Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:50

Ўзбекистон музейидан ўғирлангани гумон қилинган 13 асар Москвада сотувга қўйилди


Уфимцев чизган "Самарқандга посилка жўнатиш" асарининг олдин Ангрен галереясида бўлгани айтилади.
Уфимцев чизган "Самарқандга посилка жўнатиш" асарининг олдин Ангрен галереясида бўлгани айтилади.

Ўзбекистонда яшаб ижод қилган таниқли рассом Виктор Уфимцевга оид 13 асар Москвадаги расм тижоратига оид Kupitkartinu.ru порталида жорий ҳафта бошида сотувга қўйилди. Бу асарлар икки ўзбек санъатшуноси иддаосига кўра¸ Ангрендаги Уфимцев галереясидан ўғирланган 66 та расмнинг бир қисмидир.

Озодликка бу ҳақда давлат комиссия аъзоларидан бири маълум қилди. Санъатшуносга кўра¸ тўрт ой тафтиш ўтказган экспертлар Уфимцев асарларидан олтитасининг алмаштирилиб қўйилгани ¸ олтмиштасининг эса таг-туби билан йўқ бўлганини аниқлаган.

“Мамлакат музейларида сақланаëтган авангард рассом Уфимцевга оид 1 минг 100 асардан 60 таси йўқ. Улардан энг камида 6 таси қалбакига алмаштириб қўйилган. Энг камида деганим шуки, ҳозир Уфимцев асарлари жиддий экспертизадан ўтказилмоқда. Бу экспертиза мобайнида яна қалбаки асарлар чиқиб қолиш эҳтимоли юксак”, дея таъкидлади тафтишда иштирок этган санъатшунос.

Уфимцев асарлари ғойиб бўлгани расмийлар тарафидан фош қилинганидан 4 йил ўтиб Москвадаги Kupitkartinu.ru портали бу рассомнинг 13 асарини сотувга қўйди.

Уфимцев асарлари сотилаëтган саҳифа
Уфимцев асарлари сотилаëтган саҳифа

Бундан олдин совет даврига оид тасвирий санъат асарлари савдоси билан шуғулланадиган Москвадаги “СОВКОМ” аукциони Ўзбекистон давлат музейидан ўғирлангани даъво қилинаëтган олтита картинани шу йилнинг март ойида сотувга қўйган эди.

Муаммосиз асарлар савдоси?

Озодлик мухбири шу кунларда Kupitkartinu.ru порталида сотувга қўйилган асарлар тарихи билан қизиқди.

"Уфимцевга оид икки қарич катталикдаги сурат салкам бир миллион рус рублига сотилмоқда"¸ дейди Kupitkartinu.ru тужжори Озодлик билан суҳбатда:

-Уфимцевга талаб катта. Умуман 30-йилларда Туркистонда ижод қилган рассомларга қизиқиш кучайган¸ дейди портал сотувчиси.

Сотувга қўйилган асарларнинг Ўзбекистон музейларидан ўғирланганига оид гумонларга жавобан бу санъатшунос:

- Биз буни синчиклаб текширамиз. Иложи бор қадар муаммосиз асарларни сотувга қўйишга ҳаракат қиламиз. Лекин сиз ҳам харидор сифатида текширсангиз¸ зиëн қилмайди¸ деди Озодлик билан суҳбатда.

Мулозимлар саросимада

Озодлик мухбири Ангрен музейидан ўғирланган асарларнинг Москва тужжорлари қўлига тушиш эҳтимоли ҳақида Ўзбекистон Маданият вазирлигининг Музейлар бошқармаси ходими билан гаплашди.

Исми айтилишини истамаган бу мулозим Ангрен галереясидаги 1100 асардан иборат коллекция Ўзбекистон Давлат санъат музейи балансига ўтказилганлигини маълум қилди.

Музейда ишлайдиган ходимлардан бирининг Озодликка айтишича¸ Уфимцев асарлари 2005 йилдан бери Давлат санъат музейи хазинасида сақланади:

- Бунгача бу асарлар Ангрен галереясида сақланган. КП китоби (асарлар кирим қилинадиган китоби) музей талабларига кўра юритилмаган. Қоидага кўра¸ бу китобда расм описанияси ва энг камида битта фотосурат бўлиши керак. Бу нарсалар бўлмагани учун биз ўғирланган асарларни топа олмаймиз. Акт бўйича¸ Уфимцевнинг 60 асари ўғирланган ва олтита расм алмаштирилган. Лекин бу асарлар айнан Москвадаги Kupitkartinu.ru порталида сотувга қўйилган асарлар¸ деб айтишга 100 фоиз исботимиз йўқ. Мана Шавкат Миромонович ҳозир Москвага расмий ташриф билан борди. Шу масалани Россия тергов идоралари текшириб¸ асарларни қайтарса¸ деган умидимиз бор¸ дейди музей ходими.

