Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:11

Ҳужжат: "Вақф" хайрия жамоат фонди халқ маблағини шубҳали лойиҳаларга сарфламоқда


"Вақф " фонди биноси
"Вақф " фонди биноси

Ўзбекистонликлар Рамазон рўзасини тутаëтган айни кунларда¸ расмий диний идоралар¸ масжид имомлари ўз қавмини "закот маблағларини ҳамда фитр ва фидя садақаларини “Вақф” ҳайрия жамоат Фонди ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳисоб рақамларига" ўтказишга даъват қилмоқда.

Айни шундай¸ ўзбекистонлик мусулмонларга коронавирус эпидемияси пайтида қийналиб қолган муҳтожларга ўз пул эҳсонларини ҳам "Вақф" фондига ўтказиш тавсия этилмоқда.

Давлат бюджети ва жамоатчилик хайриялари ҳисобига фаолият юрғизаëтган бу фонд¸ Озодликнинг яна бир суриштирувидан аëн бўлишича¸ бу маблағларнинг қачон ва нимага сарфланаëтгани борасида ношаффофлигича қолмоқда.

Озодлик ихтиëридаги ҳужжатлар ва фонд фаолиятидан бевосита хабардор мулозимлар кўрсатмаларидан¸"Вақф" хайрия жамоат фондининг тендер ўтказмай туриб¸ миллиардлаб сўм маблағни иқтисодий жиҳатдан зиëнли лойиҳалар учун эгаси шубҳали ширкатларга ўтказиб бергани тушунилади.

Хусусан¸ 2019 йилда Сурхондарëда “қурилган” меҳмонхона фондга катта зарар келтирган. Бу иддаони илгари сурган "Вақф" хайрия жамоат фондини яқиндан билган мулозимга кўра¸ бировлар хайрия тарзида берган тайëр бино "ўзимиз қурдик" деб расмийлаштирилган ва унга яна бир ярим миллиард сўм сарфланган. ​

Худди шу тарзда Самарқанд вилояти Челак туман ҳокими қарорига биноан текин ажратилган ерда “Вақф”га оид меҳмонхона қурилиши бошланган. Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги боис Озодлик билан исми сир қолишини сўраб гаплашган мулозимга кўра¸ ҳали қурилиш бошланмасдан туриб 2 миллиард сўм шубҳали қурилиш ширкатига ўтказиб берилган:

- Тендер ўтказилмади. Лойиҳа қурилиш сметасини ҳеч ким кўргани ҳам йўқ. 20 миллиард сўмга қуриб бераман¸ деб Sharqiy zamona qurulish МЧЖ ишни ўз зиммасига олган. Нега 20 миллиард? Қаердан чиқди бу сумма? Ҳеч қандай асос йўқ. Ҳали иш бошланмасдан туриб 2 миллиард сўмни қурилиш фирмасига ўтказиб беришди. Sharqiy zamona qurulish ширкати жорий муфтий Усмонхон Алимовнинг қариндошига тегишли.

Суҳбатдош ўз гапи исботи сифатида пул кўчирилгани ҳақидаги “Вақф” муҳри босилган молиявий ҳужжатларни Озодлик мухбирига эълон қилмаслик шарти билан кўрсатди.

"Вақф" хайрия жамоат фонди раҳбарининг моливий ишлар бўйича биринчи ўринбосари Зоҳиджон Тўраев Озодлик билан суҳбатда пул ўзлаштириш борасида иддаоларни изоҳламади¸ аммо қурилишларнинг тендерсиз ўтказилганини тасдиқлади:

-Тендер ўтказилмагани рост гап. Сурхондарё вилоятидаги Ҳаким Термизий зиёратгоҳи яқинида "Вақф" хайрия жамоат фондининг биринчи меҳмонхонаси биноси хусусий шахс тарафидан вақф қилиб¸ фондга берилгани ҳам тўғри. Бинони таъмирлаш ва мебеллар олиш учун бир ярим миллиард сарфланди. Челак туман ҳокими ажратган ерга қурилиши режаланган меҳмонхона буюртмасини тендерсиз тарзда OOO Sharqiy zamona qurulish ширкатига топширилди. Умумий қиймати 20 миллиардлик буюртма юзасидан 2 миллиард сўм қурилиш фирмасига ўтказилди. Ширкат эгасини "Эшон бобо" деб жуда ҳурматлашади. Менимча у фирма подставная, эшон унинг куратори, ўзини кўрмаганмиз, вакили келган фондга. Аммо пул ўзлаштиришни мақсад қилмаганмиз. Бошқалар фақат қонун олдида жавоб берса¸ биз ҳам қонун¸ ҳам Оллоҳ олдида жавоб берамиз.

Фонднинг молиявий масалалар бўйича раҳбар ўринбосари Зоҳиджон Тўраев ўз сўзида давом этиб¸ "20 миллиард деган лойиҳа қиймати ҳужжатлар билан асосланмаганлигини" таъкидлади.

- Ширкат эгаси умуман номаълум, таништирмаган ҳам. Шартнома тузиш учун Васийлик кенгаши "рухсати" олинган. Ҳеч қанақа тендер қилинмаган, номига маълумот хам йўқ. Муфтийнинг қариндоши, эшитишимча! 20 млрд. қиймат "осмондан" олинган, лойиҳа қилинмаган, умумий ташқи кўриниши расми чизилган холос. Хоналарнинг размери қанақа, нечта эконом, нечта 1 жойли, нечта люкс ва ҳоказо бўлиши муҳокама қилинмаган. "Катталар" хал қилишган бўлса керак, балки улар билишар!?

Суҳбатдош "катталар" деганда Ўзбекистон мусулмонлар идораси раҳбариятини назарда тутди.

Мусулмонлар идорасида раҳбарий лавозимлардан бирида ишлайдиган ва исломий андиша боис исми эфирда айтилмаслигини сўраган мулозим "Вақф" ташкилотининг фақат тижорату фойдани кўзлайдиган маскан бўлиб қолганидан норозилигини айтди.

Ҳакамлар судъяси "Вақф"дан пул олган

Челак туман ҳокими ажратган ерга қурилиши режаланган "Вақф" меҳмонхона буюртмасини тендерсиз тарзда қўлга киритган OOO Sharqiy zamona qurulish ширкатининг эгаси¸ Озодлик ихтиëридаги расмий регистрация ҳужжатларига кўра¸ Файзуллаев Шавкат Зубайдуллаевичдир.

Адлия вазирлигининг Тошкент шаҳри бўйича ҳакамлар судъялари расмий рўйхатида бўлган Шавкат Файзуллаев айни пайтда Ўзбекистон халқаро арбитраж ва ҳакамлик судларини ривожлантириш жамоат фонди муассиси ва эгаси ҳамдир.

Озодлик кўрган молиявий ҳужжатларда Файзуллаевга оид OOO Sharqiy zamona qurulish ширкати ҳисоб рақамига "Вақф" фонди томонидан 2 миллиард сўм ўтказилгани акс этган.

Озодлик мухбири OOO Sharqiy zamona qurulish ширкати раҳбари Шавкат Файзуллаев ҳақидаги маълумотларни Фонднинг молиявий масалалар бўйича раҳбар ўринбосари Зоҳиджон Тўраевга билдирди. "Вақф" мулозими Шавкат Файзуллаевнинг Челак туманидаги мехмонхона учун 20 миллиард сўмлик шартнома тузган мулозим эканлигини тасдиқлади.

Озодлик суҳбатлашган ҳуқуқшуносга кўра¸ Адлия вазирлиги тасдиғидан ўтган ҳакамлик судъясининг айни вазирликда қайд қилинган "Вақф" фонди қурилишини амалга ошириши мавжуд қонунчиликка зид эмас.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги матбуот хизмати "Адлия вазирлиги тасдиқлаган ҳакамлар судьясининг айни вазирликда қайддан ўтган фондаги шубҳали қурилишлари борасидаги Озодлик саволини жавобсиз қолдирди.

Озодлик "Вақф" фонди томонидан ҳисобига 2 миллиард сўм ўтказилган Sharqiy zamona qurulish МЧЖ эгаси Шавкат Файзуллаевнинг Ўзбекистон муфтийсига жиян экани ҳақидаги иддаоларни тасдиқлаш имконига ҳозирча эга эмас.

Санашни билмайдиган муллаларнинг самарасиз бошқаруви

Озодлик ўз суриштируви асносида "Вақф" хайрия жамоат фонди “қурган” меҳмонхона¸ тикув ва нон цехларининг кўзбўямачилик учун ташкил қилингани ва шу кунда уларнинг самара бермаëтганлигини аниқлади.

2019 йилнинг октябрь ойида Сурхондарëда тайëр бинода бир ярим миллиард сўм сарфлаб ташкил қилинган меҳмонхона самара бермагани учун жорий йилнинг январь ойида унинг раҳбари ишдан бўшатилган.

Ишдан бўшатилиш хавфи боис исми айтилишини истамаган “Вақф” ходимининг Озодликка айтишича¸ бошиданоқ фойда келтирмаслиги аниқ бўлган меҳмонхона пул ювиш мақсадида ташкил қилинган:

- Бу схема оддий. Бинони фонд раҳбарининг тўртта куёви ва уларнинг ўртоқларидан ташкил топган қурилиш гуруҳи таъмир қилди. Бино тайëр ва беғараз ўтказиб берилган¸ лекин янгидан қурилган қилиб пул сарфланди. Икки хил услубда пул ўтказилди. Вақфнинг Сурхондарë филиалига пул кўчирилди ва қурилиш ташкилотларига тўғридан-тўғри пул ўтказилди. Филиалга ташланган пулдан қурувчиларга ва қурилиш ташкилотларига хом-aшё учун пул ўтказилган. Ҳеч бир тендер, режа, лойиҳа йўқ. Сурхондарë мисолида битта схема битган. Самарқандда яна битта схема бошланяпти.

Суҳбатдош "катта рақамлар қандай саналишини ҳам билмайдиган муллаларнинг савиясиз бошқаруви оқибатида фонд маблағларини ноўрин сарфлаш ҳоллари ва камомад" келиб чиққанини иддао қилади.

Озодлик мухбири бу иддаолар исботи сифатида тақдим қилинган ҳужжатлар билан танишди.

“Вақф”га оид Озодлик мухбири кўрган молиявий ҳужжатларда янги меҳмонхона қурилиши учун пул ўтказилгани акс этади.

"Вақф" хайрия жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил, 16 апрелдаги "Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ ташкил этилган.

Ташкилотга масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш учун давлатдан катта маблағ ажратилган.

“Вақф” ташкилотининг раҳбари Искандар Халиловдир.

Айни пайтда ташкилот устидан назорат Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг вақф ишлари бўйича ўринбосари зиммасига юклатилган.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг вақф ишлари бўйича ўринбосари лавозимига 2018 йилнинг августида тайинланган ​МХХ зобити Дилшод Ҳошимов ўтган йил баҳорида ишдан олинган эди.

Озодликнинг Ўзбекистон Мусулмонлари идорасида ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада ишлайдиган бир-биридан мустақил икки манбасига кўра¸ ишдан олиниши ортидан Дилшод Ҳошимов "Вақф" хайрия жамоат фонди маблағлари ва кўчмас мулклари билан боғлиқ жиноят иши фигуранти сифатида қўлга олинган.

Озодлик "Вақф" хайрия жамоат фонди борасидаги ўз суриштирувларини давом эттиради. Давлат ва жамоатчилик маблағи эвазига фаолият юрғизаëтган бу фонди ҳақидаги маълумотларни Озодликнинг +420 724 971 539 рақамидаги @ozodnews Telegram саҳифасига юборинг.

XS
SM
MD
LG