Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:39

Хоразмда аҳоли чорвасига ҳужум қилган ёввойи итлар отиб ўлдирилмоқда(ВИДЕО)


Ёввойи итни отиб ўлдирган овчи
Ёввойи итни отиб ўлдирган овчи

Хоразм вилоятида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ёввойи итларни овлаш хизмати, ободонлаштириш бошқармаси ходимларидан таркиб топган махсус гуруҳ аҳолининг чорвасига ҳужум қилган бир неча ёввойи итни отиб ўлдирди.

Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда, отиб ўлдирилган йиртқич ҳайвон ғайритабиий кўринишдаги махлуқ эканлигига урғу берилмоқда.

Аммо, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Хоразм вилояти бошқармаси мутахассиси бу борада ваҳима тарқатмасликка, отиб ўлдирилган ҳайвон ёввойи итнинг бир тури эканлигини айтмоқда.

Хоразмда аҳоли чорвасига ҳужум қилган ёввойи итлар отиб ўлдирилмоқда(ВИДЕО)
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:43 0:00

​Ижтимоий тармоқларда Ҳазорасп тумани ободонлаштириш бошқармаси ходимларининг итга ўхшаган бир ҳайвонни отиб ўлдиргани акс этгани тарқалган видеода, овчилар “номаълум бир мавжудот”лардан бирининг йўқ қилинганини айтар экан, уни тасвирда кўрсатиб туриб, шоқолга ўхшамаслигини таъкидлайди.

“Мана, Питнак шаҳри ҳудудидаги номаълум мавжудот, махлуқ аниқланди ва унинг биттаси йўқ қилинди. Мана, бу махлуқнинг бириси шоқолларга ўхшамайди. Шу ишда хизмат қилиб келган барча ташкилотлар ходимларига раҳмат. Худо хоҳласа, қолганларини ҳам йўқ қилиб, фуқароларнинг тинчлиги ва мол-мулкини сақлаймиз”.

Иккинчи видеода эса отилган йиртқич ҳайвон тўртта ўқ билан ўлдирилгани айтилади.

Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида ёввойи йиртқич ҳайвонларнинг аҳоли чорвасини бўғизлаб, еб кетаётгани ҳақида питнаклик 70 яшар Аминбой ака Озодликка шундай дейди:

- Бу ҳайвон кечаси соат иккидан кейин пайдо бўлади экан. У чиябўрими, шоқолми, итми, ҳеч ким билмаяпти. Бир махлуқ. Асосан қўйларга ҳужум қилади. Шунинг учун қўю моллар даладан қайтганидан сўнг, эшик дарвозаларни қулфлаймиз. Далада ишлаётган одамларга ҳам соат бешдан жавоб бериб юборишяпти, мабодо ҳужум қилиб қолмасин, деб. Илҳом деган бир чўпон ўтган йилнинг охирида биттасини отиб, ҳокимга олиб борган экан, 800 минг сўм мукофот берибди.

Аминбой аканинг айтишича, илгари бундай воқеалар содир бўлмаган:

- Бирдан пайдо бўлдида, бу. Бизнинг Питнак қишлоғи Ҳазорасп тумани марказидан 30 километр узоқда жойлашган. Бу махлуқларнинг қаердан келганини ҳеч ким билмайди. Бир, Туркманистонда бир тўқайга ўт кетган экан, ўша ердан чиққан дейишади, бир шоқол ит билан чатишиб пайдо бўлган дейишади. Ҳозир Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари кечалари навбатчиликка чиққан.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Хоразм вилояти бошқармасининг матбуотга гапириш ваколати йўқлиги учун исми сир қолишини сўраган мутахассиси аҳолига хавф туғдираётган ёввойи итлар хатарини йўқ қилиш учун барча чора-тадбирлар қўлланилаётганини Озодликка айтди:

“Ёввойи итларни овлаш хизмати, ободонлаштириш бошқармаси, ветеринария хизмати ҳамда бизнинг вакиллардан иборат икки группа ҳозир чегара ҳудудларига чиқиб кетганига уч кун бўлди. Мана, куни-кеча бу ёввойи ҳайвон отиб ўлдирилгани ҳақида видео тарқалди. Бу итнинг бир тури. Буни ветеринария мутахассиси ҳам тасдиқлади. Албатта, ит ёввойилашгандан кейин, жунини ташлайди, агрессив бўлади. Шовотда бўлган воқеада ҳам қопқонга ит тушган эди. Биз, аҳолининг ваҳимага тушмаслигини сўраймиз, баъзилар махлуқ, баъзилар чупакабра деб ном ҳам қўйиб олишибди. Чупакабра динозаврлар давридаги ҳайвон ва уларнинг ҳозир бўлмаслиги табиий. Қутурган ва ёввойилашган итларга бундай номларни қўйиб, ваҳима қилишга асос йўқ”.

Озодлик 23 март куни Хоразм вилоятининг Шовот тумани Беруний қишлоғида номаълум йиртқич ҳайвон йигирмага яқин қўйни бўғизлаб кетгани ҳақида хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG