Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги махсус кучлари халқ орасида Шуҳрат "Домбрабадский" номи билан танилган 61 яшар Шуҳратилла Носировни 8 июнда Тошкентдаги уйидан олиб кетди. Бу ҳақда Озодликка унинг яқинлари ва Ички ишлар вазирлигининг исми сир қолишни сўраган юқори мулозими маълум қилди.
Яқинларига кўра, Шуҳратилла Носиров билан айни кунда унинг 62 яшар акаси Шавкат Носиров¸ орадан ўн кун ўтиб эса¸ унинг 55 яшар синглиси Гулнора Расулова ҳам олиб кетилган.
Илк бор 1993 йилда қамоққа олинган Шуҳратилла Носиров талончилик ва уюшган жиноятчиликда айбдор деб топилиб, 23,5 йил умрини пажаралар ортида ўтказган.
"Маски шоу"
Ички ишлар вазирлиги мулозимининг маълум қилишича, ака-ука Носировларни қўлга олиш бўйича "махсус амалиёт" ўтказилган.
"Махсус амалиёт ўтказилиб, аввалига Дўмбробод массивида Шавкат Носиров ушланган, кейин унинг укаси Шуҳрат Носиров уйидан олиб кетилган," - деди Ички ишлар вазирлиги мулозими.
Бу маълумотни тасдиқлаган Носировлар яқинларидан бири¸ ака-укалар яшовчи маҳаллада "маски-шоу" уюштирилганини айтди.
"Ўнлаб ниқоблилар бутун маҳаллани ўраб олган. "Маски-шоу" қилиб юборишган. Воқеа кечки 7-8ларда бўлган. Аввал кўчадан уйга қайтаётган Шавкат акани милиция машинаси ичида кутиб ўтирган ходимлар қўлига кишан солиб, олиб кетишган. Кейин Шуҳрат акани уйига бостириб кириб, унга қарашли учта ҳовлини тинтув қилишган. Кейин униям олиб кетишган," - деди Носировлар яқинларидан бири.
Ички ишлар вазирлиги мулозимининг қўшимча қилишича, ака-ука Носировлар ҳозирда вазирлик ертўласида ушлаб турилибди.
Орадан ўн кун ўтиб Носировларнинг синглиси Гулнора Расулова ҳам ҳибсга олинган.
Ҳуқуқ-тартибот тизимидаги бошқа бир расмий мазкур ишнинг Ички ишлар вазирлиги назоратида эканини билдирди.
30 минг доллар
Шуҳрат Носиров маҳалладошларидан бирига кўра, ака-ука Носировларнинг ҳибсга олинишига уларга қарши Носировлар холаваччаси Баҳодир Шароповнинг ҳуқуқ-тартибот органларига шикоят қилгани сабаб бўлган.
Носиров¸ холаваччаси Баҳодир Шароповнинг Дўмбробод даҳасида жойлашган ҳовлисини сотиш режасидан ғазабга келган, ундан уй ҳужжатларини қайтариб олган.
"Аслида бу ҳовли Шуҳрат аканики бўлган. Баҳодир Шаропов уйини сотиб юбормоқчи бўлганини эшитиб, Носировлар ундан ҳужжатларини қайтариб олишган. Бундан норози бўлган Баҳодир Шаропов милицияга шикоят қилган," - деди исмини ошкор этмасликни сўраган ака-ука Носиров маҳалладошларидан бири.
Бироқ Баҳодир Шаропов Озодлик билан суҳбатда ҳодисанинг мутлақо бошқача манзарасини тасвирлади:
- Мен шикоят қилмаганман. Шавкат ака, Шуҳрат ака менинг устимдан ёзган. Туҳмат қилган. Мен билмаганман. Менга туҳматлар қилган. Лекин ўзлари қилган бўлиб чиқди. Шунинг учун ўтирибди, - деди Баҳодир Шаропов.
Унинг иддао қилишича, холаваччалари уни 2017 йил ноябрида "30 минг доллар олдим" дея тилхат беришга мажбурлаганлар.
- Энди сиз Шуҳратни биласизми? У шофер эмас, у магазинчи эмас. Тушунтира олдимми? У авторитет бўлган одам. Шунинг учун ҳам унга қаршилик қилишим бефойда эди, - деди Баҳодир Шаропов.
Озодлик ҳозирда мазкур иш бўйича қўшимча маълумотларни аниқлаштиришга ҳаракат қилмоқда.
Шуҳрат "Домбрабадский" ким?
Шуҳратилла Носиров 1994 йили Тошкент шаҳар суди тарафидан уюшган жиноятчиликда айбланиб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва "раскрутка"лар билан 23,5 йил қамоқда ўтирган.
У 2016 йил 18 августда, Жазони ижро этиш бош бошқармаси қарори билан, муддати тугагани боис қамоқдан озод қилинган эди.
Тошкентликлар орасида Шуҳратилла "Домбрабадский" номи билан танилган Шуҳратулла Носиров 90-йилларда "ўғирланган машиналарни топиб берадиган" авторитет сифатида танилган.
Озодлик гаплашган яқинлари, қамоқдан чиққандан кейин Шуҳрат Носировнинг "ҳеч кимга қўшилмай, осуда" ҳаёт кечириб келаётганини билдирди.