4 февраль куни АҚШ президенти Доналд Трамп Қўшма Штатларнинг Ғазо бўлгасини эгаллаб олиш режасини эълон қилди. Режага кўра, фаластинликлар Исроил томонидан вайрон қилинган ҳудудни тарк этишади ва АҚШ бўлгани иқтисодий жиҳатдан "феноменал" ҳудудга айлантиради. Трампнинг режасига кўра, келажакда Ғазо бўлгасида бошқа кўплаб миллат вакиллари тинчлик ва ҳамжиҳатликда ҳаёт кечириши мумкин.
Трамп фаластинликлар қаерга кўчирилиши мумкинлиги ҳақида аниқ гап айтмади, аммо уларнинг бошқа мамлакатларга "доимий" жойлаштирилиши ғоясини дастаклашини билдирди.
Трампнинг Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг Вашингтонга ташрифи чоғида эълон қилган кутилмаган режаси дунёни ларзага солди. Рейтер агентлиги илк муносабатларни жамлаган.
ҲАМАСНИНГ ЮҚОРИ МАРТАБАЛИ АМАЛДОРИ САМИ АБУ ЗУҲРИЙ
"Ғазо секторидаги халқимиз бу режалар амалга ошишига йўл қўймайди. Бизнинг халқимизга нисбатан (Исроил томонидан) ишғол ва тажовузни тўхтатиш талаб қилинади, уларни ўз ерларидан ҳайдаб чиқариш эмас."
САУДИЯ АРАБИСТОНИ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
"Саудия Арабистони фаластинликларни ўз ерларидан кўчириш бўйича ҳар қандай уринишларни қатъиян рад этади. Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон қиролликнинг бу борадаги позициясини “аниқ ва равшан” тасдиқлади, бу ҳеч қандай вазиятда бошқача талқин қилиниши мумкин эмас."
ФРАНЦИЯ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ МАТБУОТ КОТИБИ КРИСТОФ ЛЕМУАН
"Франция Ғазодаги Фаластин аҳолисининг ҳар қандай мажбурий кўчирилишига қаршилигини яна бир бор таъкидлайди. Бу халқаро ҳуқуқнинг жиддий бузилиши, фаластинликларнинг қонуний интилишларига тажовуз, шунингдек, икки давлат ечими йўлидаги асосий тўсиқ ва яқин ҳамкорларимиз Миср ва Иордания, ҳамда бутун минтақа учун асосий беқарорлаштирувчи омил бўлади."
ИСПАНИЯ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРИ ХОСЕ МАНУЕЛ АЛБАРЕС
"Бу масалада жуда аниқ гапираман: Ғазо фаластинликларининг ватани ва улар Ғазода қолишлари керак.
Ғазо Испания қўллаб-қувватлайдиган келажакдаги Фаластин давлатининг бир қисми бўлиб, у Исроил давлатининг фаровонлиги ва хавфсизлигини кафолатлаган ҳолда ёнма-ён яшаши керак."
ИРЛАНДИЯ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРИ САЙМОН ҲАРРИС
"Бу масаладаги йўналиш жуда аниқ: бизга икки давлат ечими керак. Фаластин халқи ҳам, Исроил халқи ҳам хавфсиз, ёнма-ён давлатларда яшаш ҳуқуқига эга ва эътибор айнан шунга қаратилиши лозим. Ғазо аҳолисини бошқа жойга кўчириш ҳақидаги ҳар қандай ғоя БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларига тўғридан-тўғри зид келади."
МИСР ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРИ БАДР АБДЕЛАТТИЙ
Абделаттий Фаластин Бош вазири Муҳаммад Мустафо билан Ғазо секторини тиклаш лойиҳаларини фаластинликлар Ғазо секторини тарк этмасдан амалга ошириш муҳимлигини муҳокама қилди.
ФАЛАСТИН ПРЕЗИДЕНТИ МАҲМУД АББОС ВА ФАЛАСТИН РАҲБАРИЯТИ
Аббос фаластинликлар ўз ерлари, ҳуқуқлари ва муқаддас жойларидан воз кечмаслигини, Ғазо сектори Ғарбий Қирғоқ ва Шарқий Қуддус билан бирга Фаластин давлати ҳудудининг ажралмас қисми эканлигини таъкидлади.
ЭРОННИНГ ЮҚОРИ МАРТАБАЛИ МУЛОЗИМИ
"Эрон фаластинликларни кўчиришга оид ҳар қандай ҳаракатларга қарши ва бу ҳақда турли каналлар орқали ўз фикрини билдирган."
КРЕМЛЬ МАТБУОТ КОТИБИ ДМИТРИЙ ПЕСКОВ
Россия Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш фақат икки давлат ечими асосида мумкинлигини таъкидлайди. "Бу БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли қарорида мустаҳкамланган қоида, бу муаммога ушбу ишга алоқадор мамлакатларнинг кўпчилиги қўллаб-қувватлайдиган ғоя. Биз шунга асосланамиз, уни қўллаб-қувватлаймиз ва буни ягона мумкин бўлган ечим деб ҳисоблаймиз."
ХИТОЙ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
"Хитой барча томонлар ўт очишни тўхтатиш ва можарони ҳал қилгач, Фаластин масаласини икки давлат ечими асосида сиёсий йўл билан ҳал этиш тўғри йўлга қайтариш имконияти сифатида қабул қилинишига умид қилади."
ТУРКИЯ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРИ ҲОҚОН ФИДАН
АҚШ президенти Доналд Трампнинг Ғазони назорат қилиш режаси ҳақидаги фикрларини "қабул қилиб бўлмайди". Фаластинликларни "ҳисобга олмаган" ҳар қандай режа янада кўпроқ можароларга олиб келади.
ФАЛАСТИН ОЗОДЛИК ТАШКИЛОТИ БОШ КОТИБИ ҲУСАЙН АШ-ШАЙХ
"Фаластин раҳбарияти халқаро қонунийлик ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ икки давлат ечими хавфсизлик, барқарорлик ва тинчлик кафолати эканлиги тўғрисидаги қатъий нуқтаи назарини тасдиқлайди."
ИСЛОМИЙ ЖИҲОД
"Трампнинг позицияси ва режалари араб ва минтақавий миллий хавфсизликка таҳдид соладиган хавфли кескинлашувдир, айниқса АҚШ маъмурияти Фаластин халқи ва унинг ҳуқуқларига қарши қўймоқчи бўлган Миср ва Иорданияда."
БУЮК БРИТАНИЯ АТРОФ-МУҲИТ ВАЗИРИ СТИВ РИД
"Буюк Британия ҳукумати позицияси шуки, Фаластин тинч аҳолиси ўз уйларига қайтиб, ҳаётини қайта қуриши керак. Бу одамлар учун сўнгги ойлар даҳшатли бўлди ва улар бундан кейин уйга қайтиб, ҳаётларини қайта қуришлари жуда муҳим.
"Бунинг учун уларга халқаро ҳамжамиятнинг катта ёрдами керак бўлади, аммо бу барча муаммолар учун узоқ муддатли ечимга ва икки давлат ечими орқали узоқ муддатли тинчликка эришишнинг ягона йўлидир."
АВСТРАЛИЯ БОШ ВАЗИРИ ЭНТОНИ АЛБАНИЗ
"Австралиянинг позицияси бугун эрталабгидек, ўтган йилгидек ўзгармасдир. Австралия ҳукумати икки давлат ечимини қўллаб-қувватлайди."
ДЕМОКРАТ ВА КЕЛИБ ЧИҚИШИ ФАЛАСТИНЛИК АМЕРИКАЛИК АҚШ КОНГРЕССИ АЪЗОСИ РАШИДА ТЛАИБ
"Фаластинликлар ҳеч қаерга кетмайди. Бу президент фақат Конгрессда геноцид ва этник тозалашни молиялаштиришни икки партиявий қўллаб-қувватловга таяниб, бу сохта гапларни айтмоқда. Икки давлат ечимини қўллаб-қувватловчи ҳамкасбларимнинг баландроқ гапириш вақти келди."
АМЕРИКА ИСЛОМ АЛОҚАЛАРИ БЎЙИЧА КЕНГАШИ (АҚШ МУСУЛМОН ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТАШКИЛОТИ)
"Ғазо Қўшма Штатларга эмас, Фаластин халқига тегишли ва Президент Трампнинг фаластинликларни ўз ерларидан ҳайдаб чиқаришга чақириғи мутлақо мақбул эмас."
"Агар Фаластин халқи қачондир Ғазодан мажбуран кўчириб юборилса, бу инсониятга қарши жиноят кенг кўламли можароларни келтириб чиқаради, халқаро ҳуқуқни буткул поймол қилади ва давлатимизнинг халқаро обрўси ва мавқеининг қолган-қутганини ҳам йўқ қилади."
ПОЛ О' БРАЙЕН, ХАЛҚАРО АМНИСТИЯ ТАШКИЛОТИ АҚШ БЎЛИМИ ИЖРОЧИ ДИРЕКТОРИ
"Барча фаластинликларни Ғазодан чиқариб юбориш уларни халқ сифатида йўқ қилиш билан баробар. Ғазо уларнинг ватани. Ғазодаги ўлим ва вайронагарчилик Исроил ҳукуматининг минглаб тинч аҳолини, кўпинча АҚШ берган бомбалар ёрдамида ўлдириши натижасида юз бермоқда."
ДЕМОКРАТ АҚШ СЕНАТОРИ КРИС МЁРФИ
"У бутунлай ақлдан озибди... АҚШнинг Ғазога бостириб кириши минглаб АҚШ аскарларининг ҳалок бўлишига ва Яқин Шарқда ўн йиллаб давом этадиган урушга олиб келади. Бу қандайдир бемаза, кўнгилни айнитадиган ҳазилга ўхшайди."
Форум