Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:54

ЕХҲТ миссияси раҳбари: Сайлов иштирокчилари ўртасида мазмунли мулоқот йўқ


24 октябрдаги президент сайловида амалдаги президент Шавкат Мирзиёев иккинчи муддатга сайланиши кутилади.
24 октябрдаги президент сайловида амалдаги президент Шавкат Мирзиёев иккинчи муддатга сайланиши кутилади.

Озодлик билан эксклюзив суҳбатда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) Ўзбекистондаги президент сайловини кузатиш миссияси раҳбари Оуэн Мёрфи ташкилотнинг Тошкентга тўлақонли кузатувчилар гуруҳини юбориш қарорини ҳимоя қилди.

Унинг таъкидлашича, "ДИИҲБ сайловларни маъқулламайди ва тасдиқламайди, балки ЙХҲТга аъзо барча давлатларни ўз сайлов тизимини такомиллаштиришда қўллаб-қувватлайди".

ДИИҲБ миссияси раҳбари Озодлик саволларига ёзма жавоб берди ва тўғридан-тўғри мулоқот бўлмагани учун Озодликда қўшимча савол бериш ва тўлиқроқ жавоб олиш имконияти ҳозирча йўқ. Қуйида жавобларни тўлалигича эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Озодлик: Сизнинг дастлабки ҳисоботингизда сиёсий рақобат йўқлиги айтилган. Мухолифат сайловлардан четлатилгани олдиндан маълум эмасмиди?

Оуэн Мёрфи: Саволларингиз учун раҳмат. Бизнинг бу ердаги вазифамиз – кузатиш ва ўз кузатишларимиз асосида вазиятни баҳолашдир. Бу сайловлар бўйича биз оралиқ ҳисоботимизда ўз номзодларини кўрсатган бешта партияни қайд этганмиз, шунингдек баъзи янги сиёсий партиялар тузишга бўлган муваффақиятсиз уринишларни ҳам айтиб ўтганмиз. Кампания барча ҳудудларда давом этмоқда, номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари ва партиялари сайловолди ташвиқотини олиб бормоқда, бу кампаниялар ижтимоий тармоқларда ҳам фаол олиб борилмоқда. Таъкидлаш жоизки, бу – ижтимоий тармоқлар катта рол ўйнаган биринчи сайлов. Аммо шуни ҳам таъкидлаймизки, сайлов иштирокчилари ўртасида ҳеч қандай тўғридан-тўғри ёки мазмунли мулоқот мавжуд эмас.

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) Ўзбекистондаги президент сайловини кузатиш миссияси раҳбари Оуэн Мёрфи.
ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) Ўзбекистондаги президент сайловини кузатиш миссияси раҳбари Оуэн Мёрфи.

Озодлик: Ўзбек мухолифати вакиллари сизнинг танқидий ҳисоботингизни олқишлашди, лекин нима учун ЙХҲТ тўлиқ миссия юборишга қарор қилгани ўзлари учун тушунарсиз эканини айтишмоқда. Бунга қандай изоҳ бера оласиз?

Оуэн Мёрфи: Оралиқ ҳисоботимиз муҳокама қиланаётганидан хурсандман. Айтиш жоизки, бу фақат оралиқ ҳисобот холос ва айни пайтда биз ҳеч қандай хулоса чиқармаймиз ва ҳеч қандай маълумотларни якуний деб билмаймиз. Бу хулосалар фақат сайлов кунидан кейин тақдим этилади. Ҳозирда бизнинг ишимиз оммавий ахборот воситаларида муҳокама қилинганидан хурсанд бўлдим, менимча, бу ҳолат биринчи марта содир бўляпти. Бизнинг миссия ҳажмига келсак, ДИИҲБ кузатувчилари барча мамлакатларда бўлгани каби, шу йилнинг май ойида дастлабки вазиятни баҳолаш миссияси берган хулосаларга мувофиқ, юбориладиган одамлар сони ва ишимизнинг кўламини аниқлаб берган эди. Вазиятни баҳолаш миссияси ҳисоботи ДИИҲБ веб-сайтида жойлаштирилган бу ерда. Қисқа муддатли кузатувчиларни глобал пандемия шароитида жойлаштириш жуда қийин масала эди, лекин мамнуният билан айтаманки, энди бизда сайлов куни сайлов участкаларида кузатувлар олиб бориш имконияти бор.

