Линклар

Шошилинч хабар
11 феврал 2025, Тошкент вақти: 22:17

Халқаро хабарлар

АҚШга импорт қилинажак пўлат ва алюминий учун 25% бож киритилди

Металлургия корхонаси (иллюстратив сурат)
Металлургия корхонаси (иллюстратив сурат)

АҚШ президентп Дональд Трамп мамлакатга импорт қилинаётган бутун пўлат ва алюминий учун 25 фоизлик бож жорий этиш кўзда тутилган фармонни имзолади.

“Ҳужжатда истиснолар кўзда тутилмаган”, дея таъкидлаган Трамп. Фармонга мувофиқ, эндиликда Канада, Бразилия, Мексика, Жанубий Корея, Вьетнам ва бошқа ишлаб чиқарувчилар АҚШга етказиб бераётган пўлат ва алюминийнинг барчаси учун бож тўланади.

Трампга кўра, кўрилган чоралар металлар учун бож тизимини соддалаштиради. Бу ҳақда куни кеча билдирган Қўшма Штатлар президенти АҚШ маҳсулотларига нисбатан тариф белгилаган давлатларга қарши яқин келажакда жавоб божлари киритилишини ваъда қилди.

Трампнинг савдо масалалари бўйича маслаҳатчиси Питер Наварро божлар америкалик пўлат ва алюминий ишлаб чиқарувчиларга кўмак бериши ҳамда АҚШнинг иқтисодий ва миллий хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилганини урғулаган.

Трамп ўзининг биринчи президентлик муддатида пўлатга 25 фоиз, алюминийга эса 10 фоиз миқдорида бож киритган, бироқ кейинчалик АҚШнинг айрим савдо ҳамкорлари – Канада, Мексика ва Бразилияга божсиз савдо учун квоталар тақдим этган эди.

Россиялик юзлаб ҳарбий Шимолий Кореяда даволанмоқда

Украинада яраланган кўплаб россиялик ҳарбий Шимолий Кореяда даволаниб, реабилитациядан ўтмоқда. Бу ҳақда Россиянинг КХДРдаги элчиси Александр Мацегора “Российская газета”га берган интервьюсида билдирган. Элчига кўра, улар Шимолий Кореядаги энг яхши касалхона ва оромгоҳларда бепул муолажа олишяпти. Мацегора КХДРда даволанаётган россияликлар сони “юзлаб” эканини айтган.

Биз [шимолий кореялик] дўстларимизга харажатларнинг ҳеч бўлмагандан бир қисмини қоплашни таклиф қилганимизда, улар бундан астойдил хафа бўлишди ва бундан кейин ҳеч қачон бундай қилмасликни сўрашди”, деган элчи.

Дипломат Шимолий Кореяда Украинада ҳалок бўлган россиялик ҳарбийларнинг фарзандлари ҳам бепул дам олишаётганини, ОТМлар ўртасида талаба алмашуви ривожланаётгани ҳамда Россия Шимолий Кореяга кўмир, озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб бераётганини қўшимча қилган.

2024 йил ноябрида Россия билан Шимолий Корея ҳар томонлама стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани ратификация қилганди. Унда савдо-сотиқ, илмий-техник ва мудофаа ҳамкорлигини ривожлантиришга оид ниятлар баён қилинган, бироқ ҳужжатда россиялик ярадорларни даволаш режалари ҳақида айтилган эмас.

Ўтган йил кузидан Шимолий Корея қўшинлари Россиянинг Украина билан урушида иштирок этаётгани ва улар, хусусан, Россиянинг Курск вилоятига жойлаштирилгани тўғрисида хорижий разведкаларнинг кўплаб хабарлари чиқа бошлаган. Бундай ҳарбийларнинг бир қанчаси Украина Қуролли кучлари томонидан асирга олинган.

Кейинроқ улар Курск вилоятида сезиларли даражада талафотлар беришгани, шу сабабли жанггоҳ ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши мумкинлиги ҳақида хабар қилинган. Россия президенти Владимир Путин журналистларнинг шимолий кореялик ҳарбийлар жанговар ҳаракатларда иштирок этаётганига оид саволларига мужмал жавоб берган.

Марко Рубио: АҚШ бошқа давлатларга ёрдам беришда давом этади

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио

Қўшма Штатлар хорижий ўлкаларга ёрдамни давом эттиришдан бош тортаётгани йўқ, бироқ бундай ёрдамни кўрсатиш шакли ва жараёни АҚШнинг миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қайта ташкил этилиши лозим. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио SiriusXM’даги Patriot подкасти бошловчиси Скотт Дженнингсга берган интервьюсида маълум қилди, дея хабар қилди “Америка овози”нинг рус хизмати.

