Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:45

"Ўзлари келишиб олишсин". Трамп ва бошқа раҳбарлар Суриядаги воқеалар ҳақида


Дамашқ, Сурия. 8 декабрь, 2024
Дамашқ, Сурия. 8 декабрь, 2024

Якшанбага ўтар кечаси Башар Асад ҳукуматига мухолиф гуруҳлар Сурия пойтахти Дамашқни ўз назоратига олиб, режим ағдарилганини эълон қилишди. Президент Асад муҳтамалан учоқда мамлакатдан қочиб кетди. Президент Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков душанба куни Россия Асадга бошпана берганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, бу борадаги қарорни Путин қабул қилган.

Башар Асад режими қулагани ҳақидаги хабар дунёга ёйилиши билан турли мамлакатлар ҳукуматлари ва халқаро ташкилотлар Сурияда ҳукумат алмашганига ўз муносабатларини билдира бошлади.

АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден Суриядаги воқеалар ривожини “диққат билан кузатаётгани”ни билдирди. АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Асад режими Россия дастагидан маҳрум бўлгани сабабли қулаганини айтди. “Унинг ҳимоячиси – Владимир Путин бошлиқ Россия уни ҳимоя қилишдан ортиқ манфаатдор бўлмай қолди”, деб ёзди Трамп ўзининг Truth ижтимоий тармоғида.

7 декабр куни эса Трамп Х ижтимоий тармоғида шундай ёзган эди: “Россия Украина билан банд, бу урушда 600 минг аскарини йўқотиб бўлган. Россия йиллардир Сурияни ҳимоя қилиб келди, аммо энди у исёнчилар ҳаракатини тўхтатишга қодир эмас. Энди уни Асадга қўшиб сиқиб чиқаришмоқда, бу улар учун энг маъқул йўл бўлса, эҳтимол. Нима бўлганида ҳам Сурия қоришди, у бизга дўст эмас. АҚШ у билан олди-берди қилмаслиги керак. Бу бизнинг жанжалимиз эмас. Ўзлари келишиб олишсин”.

БМТнинг Сурия бўйича махсус элчиси Отто Педерсен ўз баёнотида ушбу ҳафта воқеаларини Сурия тарихидаги “қарийб 14 йиллик азоб-уқубатлар ва таърифлаб бўлмас жудоликлар ниҳояси” деб атади. У фуқаролар уруши йилларида мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган сурияликлар уйларига қайтиб, оилаларига қовушишларига, Дамашқни ўз назоратига олган қуролли гуруҳлар эса халқаро ҳамжамият кўмагида мустақил Сурияни тиклаб қонун ва тартибга риоя этишига, тинч аҳолини муҳофаза қилишига умид билдирди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху 8 декабрни – Яқин Шарқ учун тарихий кун, ағдарилган Асад режимини эса “Эрон ёвузлик ўқи”нинг энг муҳим қисми деб атади. Нетаняхуга кўра, Суриядаги тўнтариш Исроил томонидан Асад ҳукуматининг асосий суянчиқлари бўлган Эрон ва “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳига берилган зарбаларнинг “бевосита натижаси”дир.

Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан дипломатларнинг Доҳада бўлиб ўтган учрашувида халқаро ташкилотлар ҳамда Яқин Шарқ мамлакатлари ҳукуматларини оқилона йўл тутишга ва Суриянинг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолишга чақирди. “Суриянинг янги раҳбарияти тартиб ва барча томонларни жалб қилиш тамойиллари асосида тузилиши лозим, токи ҳеч ким аламзада бўлиб қолмасин”, деди у.

Сурияда Асад режими қулади, унинг ўзи қочди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:18 0:00

Украина президенти Владимир Зеленский дунёни огоҳликка чақирди: “Ҳозир россияликлар Суриядан чекинишмоқда, аммо бу улар энди қайтишмайди ва яна ўзлари билан саноқсиз ўлимлар олиб келишмайди, дегани эмас”, дея Зеленскийдан иқтибос келтирмоқда Reuters агентлиги. Украина ТИВ раҳбари Андрей Сибига: “Путинга суянган барча диктаторларнинг ҳоли шунақа бўлади. Путин ундан умид қилган барчани мана шундай сотади. Эндиликда энг муҳими – Сурияда хавфсизликни тиклаш ва унинг аҳолисини зўравонликдан ҳимоя қилишдир”, деб ёзди. Вазирга кўра, Украина ҳокимият алмашувидан сўнг Сурия билан алоқаларини тиклашга тайёр.

Европа Иттифоқи дипломатик маҳкамаси раҳбари Кая Каллас Асад режими қулашида Россия ва Эроннинг ожизлигини кўрганини айтди. Асад режими ағдарилганини эса у “узоқ кутилган ижобий воқеа” деб атади.

“ЕИ учун устувор масала бу минтақада хавфсизликни таъминлашдир”, урғулади Каллас.

Россия ТИВ баёнотида шундай дейилади: “Б.Асад САР ҳудудидаги қуролли можаро иштирокчилари билан бўлиб ўтган музокаралардан сўнг президент лавозимидан бўшашга қарор қилди ва ҳокимиятни тинч йўл билан топширишга фармойиш бергач мамлакатни тарк этди. Россия ушбу музокараларда қатнашган эмас”. ОАВлар ва очиқ манбаларда Асад Суриядан қочиб кетиши олдидан мухолифлари билан музокара қилгани ёки бирон фармойиш бергани хусусида маълумот йўқ.

Россия ташқи ишлар маҳкамаси ҳам “Сурияда бўлаётган драматик воқеаларни катта ташвиш билан кузатаётгани”ни ва қуролли мухолифатга мансуб барча гуруҳлар билан мулоқот олиб бораётганини урғулади. ТИВга кўра, Суриядаги Россия ҳарбий базалари юқори жанговар шайлик ҳолатига келтирилган, айни чоғда уларнинг хавфсизлигига жиддий таҳдид йўқ.

Германия канцлери Олаф Шолц Башар Асад ўз халқига зулм қилганини таъкидлади. “У сонсиз-саноқсиз одамларнинг умрига зомин бўлди, кўплаб одамларни Суриядан қочишга мажбур қилди ва улардан бир қанчаси Германияга келган”, дея канцлердан иқтибос келтирмоқда Deutsche Welle. Шолц эндиликда мамлакат ҳудудида “қонун ва тартиб-интизомни тиклаш” муҳимлигини ва Суриядаги можаро БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан 2015 йилда қабул қилинган 2254-сонли резолюция доирасида сиёсий воситалар билан ҳал этилиши мумкинлигини урғулади. Мазкур резолюция мамлакатда БМТ кузатувида сайлов ўтказишни ва конституцияни ишлаб чиқишни назарда тутади.

Франция президенти Эммануэл Макрон Х ижтимоий тармоғида қисқа қилиб: “Ёвуз давлат қулади. Ниҳоят”, дея хабар қолдирди, сўнгра Франция Яқин Шарқ хавфсизлигини қўллаб-қувватлашига ваъда берди.

Сурияда фуқаролар уруши 2011 йилда бошланган. Унда турли қуролли гуруҳлар ва сиёсий кучлар иштирок этмоқда. Россия қўшинлари урушда 2015-2020 йилларда фаол қатнашган, бу даврда ҳукумат кучлари Россия ва Эрон кўмагида мамлакат ҳудудининг катта қисмини эгаллашга муваффақ бўлган. Бироқ 2024 йил ноябрда мухолиф гуруҳлар яшин тезлигида ҳужум бошлади ва икки ҳафтадан сўнг Асад режими қулади. Ғарб мамлакатлари Сурия ҳукуматини оммавий қотилликлар ва қатағонларда, шунингдек бир неча ҳолатда кимёвий қурол қўллаганликда айблаб келар эди. Шунга қарамай Ғарб мамлакатдаги қуролли ҳаракатларга аралашмаган.

Форум

XS
SM
MD
LG