Озодлик: Сайлов натижалари олдиндан маълум, деган фикрга қўшиласизми?

Оуэн Мёрфи: Юқорида айтиб ўтганимиздек, биз фақат ўз кузатишларимиз асосида баҳо берамиз. Биз ҳар бир кузатувни янгидан бошлаймиз ва ҳеч қачон сайловни олдиндан баҳоламаймиз. Сайлов жараёни ҳақидаги дастлабки хулосаларимиз келаси ҳафта, сайловнинг эртасига эълон қилинади.

Озодлик: ЙХҲТ нинг Ўзбекистонда сайловларни кузатиш учун тўлақонли миссия юбориш қарори сайловларга ҳаддан зиёд легитимлик беради, деган танқидларга нима дейсиз?

Оуэн Мёрфи: ЙХҲТга аъзо барча давлатлар, шу жумладан Ўзбекистон ҳам, кузатувчиларни таклиф қилиш бўйича сиёсий мажбурият олган. ДИИҲБ ҳар йили минглаб кузатувчиларни юборишни мувофиқлаштиради ва ташкиллаштиради, улар ЙХҲТ минтақасидаги сайловлар ЙХҲТ мажбуриятлари, бошқа халқаро мажбуриятлар ва демократик сайловлар стандартлари ҳамда миллий қонунчиликка мувофиқ ўтказиладими ёки йўқлигини баҳолайди. Бироқ, ДИИҲБ сайловларни маъқулламайди ва тасдиқламайди, балки ЙХҲТга аъзо барча давлатларни ўз сайлов тизимини такомиллаштиришда қўллаб-қувватлайди.

Озодлик: Каримов давридаги сайловлардан фарқларни кўряпсиларми? Агар шундай бўлса, бирор бир муҳим фарқни айта оласизми?

Оуэн Мёрфи: Биз сайловларни олдинги сайловлар билан ёки бошқа мамлакатлардаги сайловлар билан солиштирмаймиз. Биз жараённи ЙХҲТ мажбуриятлари, бошқа халқаро мажбуриятлар ва стандартлар ҳамда миллий қонунчиликка мувофиқлигини кузатмоқдамиз.

Озодлик: Мазкур сайлов жараёни халқаро стандартларга қанчалик жавоб беради? Сиз 100 фоизлик шкала бўйича неча фоиз билан баҳолаган бўлар эдингиз?

Оуэн Мёрфи: Жараён ҳали ҳам давом этмоқда ва сайлов кунига ҳали бир ҳафтадан кўпроқ вақт қолган. Аммо сайловлар мураккаб жараён ва биз ҳеч қачон ва ҳатто сайлов ўтказилганидан кейин ҳам бу каби баҳо бермаймиз. Мен сизни сайловнинг эртаси куни бизнинг дастлабки хулосаларимизни, шунингдек, тахминан икки ойдан кейин эълон қилинадиган якуний ҳисобот билан танишиб чиқишингизни таклиф қиламан.

Озодлик: Ўзбекистон ҳукумати сизнинг миссиянгизга нима учун мухолифат сайловга қўйилмагани борасида бирон изоҳ бердими?

Оуэн Мёрфи: Биз сайлов кунидан кейин жараёнга тўлиқ баҳо бера олишимиз учун миллий ҳукумат билан юқори даражадаги мулоқотга эга бўлдик. Оралиқ ҳисоботимизда биз бу сайлов бўйича номзод кўрсатган бешта партияни, шунингдек, рўйхатдан ўтиш ёки сиёсий интилишлари муваффақиятсиз бўлган партияларни ҳам қайд этамиз. Бу сайловда номзодлар ва партияларнинг ҳар бири ўз сиёсий платформаларини тарғиб қилмоқда.

Озодлик: Сиз оралиқ ҳисоботингизда амалдаги президент Шавкат Мирзиёев сайловолди тарғиботларида шахсий самолётдан фойдаланишда давом этаётганини қайд этгансиз. Умуман, маъмурий ресурслардан фойдаланиш муаммоси қанчалик жиддий?

Оуэн Мёрфи: Оралиқ ҳисоботимизда, сайловолди ташвиқоти пайтида хизмат вазифаларини суиистеъмол қилишдан баъзи ҳимоя чоралари жорий этилганини қайд этамиз. Масалан, давлат ресурсларини суиистеъмол қилиш, жумладан, давлат амалдорларини сайловолди ташвиқотига жалб қилиш тақиқланади. Аммо, биз шуни аниқ қайд этамизки, президент ўзи учун берилган самолётдан президент сифатида фойдаланишда давом этмоқда.

Озодлик: Бошқа номзодлар билан мулоқот қилдингизми? Улардан кимдир Мирзиёевга рақиб эканига ишонадими? Улардан бирортаси сизга тенг бўлмаган имкониятлар тўғрисида шикоят қилдими?

Оуэн Мёрфи: Оралиқ ҳисоботимиз чоп этилгунга қадар биз номзодларнинг кўпчилиги ва уларнинг партиялари билан учрашган эдик. Афсуски, мен ҳозирда бу борада изоҳ беролмайман, лекин биз ўз ҳисоботимизда қонун сайловолди ташвиқотининг тенг имкониятларини таъминлашини таъкидлаб ўтамиз.

Озодлик: Сизнингча, сайловолди баҳслар ўтказилиши керакми?

Оуэн Мёрфи: Сайловолди мунозаралар кўпинча сайловчиларга сайлов куни дуч келадиган танлови тўғрисида яхшироқ маълумот беришга ёрдам беради ва қонун иштирокчилар ўртасидаги баҳс-мунозара ўтказилиш имкониятини беради. Ҳисоботимизда шуни таъкидлаймизки, Марказий сайлов комиссияси ҳар шанба куни бешта миллий давлат телевидениесида қатнашувчилар ўртасида баҳслар ўтказиш учун оммавий ахборот воситаларида вақт ажратган, аммо танлов иштирокчилари ҳали бундай баҳсларни ўзаро келишиб олишлари керак.

Озодлик: Ўзбек сайловчиларининг сайловларга қизиқиши борасида нима дея оласиз? Сайловчилар ўзларига ҳақиқий танлов тақдим этилган, деб ишонишадими?

Оуэн Мёрфи: Мен бу сайловда ўзбекистонлик сайловчилар номидан гапира олмайман ва буни истамайман ҳам. Сайловчиларнинг ҳақиқий танлов имкониятлари қай даражада – бу муҳим савол ва бу биз кузатаётган ҳар бир мамлакатда баҳолашимизнинг асосий элементи ҳисобланади.

  • Президент сайлови 24 октябрда бўлиб ўтади.
  • Сайловда амалдаги президент ва ЎзЛиДеП номзоди Шавкат Мирзиёевдан ташқари парламентдаги яна 4 партия - Миллий Тикланиш, Адолат СДП, Экологик партия ҳамда Халқ-демократик партияси номзодлари қатнашади.
  • Номзодларнинг ташвиқот кампанияси 20 сентябрдан буён давом этмоқда.
  • ЕХХТ илк бор 2016 йилдаги президент сайлови, ундан кейин эса 2019 йил декабрида ўтган парламент сайловига ДИИҲБнинг тўлақонли кузатувчилар миссиясини юборган.
XS
SM
MD
LG