Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:14

Туркия бир ҳафтадан бери ўрмон ёнғинларига қарши курашмоқда (ВИДЕО)


Туркия бир ҳафтадан бери пляжлар яқинидаги ўрмонларни қамраб олган ёнғинларни ўчириш учун курашмоқда. “The Associated Press” агентлиги хабар беришича, чоршанба куни бошланган ёнғинлар бугунга қадар саккиз кишининг ҳаётига зомин бўлган.

Ёнғинлар кучли шамол ва жазирама иссиқ туфайли кенг ҳудудга тарқалган.

Аҳоли ва сайёҳлар ёнғин яқинидаги дам олиш масканларидан жон сақлаш учун қочиб кетган. Кўплаб қишлоқ аҳолиси уйи ва мол-ҳолини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Туркия бир ҳафтадан бери ўрмон ёнғинларига қарши курашмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:37 0:00

Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу душанба куни биргина Муғла вилоятидан 10 мингга яқин одам эвакуация қилинганини айтди.

Қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги вазири Бекир Пакдемирли “Twitter”да ўт ўчирувчилар ҳали ҳам Анталия ва Муғлада тўққизта ёнғинни ўчираётганини маълум қилди. Испарта, Денгизли, Измир ва Адана вилоятларида ҳам ёнғинлар давом этмоқда.

Вазир душанба куни Тунжели шаҳридаги ёнғин ўчирилганини маълум қилди. Ҳаммаси бўлиб чоршанбадан бери 30 дан ортиқ вилоятда бошланган 137 ёнғин ўчирилган.

“Ҳарорат 40 даражадан юқори бўлган, шамол кучли ва намлик жуда паст бўлган кунларни бошдан кечиряпмиз. Мана шундай оғир шароитда курашяпмиз”, деди Пакдемирли.

Якшанба куни ёнғинлар яқинлашаётгани учун Кокертме қишлоғи аҳолиси эвакуация қилинган. Қишлоқ яқинидаги иккита иссиқлик электр станциясини ҳимоя қилиш учун чора кўрилган.

Муғла вилоятининг денгиз бўйидаги Мармарис курорти яқинидаги Турунч шаҳри аҳолиси ҳам эвакуация қилинган.

Туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой душанба куни баъзи сайёҳлар таҳдид озайганидан кейин ўз меҳмонхоналарига қайтганини айтди.

Европа Иттифоқи Туркияга ёрдам бериш учун Хорватия ва Испаниядан ўт ўчирувчи самолётларни юборганини маълум қилди. Украина, Россия, Озарбайжон ва Эрон самолётлари ҳам ёнғин билан курашмоқда.

Испания ёрдамга иккита сув ташлайдиган самолёт, битта транспорт самолёти ҳамда 27 аскар юбораётганини билдирди.

Аввалроқ Туркия ҳукумати Ғарб давлатларидан ёрдам олишдан бош тортиб, ўт ўчириш ҳаракатларига путур етказаётгани даъво қилинган эди.

Пакдемирли буни рад этди. Вазир ҳукумат фақат беш тоннадан кам сув ташийдиган самолётлар кераксиз эканини айтганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, жами 16 та самолёт, 51 та вертолёт ва 5 мингдан ортиқ ходим ёнғинлар билан курашмоқда.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳукумати замонавий ёнғин ўчириш самолётларини сотиб олмагани учун танқидга учради.

Соғлиқни сақлаш вазири Фаҳреттин Кожанинг сўзларига кўра, ёнғинлардан зарар кўрган камида 27 киши шифохоналарда даволанмоқда, юзлаб одам эса даволаниб чиққан.

Ички ишлар вазири Сойлу расмийлар ёнғинлар сабабларини кўриб чиқаётганини айтди. Жумладан, ёнғинларга одамларнинг “эҳтиётсизлиги” ва курд жангарилари саботажи сабаб бўлган, деган тахминлар кўриб чиқилмоқда. Сойлунинг сўзларига кўра, бир шахс курдлардан пул олиб, ўрмонга ўт қўйишда гумонланиб, ҳибсга олинган.

Аммо мутахассисларнинг фикрича, ёнғинларга асосан иқлим ўзгариши ҳамда одамлар хатоси сабаб бўлмоқда. Аввалроқ Эрдўғон ёнғинлардан бирига болалар сабабчи бўлганини айтган эди.

XS
SM
MD
LG