Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:45

Гўзалликка тақиқ. Туркман аёлларининг қиёфаси ва саёҳат қилишига чеклов ўрнатилди


Ашхободдаги Миллий гилам байрамида анъанавий кийинган туркман аёллари. Туркманистон, 30 май, 2021.
Ашхободдаги Миллий гилам байрамида анъанавий кийинган туркман аёллари. Туркманистон, 30 май, 2021.

Туркманистонда бундан буён аёлларга «ёпишиб турувчи» кийим кийиш, сочларини бўяш ҳамда сохта тирноқ ёки киприк қўйиш тақиқланади. Бу ҳақда Озодлик туркман хизмати хабар бермоқда.

Толибон услубидаги янги тақиққа биноан, Туркманистонда йўл полицияси эндиликда шахсий автомашинани бошқараётган эркак ҳайдовчиларга, агар қариндошлик алоқаси бўлмаса, аёлларни машинасида олиб кетишни тақиқлайди. Шунингдек, аёлларга ҳайдовчининг ёнидаги олдинги ўриндиқда ўтириш ман этилади.

Туркманистонда оммалашган кўкракни катталаштириш, лабларни шишириш ёки ҳатто қош татуажи каби косметик амалиётларга қўл урган аёлларга қатор қўшимча тақиқлар жорий қилинди.

Хабарларга кўра, сўнгги ҳафталарда ўнлаб аёл кўкрак имплантларини ўрнатгани ёки лабларини шиширгани учун ишидан айрилган.

Бу норасмий чекловлар жорий ойда кучга кирган. Ўтган ойда Сердар Бердимуҳамедов хўжакўрсинга ўтказилган сайловда ғолиб чиқиб, отаси Гурбангули Бердимуҳамедов ўрнига президент курсисига ўтирган эди.

Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, полиция пойтахт Ашхобод ва Туркманистоннинг бошқа шаҳарларида жамоат жойлари ва идораларда мисли кўрилмаган рейдларни ўтказиб, сохта киприк ва/ёки тирноқ қўйган аёлларни тўплаб, полиция бўлимларига олиб кетган.

Ашхобод яшовчиларидан бирининг сўзларига кўра, аёллардан гўзаллик аксессуарларини олиб ташлаш ва тахминан 140 доллар жарима тўлаш талаб қилинмоқда. Бу сумма оддий туркманистонлик оладиган ойлик маошнинг ярмига тенгдир.

Болқон вилоятида яшовчи фуқаро полиция аёлларни кўчада ва жамоат транспортида тўхтатиб, лабларини шиширгани ёки йўқлигини текшираётганини айтди.

«Полиция аёллардан лабни тўлдирувчи воситалардан фойдалангани ёки йўқлигини текшириш учун юз ниқобларини ечишни талаб қилмоқда», - деди исмини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлаган аёл.

Шунингдек, ҳукумат эркак ҳайдовчиларга оила аъзоси бўлмаган аёлни шахсий машинасига миндиришни тақиқлади. Йўл полицияси йўловчи аёлни олиб кетаётган шахсий автомашиналарни тўхтатиб, аёлларнинг ҳайдовчига қариндош эканлигини исботлашни талаб қилмоқда.

Болқон вилоятида бир неча одам Озодликка эндиликда аёлларга таксида ҳам, шахсий транспорт воситаларида ҳам ҳайдовчилар ёнидаги ўриндиқда ўтиришга рухсат берилмаётганини айтди. Туркманистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам бу қоида жорий қилинганми ёки йўқми, номаълум.

Болқон вилоятидаги ҳайдовчиларнинг бири олдинги ўриндиқда аёл киши ўтирса, ҳайдовчи 2000 доллар жаримага тортилиши мумкинлигини айтди, ҳатто у аёл ҳайдовчининг оила аъзоси бўлса ҳам. Унинг сўзларига кўра, кечки соат 20:00 дан кейин ҳайдовчиларга қариндош бўладими ёки нотанишми, йўловчи аёлни машинасида олиб кетиш умуман тақиқланади.