"Уфимцев асарлари аввал ҳам ўғирланган"

Ўзбекистон давлат музейлари устидан назорат соҳасида узоқ йиллар ишлаган собиқ мулозим совет замонида машҳур бўлган Уфимцев асарлари 1991 йил - Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейинги 20 йиллик муддат давомида оз-оздан ўмарилган, деб иддао қилади.

Ангрен галереяси аҳволидан хабардор маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дмитрий Тихонов иддаосича, Уфимцев асарларининг мамлакат галереяларидан “ғойиб бўлиши" 1990 йилдан 2004 йилгача мунтазам тарзда кузатилган:

​- Ангрен галереясида 1986 йили Виктор Уфимцевга оид икки мингдан зиëд асар бўлган. Ҳозир шулардан қанчаси қолгани ҳам номаълум, - дейди ҳуқуқ фаоли бевосита ўзи кўрган ҳужжатларга асосланиб.

Уфимцев асарлари бўйича тафтишдан хабардор бўлган тошкентлик яна санъатшуноснинг шахси очиқланмаслик шарти билан айтишича, Ангрендаги тафтишга галерея жамламасининг асосий ҳужжати бўлган КП дафтари (книга поступлений) йўқ бўлиб қолгани туртки бўлган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дмитрий Тихонов иддаосича, галерея раҳбарияти расмларни сақлашга шароит йўқ¸ деган “афсонани яратиб"¸ йўқолган асарларни "ертўлада намдан чириб кетди", деган важ билан ҳисобдан чиқаришга ҳам уринган.

Марҳум президентнинг тўнғичи ҳам Уфимцевга ишқибоз эди

2013 йили Ўзбекистон президентининг тўнғич қизига оид уйни ишғол қилган ўзбек фаоли Сафар Бекжон бу уйда Ўзбекистон музейлари фондига оидлиги тахмин қилинган 60 та ўзбек тасвирий санъати дурдонаси борлигини аниқлаган эди.

​Сафар Бекжон эълон қилган картиналарнинг фотосуратларини кўрган санъатшунослар булар орасида 1964 йили оламдан ўтган Виктор Уфимцев мўйқаламига оид учта рангтасвир асари борлигини аниқлади. Бу картиналарнинг асл¸ ёхуд қалбаки экани ҳақида Озодликда аниқ маълумот йўқ.

Уфимцев асари
Уфимцев асари

Ўзбекистон Маданият вазирлиги қошидаги экспертиза бўлимининг исми сир қолишини истаган мулозимига кўра, Виктор Уфимцев асарларини мамлакатдан олиб чиқишга изн берилмайди:

- Мавжуд қонунга кўра,1964 йилгача чизилган расмларнинг Ўзбекистон чегарасидан ташқарига чиқарилишига изн берилмайди. Сиз расмнинг эгаси бўлсангиз ҳам уни олиб чиқа олмайсиз. Виктор Уфимцев каби таниқли рассомларнинг асари бўлган ҳолатда бу тақиқ янада қатъийлашади. Бу таниқли рассомларнинг асарлари 1964 йилдан кейин яратилган бўлса ҳам, бу асарлар дурдона экани боис¸ мамлакатдан чиқарилишига изн берилмайди, - деди Ўзбекистон Маданият вазирлиги қошидаги экспертиза бўлими мулозими.

Футурист рассомининг совет ўтмиши

1899 йили Россиянинг Жанубий Уралида туғилган Виктор Уфимцев "афсона излаб" Самарқандга келган ва тарихга "Туркистон авангарди" рассомлари деб кирган мусаввирлардан бири.

1923 йилда илк бора Самарқандга келган рассом Виктор Уфимцев асарларида ëрқин ранг ва шарқона унсурлар акс эта бошлайди.

1937 йили формалист рассомлар тазйиққа учраганидан кейин Уфимцев футуризм йўналишидаги изланишларини бир чеккага қўйиб¸ социалистик реализм услубида ижод қила бошлайди.

1946 йили КПСС сафига кирган рассом коммунистик мавзудаги асарлари билан ҳукумат эътиборига тушади.

1963 йили Уфимцев ëшлигида яратган икки мингга яқин асарини Ангрендаги галереяга ҳадя қилади. Бу асарларнинг аксари “Туркистон авангарди” ва “футуризм” услубида яратилган.

1964 йилда оламдан ўтган рассомнинг айни услубдаги асарлари жаҳон бозорида қадрланади.

Ўзбекистон Халқ рассоми Уфимцев 1960 йилда Меҳнат қизил байроқ ордени билан мукофотланган.

XS
SM
MD
LG