Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:21

Чироқчида "ўзини осган" келин яқинлари прокуратуранинг ҳаракатсизлигидан шикоят қилмоқда


Чироқчидаги қабристон.
Чироқчидаги қабристон.

Қашқадарёда ўтган ой ўз жонига қасд қилгани айтилган ёш аёлнинг яқинлари ҳодисани ўрганаётган прокуратуранинг ҳаракатсизлигидан шикоят қилмоқда.

Чироқчи туманидаги хонадонлардан бирига бундан олти ой аввал келин бўлиб тушган 23 яшар Меҳри (Марҳуманинг тўлиқ исми Озодликка маълум) шу йилнинг 11 апрель куни уйининг ошхонасида ўлик ҳолда топилган.

Куёв томон Меҳри уйининг ошхонаси тўсинига ўзини осиб қўйганини иддао қилади ва нима сабабдан бу ишга қўл урганини билмаслигини айтади.

Меҳрининг яқинлари эса, унинг ўлимига "3 нафар қайин опаси ҳамда эри сабабчи" дея иддао қилмоқда.

Марҳуманинг беш ойлик ҳомиласи ҳам бўлган.

Марҳума яқинларининг Озодликка айтишича, жорий йилнинг 11 апрелида содир бўлган ҳодиса ортидан куёв томон Меҳрининг онасига у ўзини осиб қўйгани ҳақида хабар берган. Марҳума онасининг иддао қилишича, воқеа содир бўлишидан бир кун аввал қизи унга қўнғироқ қилиб «она, бизникига бир келиб кетинг, мен барибир яшай олмас эканман», деб айтган.

“Ўша куни куёвнинг опаси телефон қилиб, Меҳри бўлмади, ўлди, деб айтди. Ўзимдан кетиб қолдим. Кейин борсак, ўзини бир уйга ётқизиб қўйишибди. Олдида ҳеч ким йўқ. Ўзини осиб қўйибди, дейишди. Лекин менинг қизим ўзини ўлдирадиган қиз эмас эди. Агар ҳақиқат бўлса, ҳақиқатни чиқариб айтишсин. Ҳеч ким олдимга келиб бир оғиз гап айтмади, куёвим ҳам келмади. Қуда томондан ҳеч ким келмади”.

Онанинг сўзларига кўра, қизининг олти ойлик турмуши давомида у оиласидан жиддий шикоят қилмаган. Фақат, онанинг иддаосича, куёв томон Меҳрининг онасининг уйида кўп қолиб кетишини истамай жанжал қилиб турган. Сўнгги марта Меҳри онасининг туғилган кунига келган.

Марҳума опасининг иддао қилишича, Меҳрининг қайин опалари, уни уйнинг ошхонасига шарф билан ўзини осганини айтишган, қайин опаси эса "келинининг ўлимига сабабчи бўлгани"ни гўёки тан олган:

“Биз борсак, синглимни устига бир чойшаб ёпиб қўйишибди, нарёқдан куёвнинг иккита опаси чопиб келди. Бир опаси ерни муштлаб “мен қиб қўйдим-да, мен ўлдириб қўйдим-да”, деб айтди.

Меҳрининг отаси Тошкентдаги қурилишлардан бирида ишлайди. Ўша куни машъум хабарни эшитганидан кейин қизининг жанозасига етиб келган отанинг айтишича, қизида ҳеч қачон ўз жонига қасд қилиш аломатларини кўрмаган:

“Менинг қизим ўз жонига қасд қилди, деб ўйламайман. Куёвнинг опаларидан бирортаси тазйиқ ўтказгандир, тазйиқ ўтказмаса ўз жонига қасд қилмайди. Оилада зулм бўлган. Ё эри ёки опалари зулм қилгандир, шундай бўлди. Қизимнинг қорнида боласи бўлган. Боласини дунёга келтириш учун ҳам у ўз жонига қасд қилмаган бўларди".

Марҳума бирон руҳий муаммодан шикоят қилгани ёки шифокорлар рўйхатида тургани ҳақида Озодликда маълумот йўқ. Озодлик, шунингдек, марҳуманинг эри ёки номи зикр қилинган оила-аъзоларининг ўтмишда бирон зўравонлик содир этгани ҳақида маълумотга ҳам эга эмас.

Ўша куни воқеа жойига ИИБ ходимлари келишган ва жасад суд тиббий экспертизасига олиб кетилган. Бироқ, воқеа содир бўлганига қарийб икки ой бўлмоқда, ҳанузгача экспертиза хулосаси чиқмаган, жиноят иши очилган ёки очилмагани ҳақида ҳам хабар берилмаган:

Меҳрининг бобоси айтишича, ҳолат бўйича жиноят иши очишларини сўраб бир неча бора ИИБ ва прокуратурага ёзма ҳамда оғзаки мурожаатлар билан чиққан. Лекин унинг мурожаатлари жавобсиз қолмоқда:

“Ҳар куни прокуратурага бораман. Прокуратура суриштиряпмиз дейди. Лекин борганим ҳақида ёзиб оляпти. Лекин терговда ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Мана, қирқ кундан ошиб кетди, бизга ҳеч нарса айтмайди. Ҳақиқат юзага чиқишини, айбдорлар тегишли жазо олишини хоҳлайман”.