Интервьюда Рубио АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ишига Дональд Трамп маъмурияти томонидан киритилаётган жиддий ўзгартишларга оид саволга ҳам жавоб берган.

Биринчидан, биз хорижий ёрдамдан бош тортаётганимиз йўқ. Биз ёрдам кўрсатишда давом этамиз, чунки мен тўғри ташкил этилган ёрдам мамлакат учун фойдали, деб ҳисоблайман. Бироқ у тўғри ташкил этилган бўлиши лозим. Биз хорижга ёрдам учун 40 миллиард доллардан 60 миллиард долларга сарфлашимиз лозим ва бу пулларнинг ҳаммаси оқилона мақсадларга кетяпти, деган ҳозирги тасаввур бемаъниликдир. Бу маблағнинг бир қисми самарасиз сарфланмоқда”, деган Рубио.

АҚШ Давлат котибига кўра, ҳозирда Трамп маъмурияти хорижий ёрдамнинг ҳаммасини тўхтатиб қўйган ва уни лойиҳа-лойиҳа таҳлил қилиб бормоқда.

Маъниси бўлмаган [лойиҳалар] чиқариб ташланади, фойда келтираётганлари эса сақлаб қолинади ёки ҳатто кучайтирилади”, дея урғулаган Марко Рубио.

Ўзининг Марказий Америка мамлакатларига (Панама, Сальвадор, Коста-Рика, Гватемала ва Доминикан Республикаси) яқинда амалга оширилган сафари ҳақида сўзларкан, Рубио бу мамлакатларнинг барчасидаги расмийлар АҚШга “жуда ижобий” муносабатда эканини қайд этган. АҚШ Давлат котибига кўра, улар Қўшма Штатлар билан ҳамкорлик қилишни истаяпмоқда. “Улар ноқонуний миграция ва наркотрафик ўтган йўлда жойлашган, шу сабабли улкан муаммоларга дуч келишяпти”, деган Рубио.

Бир неча кундан кейин АҚШ Давлат котиби Германияга йўл олиши кутилмоқда. У 14 февралдан 16 февралгача хавфсизлик бўйича Мюнхенда бўлиб ўтадиган конференцияда иштирок этади. У ерда ҳамма учун асосий масала Украинадаги уруш бўлиб ҳисобланади.

Рубиога кўра, президент Трамп бу уруш тугаши лозимлиги ҳақида очиқ-ойдин баёнотлар берган. “Чамаси, биз бу масалани ташқи ишлар вазирлари ва бошқа дунё лидерлари билан муҳокама қиламиз”, деган АҚШ Давлат котиби.

Озарбайжон россиялик депутат Николай Валуевни “исталмаган шахс” деб эълон қилди

Николай Валуев
Николай Валуев

Озарбайжон Россия Давлат думаси депутати, собиқ боксчи Николай Валуевни “исталмаган шахс” (персона нон грата) деб эълон қилди. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар взаирлиги билдирди.

Бунга Озарбайжон “Россотрудничество” фаолиятини тўхтатиб, унинг Бокудаги ваколатхонаси - “Рус уйи”ни (“Русский дом”) ёпганидан кейин Валуев томонидан билдирилган кескин фикрлар сабаб бўлган.

“Рус уйи” ёпилгани ортидан Валуев Россиядаги озарбайжон диаспорасини тугатиш, унинг вакиллари бизнеси ва мол-мулкини тортиб олиш, виза тартиби жорий қилиш ва Россияда яшовчи озарбайжонлик фуқароларни депортация қилишга чақирган эди

Озарбайжон ТИВ Валуевнинг бу гапларини таҳқирли ва мутлақо номақбул, деб атаган. Унинг исми Озарбайжонга кириши тақиқланган шахслар рўйхатига киритилган. Мазкур рўйхатга Валуевдан аввал унинг Давлат думасидаги ҳамкасблари бўлмиш Константин Затулин ва Виталий Милоновлар киритилган эди. Уларнинг ҳаммаси Россия парламенти қуйи палатасида “Единая Россия” ҳукмрон партиясини тамсил этишади.

Валуев “Газета.ру” нашрига берган интервьюсида Боку қарори уни ҳайрон қолдиргани ва тақиқ сабаблари ўзи учун тушунарсиз эканини, бироқ у бундан хафа эмаслигини билдирган.

Озарбайжон ТИВ 3 февраль куни Москвани мамлакатда “Россотрудничество” фаолияти тўхтатилгани ва унинг ваколатхонаси - “Рус уйи” информацион-маданий маркази ёпилгани ҳақида хабардор қилган эди. Бунга расмий сабаб ўлароқ “Рус уйи” гўё “юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтмаган”и ва “ташкилот Озарбайжон қонунчилигини жиддий бузган”и айтилган.