Айрим истиснолардан ташқари, Туркманистонда аёлларга машина ҳайдаш тақиқланган, гарчи ҳукумат аёлларнинг рулда ўтиришини расман тақиқламаган бўлса-да.

Бунинг ўрнига расмийлар аёлларнинг автомобиль ҳайдашига амалда тўсиқ қўйиш учун турли усулларни қўллайдилар. Масалан, аёлларга ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш жуда мушкул қилиб қўйилган ва улар учун муддати ўтган гувоҳномани узайтириш катта муаммо.

Расмий эълон йўқ

Туркманистонда маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлланилаётган сўнгги чекловлар ҳақида ҳеч қандай расмий эълон ёки тушунтириш берилгани йўқ.

Офис ходимларининг айтишича, амалдорлар ва компания раҳбарлари аёллар кийими, пардоз-андози ва ташқи кўринишга оид янги қоидаларни муҳокама қилиш учун махсус йиғилишлар ўтказган, аммо бунинг сабабни тушунтиришдан ёки тақиқ ҳақида маълумот берилган ҳужжатлар нусхасини тақдим этишдан бош тортган.

Бунга ўхшаш чекловлар Туркманистонда бундан олдин ҳам киритилган, аммо улар амалда қатъий татбиқ қилинмай келаётган эди.

Мамлакат расмийлари аёлларни ғарб услубидаги либослардан ҳам, исломий ҳижобдан ҳам воз кечиб, анъанавий либосларни кийишга ундаб келишади.

Аёлларнинг анъанавий кийими узун, нақшинкор ва кўпинча рангли матодан тикилган либосдан иборатдир. Шунингдек, туркман аёллар кўпинча қарс ўрайди.

Анъанавий либос иш жойида, расмий йиғилишларда ва оммавий тадбирларда аёллар формаси вазифасини ўтайди.

Баъзи туркман аёллар Ғарб услубидаги кийимларни кийишади, гарчи туркман аёллари орасида мини юбка, калта, енгсиз кўйлак ёки кўкраги очиқ топ каби очиқ кийимларни кийиш оз учрайди.

Янги тақиқ бу чекловларни янада кучайтиради: бундан нари аёлларга жинси шим ва ҳар қандай ёпишиб турувчи кийим кийиш тақиқланади. 27 апрель куни Марвлик аёл Озодлик билан суҳбатда жинси шим кийган аёлларни қўлга олиш учун полиция кўчаларга сафарбар қилинганини айтди.

Миллий кийимдаги туркман аёллари.
Миллий кийимдаги туркман аёллари.

«Полиция уларни суратга оляпти, баённома тайёрлаб, аёлларни жаримага тортяпти», - деди исмини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлаган аёл.

Бунга ўхшаш ҳолат Ашхобод шаҳрида ҳамда Лебап ва Болқон вилоятларида ҳам қайд этилган.

«Мен ваъда қиламан»

Давлат секторида ишлаётган аёлларга нафақат ишда, балки жамоат жойларида ҳам қоидаларга риоя қилиш буюрилган. Бу ҳақда бир неча ишчи Озодликка сўзлаб берди.

Аёлларга бошқа кўплаб чекловлар қаторида тор кийим киймаслик, сочларини бўямаслик, қошларини татуаж қилмаслик, ботокс, сохта тирноқ ва киприк қўймаслик ҳақида тилхат имзолаш буюрилган. Уларнинг сўзларига кўра, ҳужжатда «Агар мен иш жойида ҳам, ишдан ташқарида ҳам бу талабларга риоя қилмай ташкилотимни шарманда қилсам, ишдан бўшатилишимга розиман», деган гап бор.

Озодликнинг Туркманистондаги мухбири кўплаб гувоҳларга таяниб, имзо чекишдан бош тортганлар ишдан ҳайдалганини хабар қилди.

2 май куни ашхободлик аёл ўз кўзи билан кўрган ҳолатларга таянган ҳолда:

«Ҳар куни эрталаб давлат идораларида амалдорлар ходималарнинг кийим-кечаги ва ташқи кўринишини текширади. Агар улар бирон нуқсон топишса, аёлларни ишхонага киритмайдилар ва камчиликни тузатиш учун уйларига жўнатадилар», - деди.

«Шунингдек, инспекторлар исталган вақтда қўшимча текширувлар учун офисга келишлари мумкин», - деди аёл.

Ашхободдаги бир қанча манбага кўра, сўнгги ҳафталарда камида 20 нафар стюардесса аёл ботокс ишлатишда ва лабларини шиширишда айбланиб, ишдан бўшатилган. Бундан ташқари, бир неча манба миллий темир йўл хизматининг 50 ка яқин аёл ходими кўкрак импланти қўйдиргани ва лабини шиширгани учун ишдан бўшатилганини билдирди.

Озодлик мухбири изоҳ олиш учун тегишли идоралар, жумладан, миллий авиакомпания, темир йўл хизматлари ва турли давлат идоралари билан боғланди, аммо жавоб олмади.

Тақиқлар ортидан мамлакат бўйлаб ўнлаб гўзаллик салони ёпилган, чунки полиция уларни мижозларга «тақиқланган» процедуралар ва хизматларни таклиф қилмаслик ҳақида огоҳлантирган.

Озодлик мухбирларининг хабар беришича, ҳуқуқ-тартибот идоралари апрель ойи бошида Мари вилоятидаги гўзаллик салонларида рейд ўтказиб, эгаларини янги қоидаларни бузса, катта миқдорда жаримага тортилиши ҳамда 15 кунга қамалишини айтиб, таҳдид қилган.

Сабр косаси тўлдими?

Туркманистонда норозилик намойишлари ва ҳукумат сиёсатининг жамоатчилик томонидан танқид қилиниши камдан-кам учрайди. Мамлакатда мухолифлар кўпинча қамоққа ташланади ёки мажбуран руҳий касалликлар шифохоналарига жойлаштирилади.

Аммо айрим фаоллар ва бошқа туркманларнинг айтишича, сўнгги чекловлар одамларнинг сабр косаси тўлишига сабаб бўлиши мумкин. Туркманистонликлар ўнлаб йилдан бери давом этаётган чекловлар ва тазйиқлардан чарчаган. Кейинги йилларда эса мамлакатнинг молиявий инқироздан боши чиқмай келади. Туркманистонда сурункали озиқ-овқат тақчиллиги, ишсизлик ва инфляция одатий ҳолга айланган.

Болқон вилоятида бир неча аёл Озодлик билан суҳбатда тоқатлари тоқ бўлганини ва ҳукуматга қарши оммавий намойишлар содир бўлиши мумкинлигини айтиши.

«Янги президент аёлларни ёмон кўрадиган одам бўлиб чиқди», - деди Болқон турғунларидан бири.

«Туркманистонда гендер тенглиги умуман йўқ», - деди у.

«Туркман аёллари бу чекловлардан ниҳоятда норози», - деди Туркияда сургунда яшаётган таниқли туркман фаоли Дурсолтан Тагаева.

«Ҳатто (мухолифат фаолларини) дастакламаганларнинг ҳам овози баландлашиб, бу ҳолат вазиятдан норозилик изҳор қила бошлашди», - деди у 2 май куни Озодлик билан суҳбатда.

27 апрель куни Ашхободда ғазабланган икки аёл жарима тўлашдан бош тортган ва уларни сохта киприклари туфайли тўхтатган полиция ходими билан баланд овозда жанжаллашган. Бу ҳақда ҳодиса гувоҳларидан бири Озодликка сўзлаб берди.

«Аёллар полициячидан (сохта киприкларни) тақиқловчи ҳужжат нусхасини кўрсатишни талаб қилишди», - деди гувоҳ.

XS
SM
MD
LG