Озодлик Меҳрининг эри билан боғлана олмади. Опаларининг айтишича, у мардикорлик билан пул топади, ёнида мобил телефони йўқ.

Меҳрининг қайинопаси Гўзал Озодлик билан суҳбатда келинини жуда яхши кўргани, бу фожиадан қаттиқ қайғураётгани, келини ўлими сабаблари унинг учун ҳам жумбоқ бўлиб қолганини айтади.

Гўзалнинг сўзларига кўра, ўша куни келинини ошхонада ўз шарфига осилган ҳолда турганини 6 яшар жияни кўриб қолган. Дарҳол келинни дордан бўшатиб, қишлоқ врачлик пунктига олиб боришган. Аммо врач ўлим ҳолатини қайд этган:

“Нима сабабдан келиним ўзини осганини мен ҳам билмайманда, билганимда эди, бу даражада қийналмас эдим. Ўзим ҳам шок ҳолатига тушиб қолдим. Укам ҳам жуда қийналяпти. Меҳри ўзи жанажал қиладиган келин эмасди. Келинимни яхши кўрардим, жудаям. Ўзим ҳам ҳайронманда, нега ичингдаги дардингни айтмадинг Меҳри, деб армонда қолдим. Ўзи камбағал оиламиз, бир амаллаб йиғиниб-йиғиниб укамга келин қилган эдик. Бировдан кам бўлмасин деб укамни уйлантирган эдик. Энди бу аҳволга тушиб қолдик, ҳайронман”.

Гўзал “келинимни мен ўлдириб қўйдим” деган гапни айтганини инкор қилди.

Марҳума яқинларининг айтишларича, бу ишни Чироқчи туман прокуратураси терговчиси Илҳом Эшов тергов қилмоқда. Уларнинг иддаосига кўра, Тергов бошида ҳаммадан кўрсатма олган терговчи шу билан жимиб кетган, қарийб икки оайдан буён ҳеч кимни чақирмайди, прокуратурага борганларга ўзини кўрсатмайди.

Озодлик Чироқчи тумани прокуратураси билан боғланди. Ўзини таништирмган прокуратура ходимининг айтишича, Илҳом Эшов айни пайтда касал ва даволанмоқда. Б у ишни эса бошқа терговчи давом эттирмоқда. Прокуратура вакили янги терговчининг ким эканлиги ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортди.

Қашқадарё вилояти прокуратураси матубот хизмати бошлиғи Соҳибжон Ғайбуллаев Озодлик билан суҳбатда мавзуни ўрганиб Телеграм саҳифаси орқали жавоб беришини айтди. Аммо, Озодлик сўровларига жавоб бермади.

Озодликда чироқчилик ёш жувон оилавий зўравонлик қурбони бўлганини тасдиқловчи далил йўқ. Аммо оилавий зўравонлик Ўзбекистонда сўнгги йилларда жиддий муаммо экани расмий даражада эътироф этилган кўринишлардан.

2021 йилнинг ёзида anhor.uz сайти оиладаги зўравонлик ҳақида талаба Элина Рустамова ўтказган тадқиқот натижаларини эълон қилган эди.

Респондентларнинг кўпчилиги – пойтахтда ва республиканинг йирик шаҳарларида истиқомат қилувчи олий маълумотли аёллардир.

Маълум бўлишича, сўров 16 ёшдан 66 ёшгача бўлган 400 дан ортиқ аёл ўртасида ўтказилган. Сўралганларнинг 43 фоизи оилада зўравонликка учраганини маълум қилган.

Жаҳон банкининг "Аёллар, бизнес ва қонунлар - 2016" деб номланган ҳисоботида Ўзбекистонда аёлларни оиладаги зўравонликдан ҳимояловчи қонуний механизмлар йўқлигини танқид остига олган эди.

Улар орасида МДҲ ҳудудидаги уч мамлакат – Россия, Арманистон ва Ўзбекистон ҳам бор.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева ҳам тармоқдаги ўз саҳифасида оиладаги зўравонликни танқид қилиб постлар қолдирган. Улардан бирида шундай дейилади:

“Ҳар қандай кўринишдаги зўравонликни инкор этадиган, уни тоқат қила олмайдиган муҳит яратиш лозим! Бунга фақат таълим ва оммавий ахборот воситалари ишини тўғри йўлга қўйиш билан эришса бўлади”.

Ўзбекистонда оилада зўравонликка учраган аёлларнинг шикоятлари кўпгина ҳолларда маҳалладан нарига ўтмайди.

Мутахассисларга кўра, аксар ўзбек аëллари¸ хусусан¸ ëш келинлар ўз эрлари¸ қолаверса эрнинг яқинлари томонидан қилинаëтган жисмоний¸ руҳий ва жинсий тазйиқ ва таҳқирларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимлари¸ ëхуд ҳуқуқ фаоллари эътиборига олиб чиқишни ҳамон "номақбул ҳаракат" деб билади.

XS
SM
MD
LG