Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:33

Тожикистон парламенти транспорт қатновига оид Ӯзбекистон билан имзоланган битимларни тасдиқлади


Тожикистон-Ўзбекистон чегараси.
Тожикистон-Ўзбекистон чегараси.

Тожикистон парламенти қуйи палатаси Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган “Халқаро автомобиль қатновлари” ва “Ҳаво қатновлари” ҳақидаги битимларни ратификация қилди.

Ушбу битимлар 9-март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи чоғида имзоланган эди.

Тожикистон Транспорт вазири Худоёр Худоёрзода 25 май куни парламент сессиясида чиқиш қилиб, “Халқаро автомобиль қатновлари” ҳақидаги битим икки давлат ўртасидаги автомобиль қатновларини ривожлантириши ва бу соҳада мавжуд чекловларни бартараф этишга йўл очишини айтди.

Унинг айтишича, жумладан, ушбу битим асосида юк ташиш автомобилларининг Тожикистондан Ўзбекистон ҳудудига ўтиши осонлашади.

“Олдин Тожикистон юк ташиш машинлари халқаро TIR системаси орқали Ўзбекистон ҳудудини кесиб ўтарди. Мазкур системада 400 АҚШ доллари тўлаш билан бирга Ўзбекистон ҳудудини муайян вақтда, яъни 72 соат ичида тарк этиш лозимлиги кўрсатилган. Янги битим асосида, барча чекловлар олиб ташланган ва Тожикистон автомобиллари Ўзбекистон ҳудуди орқали Қозоғистон ва Россияга бориш имконига эга бўлди,” - деди Худоёр Худоёрзода.

Транспорт вазирининг қӯшимча қилишича, “Халқаро автомобиль қатновлари” битими парламентда тасдиқланиши ортидан Ўзбекистон билан чегара ўтказиш пунктларидаги инфратизимни яхшилаш, йўловчилар ва автомбилларнинг осон ва тез чегарадан ўтишлари каби муаммолар ечими осонлашади.

Айни дамда, парламент вакили Жаббор Аҳмадовнинг айтишича, икки мамлакат ўртасида автомобиль ва ҳаво алоқалари ривожаланиши баробарида соғлом рақобат юзага келади ва транспорт хизмати нархи арзонлашади.

Ҳозир Душанбе-Тошкент орасида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкати хизмат кўрсатиб, билет нарх бир томонга 110 долларни ташкил этади. Хужанд-Тошкент автобус йўналишида бир кишига билет нархи 50 сомоний ёки 50 минг сўмдир. Кўплаб йўловчилар Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳаво ва автобус алоқалари нархлари қиммат эканидан шикоят қилмоқда.

Тожикистон парламенти қуйи палатасининг раиси Шукуржон Зуҳуровнинг айтишича, “Халқаро автомобиль қатновлари” ва “Ҳаво қатновлари” борасидаги битимлар икки давлат ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро борди-келдининг ривожланишига хизмат қилади.

Ўтган йил апрелида Тошкент-Душанбе ўртасида авиақатовлар қайта йўлга қўйилди, бу йил 15 май куни 26 йиллик танаффусдан сўнг Тошкент ва Хўжанд шаҳарлари ўртасида автобус қатнови йўлга қўйилди.

Яқин кунларда Душанбе-Термез йўналишида автобуслар ҳаракати бошланиши кутилмоқда.

Икки мамлакат ўртасида 12 йўналишда автобус қатнови тикланиши режаланган.

XS
SM
MD
LG