Исроилнинг Ғазо секторидаги вайронкор уруши АҚШ ва Европа Иттифоқи террорчи деб таснифлаган ҲАМАС гуруҳининг жанговар кучини пасайтирди.
Бироқ, бу гуруҳ Исроилнинг 15 ойлик бомбалашлари давомида катта йўқотишларга учраган бўлса-да, Ғазода ҳукмрон куч бўлиб қолмоқда.
"ҲАМАС жуда заифлашган бўлса ҳам, аста-секин назоратни қайта қўлга олмоқда," деди Қуддус шаҳрида жойлашган Митвим институти раҳбари Нимрод Горен.
Исроил ҲАМАСни йўқ қилмагунча Ғазодаги урушни давом эттиришга ваъда берган эди. Аммо томонлар 15 январда ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни алмашиш бўйича келишувга эришди.
ҲАМАС 2023 йил 7 октябрда Исроилда ҳужум уюштириб, тахминан 1200 кишини ўлдирди ва 251 нафар одамни гаровга олди. Исроилнинг Ғазодаги жавобан олиб борган уруши, ҲАМАС назоратидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 46 000 дан ортиқ одамнинг ёстиғини қуритди, инфратузилманинг катта қисмини вайрон қилди ва 2,3 миллион аҳолининг аксариятини кўчиришга мажбур этди.
2007 йилдан бери Ғазони бошқариб келаётган ҲАМАС уруш пайтида ўзининг сиёсий ва ҳарбий раҳбариятининг катта қисмини йўқотди. Унинг раҳбари Исмоил Ҳания июль ойида Эронда Исроил томонидан уюштирилгани эҳтимол ҳужумда ҳалок бўлди. Унинг ўринбосари Яҳё Синвар эса октябрь ойида Ғазода Исроил кучлари томонидан ўлдирилди.
Исроил уруш пайтида 20 000 га яқин ҲАМАС жангчисини ўлдирганини таъкидламоқда, бу рақамга жангари гуруҳ эътироз билдирмоқда, бироқ ўз аъзоларининг қанчаси ҳалок бўлгани ҳақида маълумот бермаган.
Муқобил йўқ
Йўқотишларга қарамай, ҲАМАС Ғазодаги ҳокимиятни ушлаб турибди.
"ҲАМАС аввалгидек кучли бўлиши шарт эмас, чунки унга тенг келадиган бошқа муқобил куч йўқ," дейди Брюсселда жойлашган Халқаро инқироз гуруҳи катта таҳлилчиси Жером Древон.
Шундай бўлса-да, гуруҳ ўз сафларини тўлдираётган кўринади.
АҚШнинг юқори мартабали амалдорлари айтишича, ҲАМАС уруш пайтида йўқотган жангчилар сони билан тенг янги жангчиларни ёллаган, аммо улар хали тажрибали эмас.
Древоннинг фикрича, Исроилнинг ҲАМАС муаммосини ҳарбий йўл билан ҳал қилиш стратегияси муваффақиятсизликка учради. Унингча, бунинг муқобили фаластинликлар билан сиёсий келишувдир.
Бироқ бунга Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху ва унинг ҳукмрон коалициясининг ўнг қанот аъзолари қарши чиқмоқда.
"Улар учун сиёсий муроса йўқ, – дейди Древон Исроилнинг ўта ўнглари ҳақида. – Улар фақат тўлиқ ғалаба исташади."
19 январь куни Исроилнинг ўта ўнг қанот миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир Ғазодаги оташкесим битимига норозилик билдириш учун Нетаняху ҳукуматидан истеъфога чиқди. У келишув "Исроилнинг барча ютуқларини йўққа чиқаради" деб айтди.
Эроннинг иттифоқчиси
Древоннинг таъкидлашича, Исроил билан урушда омон қолган бўлса-да, Эрондан баъзи молиявий ва ҳарбий ёрдам олган ҲАМАС учун "ўз қурол-яроғ захирасини тўлдириш анча қийин бўлади."
Исроил 2007 йилдан бери Ғазога қуруқлик, денгиз ва ҳаво блокадасини ўрнатган. У Ғазонинг Миср билан 12 километрлик қуруқлик чегарасини назорат қилади. Исроил бир неча бор ҲАМАСни Мисрдан ер ости туннеллари орқали қурол-яроғ олиб киришда айблаган эди.
Исроилга кўра, Эрон ҲАМАСни қўллаб-қувватлашни давом эттириши мумкин, аммо гуруҳни молиялаштириш энди унинг учун асосий муаммо бўлмай қолади.
"Эрон учун приоритет – Эроннинг ўзидир, – деди Древон. – Улар учун Ғарб мамлакатлари ва АҚШ билан янги келишувга эришиш муҳим."
Эрон бир қатор йирик зарбаларни бошидан кечирганидан сўнг, илгаригига қараганда анча заиф ва ҳимоясиз аҳволда.
Оғир кечган 2024 йил давомида Теҳрон ўзининг минтақавий таъсири камайганини ва азалий душманлари Исроил ҳамда АҚШга қарши ҳарбий таъсири заифлашганини кўрди.
АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ уйга қайтганидан сўнг, Ислом Республикаси оғир қарорлар қабул қилиши керак бўлади. Теҳрон ва жаҳон давлатлари ўртасидаги ядро битими ҳам жорий йил охирида амал қилиш муддати тугайди. Трамп 2018 йилда ўзининг биринчи президентлик муддати даврида Қўшма Штатларни бу битимдан бир томонлама чиқарган эди.
Ҳатто Эрон ёрдами қисқарган тақдирда ҳам, Ғазода мустаҳкам ўрнашиб олгани ва босиб олинган Ғарбий қирғоқда қўллаб-қувватланишини ҳисобга олсак, ҲАМАС ҳали ҳам Фаластин ҳудудларида асосий ўйинчи бўлиб қолиши мумкин.
"Уни бутунлай йўқ қилиб бўлмайди," дейди Древон.
Форум