Аввалроқ Озарбайжон расмийлари назорати остида бўлган Baku.tv Озарбайжондаги “Рус уйи” фаолияти ҳақида лавҳа тайёрлаган. Лавҳада “Рус уйи” ходимлари феълан дўст бўлмаган, ҳатто жосуслик фаолиятида айбланган.

Мазкур репортаж “Озарбайжон ҳаво йўллари” авиаширкати учоғи Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида қулаганидан бир неча ҳафта ўтиб ёйинланган. Озарбайжон президенти Илҳом Алиев фожиага Россия алоқадорлигини билдириб, учоқ Грознийга қўнишга уринган пайтда у ерда Россия ҳаводан мудофаа тизими ишлаб турганини қайд этган. Алиев Россия расмийлари содир бўлган воқеа учун масъулиятни ўз зиммаларига олмаганини танқид қилган.

Гватемалада содир бўлган автоҳалокатда 50 дан зиёд одам нобуд бўлди

Гватемалада 10 февраль куни йўловчи автобуси кўприкдан жарликка қулаган. Қутқарув хизматлари маълумотига кўра, ҳодиса чоғида камида 51 киши ҳалок бўлган.

Пуэнте-Белис кўприги пойтахтдан мамлакат шарқига олиб борувчи юқори тезликли йўлнинг бир қисми бўлиб ҳисобланади. Баландлиги 20 метр бўлган кўприк остида яна бир йўл ва ботқоқли жарлик бор. Автобус жарликка ғилдираги осмондан шаклда қулаб тушган.

Гватемала пойтахти ўт ўчириш хизмати вакили Карлос Хернандес ҳозиргача фожиа содир бўлган жойдан ўликхонага 36 нафар эркак ва 15 нафар аёл жасади йўлланганини маълум қилган. Мамлакат президенти Бернардо Аревало содир бўлган воқеа ортидан уч кунлик мотам эълон қилган.

Эрон АҚШ билан “босимларсиз” музокара олиб боришга тайёрлигини билдирди

Эрон ТИВ раҳбари Аббос Ароқчи
Эрон ТИВ раҳбари Аббос Ароқчи

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Теҳрон ўз ядровий дастури ва бунга оид санкциялар бўйича АҚШ билан музокаралар олиб боришга тайёрлигини билдирди. Бироқ, дипломатга кўра, музокаралар АҚШ президенти Дональд Трампнинг “максимал даражадаги босими” стратегияси асосида бўлиб ўтиши мумкин эмас,

Санкцияларни олиб ташлаш учун музокараларга эҳтиёж бор, бироқ бу “максимал даражадаги босим” сиёсати доирасида ўтмаслиги лозим, чунки бундай бўлса, бу музокара эмас, капитуляция шакли бўлиб қоларди”, дея билдирган Ароқчи ижтимоий тармоқлар орқали.

Дипломат: “Эрон айни пайтнинг ўзида янги санкциялар киритаётган мамлакат билан музокаралар олиб боришни истамайди”, дея қўшимча қилган.

Тўртинчи февраль куни Трамп Эронга нисбатан “максимал даражадаги иқтисодий босим” сиёсати қайта тикланиши тўғрисидаги фармонни имзолаган бўлиб, мазкур ҳужжат нефть экспортига тўсқинлик қилиш ва Эрон ядровий дастурини секинлатишга қаратилган эди. АҚШ президенти мамлакат Молия вазирлигига амалдаги санкцияларни бузаётган жисмоний ва юридик шахсларни санкцияларга риоя қилишга мажбурлаш механизмлари ҳамда санкциялар ёрдамида босим қўллаш ҳақида топшириқ берган.

Бундан ташқари, Трамп Молия вазирлиги ва Давлат департаментига Эрондан нефть экспортини нолга туширишга қаратилган кампанияни амалга оширишни топширган.

Меморандумни имзоларкан, АҚШ президенти уни жуда кескин деб атаган, бироқ шу билан бирга, Эрон билан келишув тузишга ҳамда Эрон раҳбарияти билан гаплашишга тайёрлигини билдирган.

Менимча, ҳаммаси жуда жўн: Эрон ядровий қуролга эга бўлолмайди”, дея қўшимча қилган Трамп.

Эрон санкциялар юмшатилиши эвазига ўз ядровий дастурини чеклаш бўйича 2015 йилда жаҳондаги қудратли давлатлар билан муҳим келишувга эришганди. Бироқ Трамп ўзининг биринчи президентлик муддатида Қўшма Штатларни бу шартномадан чиқарган ҳамда 2018 йили қайтадан санкциялар жорий этганди. Бу Теҳронни уранни бойитишни тезлаштириш ва ўз ядровий объектларига халқаро назоратчиларни қўйишни чеклашга туртган эди.

