Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:39

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи собиқ директори манзил колонияда пичоқлаб кетилди


Журъат Мелиқулов
Журъат Мелиқулов

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи собиқ директори, 2014 йилнинг 20 августида суд ҳукми билан 15 йилга озодликдан маҳрум этилган Журъат Мелиқулов жазо муддатини ўтаётган Пскент туманидаги 64/75 манзил колонияда пичоқлаб кетилди.

Озодликнинг Журъат Мелиқулов яқинларидан олган маълумотига кўра, уч нафар номаълум шахс уни дўппослаб, пичоқ билан ияги ва сонига жароҳат етказган.

Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси бу хабарни тасдиқлади.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг собиқ директори Журъат Мелиқулов 3 июль куни эрталаб соат 5да жазо муддатини ўтаётган Пскент туманидаги 64/75 жазони ўташ муассасасидаги ҳудудда номаълум уч шахс томонидан калтакланган ва пичоқланган.

Ияги, сонидан пичоқ жароҳати олган Журъат Мелиқулов Пскент туманидаги касалхонага ётқизилган.

Тошкент вилояти Пскент тумани ички ишлар бўлимининг исми сир қолишини сўраган мулозими, шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

“Жазони ўташ муассасасининг 15 километр узоқда жойлашган беда экинзори бор. Журъат Мелиқулов яна икки маҳбус ўша ерда далага қараш ишлари билан шуғулланган. Улар вагонда яшашган. 3 июль куни эрталаб уч номаълум шахс ўша ерга бориб, Журъат Мелиқуловни чақиради ва ўртага олиб дўппослайди. Улардан бири пичоқ билан Мелиқуловнинг сонига ва иягига жароҳат етказган. Мелиқулов тан жароҳатлари олиб, касалхонага ётқизилган”, деди мулозим.

Унинг айтишича, жиноятчилар воқеа жойидан қочиб кетишган ва ҳозирда уларни қидириш ишлари олиб борилмоқда.

Пскент шошилинч тиббий ёрдам касалхонасининг исми сир қолишини сўраган шифокори, Журъат Мелиқуловга нисбатан жарроҳлик амалиёти ўтказилганини айтди:

“Иягидан ва чап сонидан чуқур тиғ жароҳати олган. Тирсак ва бармоқларида ҳам жароҳатлари бор. Ўша куни операция қилинган. Ҳозир аҳволи яхши, жарроҳлик бўлимида даволаняпти”, деди шифокор.

Пскент туманидаги жазони ўташ манзил колониясининг Озодлик суҳбатлашган, исми сир қолишини сўраган маҳкумларидан бирининг иддао қилишича, Журъат Мелиқуловга ҳужум қилганлар унинг директорлик пайтидаги эски душманлари томонидан юборилган бўлиши мумкин:

“Мелиқуловни калтаклаганлар спорт кийимидаги йигитлар бўлган. Менимча Мелиқулов директорлик пайтида озор берган одам шу йўл билан уни нимадандир огоҳлантирган. Бўлмаса, улар уч киши бўлган, тинчгина ўлдириб кетишлари мумкин эди. Мелиқулов ҳам йигитларни юборган одамни танийди, шекилли, милицияга ўзим йиқилиб тушдим деб, кўрсатма берган”, деди маҳкумлардан бири.

54 ёшли Журъат Мелиқулов февраль ойида Қаршидаги 64/49-жазони ижро этиш муассасасидан Пскентдаги 64/75-манзил колонияга ўтказилган эди.

Фарғона нефт заводи директори бўлиб ишлаган Журъат Мелиқулов 2014 йилнинг 20 августида Тошкент шаҳар суд ҳукми билан 15 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

“Элтуз” нашри қўлга киритган Журъат Мелиқулов жиноят ишидаги айбловда айтилишича, Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилган Журъат Мелиқулов ФНПЗда масъул вазифаларни бажарган беш киши билан бирга “жиноий тил бириктирган ва ўз вазифаларини суиистеъмол қилган ҳолда… ФНПЗ пул маблағларини тизимли тарзда ўмариш, пора олиш, Ўзбекистон иқтисодий манфаатларига зид равишда битимлар тузиш ва йирик миқдордаги солиқлардан бўйин товлаш билан шуғулланган”.

2015 йилнинг февралида Фарғонада Гулнора Каримова назорат қилиши иддао қилинган заводларнинг 60 мулозими судланган эди.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, Фарғона ёғ-мой заводи, Қувасой Цемент ва Қувасой Кварц заводлари раҳбарларидан олтмишга яқин одамнинг маҳкама жараёнида президентнинг қизи Гулнора Каримова назорат қилиши иддао қилинган ушбу корхоналарда раҳбар лавозимларида ишлаган шасхлар бир қатор молиявий жиноятлардан айбланиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинган эди.

XS
SM
MD
LG