Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:08

Санкциялар остидаги Россия расмийлари Марказий Осиё раҳбарлари билан учрашмоқда


Россия бош вазири Михаил Мишустин ва Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев.
Россия бош вазири Михаил Мишустин ва Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев.

Ғарб Россияга Украинага бостириб киргани учун санкциялар киритаётган бир пайтда Россия президенти Владимир Путин, бош вазир Михаил Мишустин ва Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко Марказий Осиёнинг уч давлати етакчилари билан музокара ўтказди.

25 февраль куни Қозоғистон пойтахтида Евросиё ҳукуматлараро кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида иштирок этган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Ўзбекистон Евроосиё тараққиёт банкига аъзо бўлишга тайёрланаётганини маълум қилди.

2006 йилда Россия ва Қозоғистон томонидан ташкил этилган ЕОТБга Арманистон, Тожикистон, Беларусь ва Қирғизистон аъзо бўлган. Банкнинг устав капитали 7 млрд долларни ташкил этади.

ЕОИИ Ўзбекистоннинг ташкилот доирасида электрон тижоратни ривожлантириш, темир йўл транспортини рақамлаштириш, «Евроосиё Экспресс» (Евразийский экспресс) лойиҳасида иштирок этиш ҳақидаги сўровини маъқуллагани хабар қилинади.

Шу ой бошида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқи умумий энергетика бозорига қўшилиши истиқболини кўриб чиқаётганини маълум қилган.

Ўзбекистон 2020 йил 11 декабрида Москва етакчилигидаги Евросиё иқтисодий иттифоқига кузатувчи давлат ўлароқ қўшилган эди. Мазкур ташкилотга ҳозирда Россиядан ташқари Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон тўлиқ аъзо бўлиб ҳисобланади.

Россиянинг Украинага ҳужуми манзарасида ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи ва сиёсий шарҳловчилар Ўзбекистон бош вазири Ариповнинг ЕОИИ билан ҳамкорлик истиқболлари ҳақида Нур-Султонда берган баёнотлари танқидий қарши олинди.

Кремль матбуот хизматига кўра, 25 февраль куни Путин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан ҳам телефон мулоқоти ўтказган. Унда икки томонлама алоқалар ва Украинадаги вазият муҳокама қилингани айтилади.

“Шавкат Мирзиёев Россиянинг хатти-ҳаракатларини тушунишини билдирди”, дейилади Путин матбуот хизмати хабарида. Ўзбек томони тарқатган хабарда мулоқот чоғида "Украина атрофида юзага келаётган вазият юзасидан ҳам фикр алмашилгани" айтилади.

Қозоғистон президенти матбуот хизмати 25 февраль куни Тоқаев ва Мишустин бошқа масалалар қатори “Украинадаги вазият кескинлашгани ва халқаро санкциялар жорий этилаётгани манзарасида икки томонлама савдо ҳажми камайишига йўл қўймаслик бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни муҳокама қилгани"ни маълум қилди.

Мишустин бир кун аввал Қозоғистон пойтахти Нур-Султонга Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши мажлисида иштирок этиш учун борган эди.

25 февраль куни, шунингдек, Матвиенко Душанбеда Тожикистон юқори расмий доиралари билан савдо-иқтисодий алоқаларни муҳокама қилган.

Матвиенконинг таъкидлашича, 2021 йилда икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 45 фоизга ошган ва пандемиядан олдинги даражага етган.

Шунингдек, Матвиенко Россия Ғарбга қарши санкция киритишини айтиб, “Ғарбнинг ҳам жуда нозик томонлари бор”, дея урғулаган.

Матвиенконинг сўзларига кўра, Путин яқин орада Душанбега расмий ташриф билан келиши кутилмоқда. У аниқ ташриф санасини маълум қилмаган.

Россия ва уч Марказий Осиё давлати ўртасидаги музокаралар Европа Иттифоқи етакчилари Путиннинг Украинага “ваҳшийларча” бостириб киришига жавобан Москвага нисбатан “жиддий ва оғир оқибатларга олиб келадиган” қўшимча санкциялар жорий этишга келишиб олган пайтда ўтказилди.

Бир кун аввал АҚШ президенти Жо Байден, АҚШнинг Россияга қарши яна бир навбатдаги санкциялар пакетини эълон қилган эди.

XS
SM
MD
LG