Туркия шаҳарларида минглаб одамлар Истанбул мэри, президент Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг асосий сиёсий рақиби бўлган Акрам Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши норозилик намойишларига чиқди. Хабарларга кўра, полиция намойишчиларга қарши махсус воситалар қўллаган.
Истанбулда намойишлар шаҳар ҳокимияти биноси олдида, полиция бўлими олдида – Имомўғли уйи тинтув қилинганидан сўнг олиб кетилган жойда, шунингдек, университет олдида бўлиб ўтмоқда. Университет бир кун олдин мэрнинг дипломини бекор қилган ва уни президентликка номзод сифатида кўрсатиш имкониятидан маҳрум қилган эди.
ОАВ маълумотларига кўра, университет шаҳарчасида тўпланган талабаларга нисбатан полиция махсус воситалар ишлатган.
Истанбул вилоятида ҳокимлик томонидан кеча жорий қилинган ҳар қандай намойиш ва митингларга тақиқ амалда қилмоқда. Шунга қарамай, норозилик намойишлари давом этмоқда, улар Анқара пойтахти ҳамда бошқа шаҳарларда ҳам ўтказилмоқда.
Акрам Имомўғли 19 март куни тонгда ҳибсга олинганди.
У ва яна юзга яқин киши коррупцияга алоқадор жиноятларда ҳамда товламачилик билан шуғулланган жиноий гуруҳ тузишда айбланмоқда.
Туркия Адлия вазирлиги иш сиёсий тусга эга эмаслигини таъкидламоқда.
Аммо Истанбул мэри ўзига қарши таъқибларни "халқнинг иродасига зарба" деб атади.