Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:53

Қирғизистон аёллар учун Марказий Осиёдаги энг хавфли мамлакат деб топилди (ВИДЕО)


Қирғизистон дунё ва аёллар хавфсизлиги рейтингида (WPS Index) 170 мамлакат орасида 97-ўринни эгаллади. Бу Марказий Осиё бўйича энг паст кўрсаткич.

Қирғизистон ИИВ маълумотига кўра, йил бошидан бери қарийб 8 мингта маиший зўравонлик ҳолатлари қайд этилган – бу ўтган йилнинг айни даврига қиёсан 30 фоизга кўпдир.

Ўтган ёзда журналист Айдай Тоқаева дугоналари билан Бишкек марказий кўчасидан кетаётганида ўткинчи эркак уларга очиқча шилқимлик қилгани ҳақида видео ёйинлаган эди.

“Видео тескари эффект берди: кўпчилик бизнинг ўзимизни айблашди. Гўё “очиқ-сочиқ кийиниб”, “бемаҳалда кўчада юриб” уни йўлдан оздирган эмишмиз. Шу воқеанинг ўзи‑ёқ Қирғизистонда аёллар эркинлиги билан боғлиқ вазиятни акс эттиради”, дейди Айдай Тоқаева.

Милиция ижтимоий резонанс кўтарилганидан сўнггина ишни ўрганишни бошлаган эди, шунда ҳам томонларни юзлаштиришдан нарига ўтмади. Айдай ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари унинг сўровларига жавоб бермай қўйганини айтади. Журналистга кўра, статистика юритилмаса-да, бунақа воқеага унинг ҳар бир дугонаси дуч келган.

“Ҳаммаси оддий шилқимлик, гап отиш ва ҳуштак чалиб чақиришлардан бошланади. Тегажоқ эркак йўлида тўсиқ кўрмайди, жазоланиш хавфини ҳис этмайди. Шу боис давом этаверади. Ва оилада унинг тийиқсизлиги рўй-рост юзага чиқади”, деб таъкидлайди Айдай Тоқаева.

Қирғизистоннинг рейтингдаги мавқеи уни ажаблантирмайди. Мамлакатда аёллар ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият, дарҳақиқат, жуда расво, деб ҳисоблайди журналист. Конфликтолог Асел Ази Тегин унинг фикрига қўшилса-да, Қирғизистоннинг бу борада Марказий Осиё давлатлари орасида энг қуйида қайд этилгани баҳсталаб ҳолат эканини айтади.

“Ҳа, бизнинг воқелигимиз шундай. Аммо масаланинг бошқа тарафи ҳам бор – ахборотнинг очиқлиги, ахборот олиш имкони бизда қўшни мамлакатларга қараганда анча юқори. Яъни, аслида бу реалликка жуда яқин, аммо қўшни давлатлардаги аҳвол биз кўриб турган рақамларни ҳар доим ҳам акс эттирмаслиги мумкин”, дейди Асел Ази Тегин.

Парламент депутати Наталья Никитенко аёллар ҳуқуқлари мавзусини бир неча бор муҳокамага олиб чиққан. Унинг сўзларига кўра, аёлларга нисбатан зўравонлик ёш аёл ва қизларга нисбатан амалга оширилаётган шов-шувли қотилликлардан кейин давом этмоқда. Депутат бунда ваъдаларига хилоф ўлароқ мамлакат бошқарувида аёллар иштирокини камайтираётган давлатни айбдор деб билади.

Ростдан ҳам, икки ҳафта олдин тузилган ҳукумат таркибида атиги битта аёл бор. Сайлов қонунчилигига киритилган янги тузатишлар эса аёлларнинг парламентга сайланишини янада қийинлаштиради. Яқинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Садир Жапаровдан шу мавзуда изоҳ сўрашди.

“Аёллар, кўчада эмин-эркин юрибсиз-ку, сизларга қарши гендер таҳдидлар йўқ-ку. Ҳукуматга келсак, ҳа, гендер мувозанатга доир камчиликларимиз бор. Давлат қўмиталари ва хизматларига аёллардан раҳбар тайинлаш билан бу хатоларимизни тузатамиз”, дея жавоб берди президент.

Сўнгги йилларда Қирғизистон жамияти қизларга нисбатан амалга оширилган бир неча мудҳиш қотилликдан ларзага келди.

Уч йил муқаддам бир эркак унга турмушга чиқишни хоҳламагани учун полиция идорасида Бурулай исмли 19 яшар қизнинг жонига қасд қилди.

Шу йили ёзда эса бир неча йигит 27 ёшли Айзада Қанатбековани олиб қочди.

Кейинроқ маълум бўлишича, жиноятчилардан бири унга уйланмоқчи бўлган, лекин рад жавобини олгач, уни шаҳардан ташқарига олиб чиққан ва бўғиб ўлдирган.

XS
SM
MD
LG