Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:38

Тожикистон ҳарбийларининг Ўзбекистондан ўтишига доир битим тасдиқланди


30 май куни Тожикистон парламентининг қуйи палатаси Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги Тожикистон ҳарбий юклари ва ҳарбий контенгентини Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит қилиш тўғрисидаги битимни ратификация қилди.

Тожикистон мудофаа вазирининг биринчи муовини Имомали Саидзода парламент сессиясида чиқиш қилиб, ушбу битим мамлакат қуролли кучлари учун ҳаётий аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.

“Мазкур битим доирасида Тожикистон ҳарбий юклари ва қуролли кучларининг автомобиль, темир йўл ва ҳаво орқали Ўзбекистон ҳудудидан транзит равишда ўтишларига имконият юзага келди. Айниқса, қуролли кучлар сафига чақириш жараёнида янги аскарларни Тожикистоннинг турли минтақаларига темир йўл билан Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит қилиш мумкин бўлади,” - деди генерал Саидзода.

Тожикистон ҳарбий юклар ва ҳарбий контенгентини Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит қилиш борасидаги битим жорий йилнинг 9 март куни, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи чоғида икки давлат мудофаа вазирлари томонидан имзоланган эди.

Тожикистон парламенти вакили Зайниддин Сафаровнинг Озодликка айтишича, мазкур битим икки қўшни давлат ўртасида ҳарбий масалаларда мавжуд муаммо ва чекловларга ечим топди.

“Охирги 9 йил ичида Тожикистон қуролли кучларининг Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит тарзда ўтишида жиддий муаммолар мавжуд эди. Аскарлар ва ҳарбий техникани қўшни мамлакат ҳудуди орқали ўтказиш учун Ўзбекистон томони билан музокиралар олиб боришга тўғри келарди. Энди бу муаммолар ҳал бўлди,” - деб айтди Зайниддин Сафаров.

Тожикистонлик таҳлилчиларнинг фикрича, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида 1993 йили “Дўстлик ва ҳамкорлик” ва 2000 йили “Абадий дўстлик” битимлари имзоланган эса-да, икки қўшни давлат ўртасида ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик тўхтаб қолганди.

Ўзбекистон тожикистонлик ҳарбийлар ва ҳарбий юкларни ўз ҳудуди орқали транзит қилишга рухсат бермасди.

Айни масалада икки мамлакат муносабатлари айниқса 1998 йил ноябрида кескинлашди.

Ўша йили 3-4 ноябрь кунлари исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиев кучлари шимолий Тожикистондаги Хўжанд, Панжакент шаҳарлари ва Айний туманини ўз назорат остига олди.

Ўшанда тоғларга қалин қор ёққани ва Душанбе-Хўжанд йўналишида автомобиль йўли ёпилгани боис Тожикистон ҳукумати шимолий Тожикистонга ҳарбий техника ва аскарларни ўтказиш учун рухсат сўраб Ўзбекистонга мурожаат қилганди.

Аммо Ўзбекистон томони транзитга рухсат бермади. Ортидан Тожикистон ҳукумати Ўзбекистонни исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиев кучларини қўллаб-қувватлашда айблаган.

2013 йили октябрида эса Душанбе-Конибодом пассажир поезди Ўзбекистоннинг Жиззах вилояти ҳудудида ҳалокатга учраган. Ушбу поезда 200га яқин аскар ҳам бор эди. Натижада 35 аскар яраланиб, шифохонда ётқизилган.

“Тожикистон темир йўл” ширкати Ўзбекистонни “Душанбе-Конибодом” поездини Жиззах темир йўлида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани ҳақида огоҳлантирмаганликда айблаган.

XS
SM
MD
LG