиллардан бери орзу қилган сиёсий ислоҳотларнинг бошланганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Бошланган бу ижобий жараён яқинда Қозоғистондан экстрадиция этилиб, Тошкентда туҳмат асосида хибс этилган “эрк”чи муаллим Ҳуррам Бердиев ва ҳур фикри учун тўрт йилдан бери қамоқда ушланаётган Рустам Абдумавлонов, сохта айблар билан қамалган кўплаб диндорларнинг ҳам озод қилинишига умид уйғотмоқда”, деб ёзди Муҳаммад Солиҳ Facebook тармоғидаги саҳифасида.

Ўзбекистонни 30 йилга яқин бошқарган президент Ислом Каримов 2016 йилнинг сентябрида вафот этиши ортидан, 13 йил Ўзбекистонга бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёев президентликка келди.

Шундан бери сиёсий ва диний мотивлар билан узоқ йилларга қамалган 50 га яқин маҳкум озод этилди.

Аммо, диний мотивларда айбланган яна минглаб маҳкум панжара ортида қолмоқда. Уларнинг сафида, 27 август куни озод этилган 4 кишидан ташқари, яна бир қанча номи жамоатчиликка танилган шахслар бор.

Жумладан, Хьюман Райтс Вотч ташкилоти 2019 йилги ҳисоботида кинорежиссер Мирсобир Ҳамидқориев, журналист Владимир Калошин, собиқ ҳарбийлар Равшан Қосимов, Виктор Шин, Алишер Очилдиевлар ҳануз қамоқда қолаётганини таъкидлаган.

Қуйида 27 август куни озод қилинган 4 киши ҳақида қисқача маълумот билан танишинг:

Руҳиддин Фахриддинов:

Руҳиддин Фахриддинов манзхил колонияда, август, 2019 йил
Руҳиддин Фахриддинов манзхил колонияда, август, 2019 йил

Тошкентдаги “Хўжа Нуриддин” масжидининг собиқ имоми.

2006 йил ёзида Ўзбекистон Жиноят кодексининг 158- (“Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш”), 159- (“Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш”), 242- (“Жиноий уюшма ташкил этиш”) ва 244- (“Оммавий тартибсизликлар”) каби қатор моддаларида айбланиб, 17 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари айбловига кўра, Руҳиддин Фахриддинов 90-йиллар ўрталаридан Ўзбекистонда "исломий давлат қуриш йўлини танлаган турли экстремист оқимлар", жумладан, "ваҳобийлар оқими раҳнамоларидан бири"га айланган. Яқинлари Руҳиддин Фахриддиновнинг эсктремистик оқимларга алоқаси борлиги ҳақидаги айбловларни рад этиб келади.

Совет Иттифоқи даврида Ўзбекистон ССР Ўрмон хўжалиги вазири бўлган Фазлиддин Фахриддиновнинг фарзанди - Руҳиддин Фахриддинов Тошкент Давлат шарқшунослик институти араб тили бўлимини тугатган. 1992 йилдан бошлаб, беш йил давомида Тошкентдаги "Хўжа Нуриддин" масжиди имом-хатиби бўлган.

Фахриддинов 27 август куни Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги 14-сонли манзил колонияда озодликка чиқарилди.

Рустам Абдуманнопов:

Рустам Абдуманнопов озодликка чиқди, 27 август, 2020
Рустам Абдуманнопов озодликка чиқди, 27 август, 2020

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд-тиббий экспертиза маркази собиқ ходими.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 159- (“Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш”), 244- (“Оммавий тартибсизликлар”) моддалари билан айбланиб, 2017 йилнинг январида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ҳукми билан 9 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Жиноят иши маериалларига кўра, Рустам Абдуманнопов Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги суд экспертиза маркази ходими сифатида Ўзбекистон Халқ ҳаракати интернет нашрида жамиятга таҳдид солувчи, конституциявий тузумни ағдаришга қаратилган мақолалар ёзиб келган.

Шунингдек, 2016 йил августида Туркиянинг Истанбул шаҳрида "Эрк" партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ билан учрашиб, ундан 150 АҚШ доллари миқдорида қалам ҳақи олгани жиноят иш материалларига тиркалган.

Рустам Абдуманнопов 27 август куни Тошкент вилояти, Пискент туманидаги 64/50-сонли манзил колониядан озодликка чиқарилди.

Искандар Худойберганов:

Искандар Худойберганов қамоқхонада, июнь, 2020
Искандар Худойберганов қамоқхонада, июнь, 2020

Ўзбекистон Санъатшунослик институти талабаси бўлган.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг бир йўла 14 та моддаси, жумладан, 159- (“Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш”), 242- (“Жиноий уюшма ташкил этиш”) ва 244- (“Оммавий тартибсизликлар”) каби қатор моддаларида айбланиб, 2002 йилнинг 28 ноябрида Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида ўтказилган маҳкамада ўлим жазосига ҳукм қилинган.

Хавфсизлик идоралари томонидан "Салафийлар" диний оқимининг Ўзбекистондаги етакчиларидан бири сифатида кўрилган.

Ўзбекистон ўлим жазоси ижросига мораторий эълон қилиши ортидан 2007 йилда бу жазо умрбод қамоққа алмаштирилиб, жазо муддати 25 йил қилиб белгиланган эди, сўнгра бу муддат яна 2 йилга қисқартирилган.

И. Худойберганов 27 август куни Тошкент вилоятидаги 64/3-сонли Товоқсой қамоқхонасидан озод қилинди.

Акром Малик:

Акром Малик ҳибсга олинишидан бироз аввал, 2016 йил
Акром Малик ҳибсга олинишидан бироз аввал, 2016 йил

Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида мухолифат нашрларида қатор танқидий мақолалар ёзган, навоийшунос олим.

2016 йилнинг 22 июлида қўлга олинган, 2017 йилнинг 13 январида ЖКнинг 159- (“Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 244- (“Оммавий тартибсизликлар”) моддалари билан айбланиб, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди ҳукми билан 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Тергов ҳужжатларида қамоққа олинган пайтда Акром Маликнинг чўнтагидан "Ислом давлати" жангари гуруҳининг қора байроғи сурати жойлаштирилган флеш-карта ëзилган.

Бу ҳужжатларда Акром Маликнинг 2015 йилда "Эрк" партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ билан электрон почта орқали ёзишгани ҳам жиноят сифатида малакаланган.

Акром Маликнинг (Акром Маликов) ижодий ишлари Ўзбекистондаги газета ва журналларда нашр қилинган. “Буюр, кўнгилжоним” (2007), “Ўзликка талаб” (2012) шеърий тўпламлари чоп этилган. Мумтоз ўзбек адабиёти, хусусан , Алишер Навоий ижодига оид таҳлилий мақолалари чоп қилинган. "Алишер Навоий энциклопедияси" муаллифларидан бири.

27 август куни Тошкент шаҳридаги манзил колониядан озодликка чиқарилди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG