Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:44

Душанбеда бокираликни исботлашни сўраб докторларга 1 йилда 600 марта мурожаат қилинди


T
T

Cўнгги йилларда Тожикистонда қизларнинг бокиралиги муҳим ижтимоий масаласига айланиб, ҳар йили ӯнлаб ёш оила бокиралик билан боғлиқ жанжаллар ортидан тиббий экспертизага мурожаат қилишга мажбур бӯлмоқда.

Тожикистонда, қўшни давлатлардаги каби, оила қуришда турмушга узатилаётган қизнинг бокира бўлиши энг муҳим жиҳатлардан бири ҳисобланади.

Жанубий Тожикистондаги Кӯлоб шаҳрида яшайдиган 18 яшар Дилором тӯйдан аввал жинсий алоқа қилмаганини исботлаш учун тиббий экспертизага мурожаат қилишга мажбур бӯлган.

Дилоромга кӯра, тӯйдан кейин эри уни бузуқликда айблаб, хӯрлаган.

“Эрим яқинларига “келин бокира эмас”, деди. Гуноҳсизлигимни исботлаш учун тиббий экспертизага бордим. Бокиралигим исботланди. Энди мени одамлар олдида хӯрлаган эримга қайтиб боришни истамайман”, - деди Дилором.

Тожикистон Суд-тиббий экспертизаси марказининг маълумотига биноан, 2017 йили Душанбеда шифохоналарга бокираликни аниқлашни сўраб, фуқаролардан 600та ариза тушган.

Ариза топширганларнинг аксари тўй кечасидан бир кун ўтиб талоқ олган янги келинчакларнинг ота-оналаридир.

Ушбу марказ масъул ходими Умед Икромовнинг Озодликка айтишича, экспертиза ишончли бӯлиши учун бокираликни аниқлаш жараёни эрлар иштирокида ӯтади.

“Эрга қизлик пардаси ва махсус қонни бокиралик нишонаси сифатида кӯрсатамиз. Баъзи эр ва унинг яқинлари бундай экспертизага ишонмайдилар”, -деб айтади Умед Икромов.

Бокиралик баҳслари ва ёш оилалар парчаланишининг кӯпайиши ортидан 2016 йили Тожикистон парламенти тўйдан олдин қизларнинг бокиралигини текширишни назарда тутган қонунни қабул қилди.

Ӯтган йил ёзда жанубий Тожикистондаги Восе туманида яшовчи 18 яшар Ражабби Хуршед бокиралик жанжали ортидан сирка ичиб ӯз жонига қасд қилди.

Суд унинг эри Зафар Пировни турмуш ўртоғининг ўз жонига қасд қилишига сабабчи бўлган, деб топди ва 7 йилга озодликдан маҳрум этди.

Судда айтилишича, келиннинг бокиралиги борасидаги баҳс биринчи никоҳ оқшомида бошланиб, эр келиннинг бокиралигига шубҳа қилган ва икки марта уни пойтахтга экспертизага олиб борган. Қайта экспертиза ҳам Ражаббини тўйга қадар бокира бўлганини тасдиқлади, бироқ ёшларнинг турмуши уруш-жанжаллар билан ўтиб, оқибатда фожиа билан якунланди.

Зафар Пиров судда ўзини айбдор деб ҳисобламаслигини ва у рафиқаси ўлимини истамаганини айтганди. “Мен унинг ота-онаси тўйга сарфлаган 13 минг сомонини қайтаришини истаган эдим», дейди Зафар Пиров.

Анъанавий тожик жамиятида қиз тўйга қадар бокира бўлиши керак деган ақида мавжуд. Бокираликка янги оилада эр-хотин ўртасидаги ишонч асос сифатида қаралади.

Акс ҳолда никоҳнинг биринчи куни бокира чиқмаган келин шармандаларча эшикка кузатиб қўйилади. Бу каби қизларни ота-оналари ҳам қабул қилмайди. Уларнинг шаъни ва обрўси умрбод қоралигича қолади.

XS
SM
MD
LG