Ядровий шартномадан чиқишда Трамп Теҳрон шартнома руҳига мувофиқ ҳаракат қилмаётгани ва ядровий қурол ишлаб чиқиш ҳаракатлари давом эттираётганини билдирган. Шунингдек, у Эронни минтақада экстремистик зўравонликни дастаклаётганда айблаган, Теҳрон эса бу айбловни инкор қилганди.

Аббос Ароқчи Эрон ҳеч қачон ядровий қурол ишлаб чиқиш ёки ядровий қуролга эга бўлишга уринмаслигини аллақачоноқ очиқ-ойдин намойиш қилганини айтди.

У Эронда ядровий қурол бўлмаслиги бўйича Теҳрондан амалий кафолатлар олиш қийин бўлмаслигини урғуларкан, бунинг учун “иқтисодий босим ва санкциялар дохил Эронга қарши душманона чоралар самарали равишда тўхтатилишига оид объектив кафолат тақдим этилиши” шартлигини қўшимча қилган.

Ким Чен Ин Россияни оғишмай дастаклашини билдирди

Ким Чен Ин КХДР Мудофаа вазирлиггига ташрифи чоғида, 2025 йил 8 феврали
Ким Чен Ин КХДР Мудофаа вазирлиггига ташрифи чоғида, 2025 йил 8 феврали

Шимолий Корея армияси ва халқи Пхеньян билан Москва ўртасидаги стратегик ҳамкорлик руҳига амал қилган ҳолда Россиянинг ўз суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш бўйича хатти-ҳаракатларини оғишмай дастаклайди. Бу ҳақда Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин мамлакат Мудофаа вазирлигига ташрифи чоғида билдирган.

Ким АҚШ, Япония ва Жанубий Кореянинг уч томонлама ҳарбий ҳамкорлиги юзасидан изоҳ бериб, бу мамлакатларни минтақадаги тарангликни кучайтираётганликда айблаган. У Пхеньян эскалацияни мақсад қилмаганини, бироқ ҳарбий мувозанатни сақлаш учун зарур чораларни кўришини урғулаган.

Аввалроқ Япониянинг NHK телеканали 2025 йили Шимолий Корея Россия кўмагида узлуксиз равишда дрон ишлаб чиқаришни бошлаши ҳақида хабар қилган эди. Манбаларга кўра, мазкур битимга шимолий кореялик ҳарбийларни Россияда томонида туриб, Украинага қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этиш учун йўллаш эвазига эришилган бўлиши мумкин. Айни пайтда Москва КХДРга ядровий қурол яратишда ёрдам бермоқчи эмас, дея иддао қилишган телеканал суҳбатдошлари.

Ўтган ойда Жанубий Корея Шимолий Кореяни жангларда иштирок этиш учун аввал Россияга йўлланган 11 минг аскардан ташқари у ерга қўшимча ҳарбийларни йўллашга ҳозирлик кўраётганликда гумонлаётганини билдирган.

9 февраль куни ёйинланган бошқа бир хабарда КХДР Марказий телеграф агентлиги Жанубий Кореянинг АҚШ билан ҳамкорликда ҳарбий фаоллигини яна бир бор танқид қилиб чиққан. “Тажовузкор хатти-ҳаракатлар исталмаган оқибатларга сабаб бўлиши мумкин”, дейилган агентлик хабарида.

Озарбайжон Бокудаги “Рус уйи”ни ёпишни талаб қилди

Бокудаги "Рус уйи" биноси
Бокудаги "Рус уйи" биноси

Озарбайжон расмийлари Москвага мамлакат ҳудудида Россиянинг “Россотрудничество” агентлиги фаолияти тўхтатилиши ҳақида расмий нота йўллашди. Бу ҳақда 6 февраль куни Report нашри ва Minval телеграм-канали каби расмий Бокуга яқин оммавий ахборот воситалари хабар қилишди. Кечга яқин бу борада Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги сайтида ҳам расмий хабарнома пайдо бўлди.

“Россия “Россотрудничество” агентлигининг Озарбайжондаги ваколатхонаси бўлиб ҳисобланган “Рус уйи” (“Русский дом”) ахборот-маданият маркази юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган эмас”, дейилган ТИВ вакили Айхан Гажизаде баёнотида.

Иддаога кўра, “ташкилот Озарбайжон қонунчилигини жиддий равишда бузган”, шу сабабли “2025 йилнинг 3 февралида Россия томонига “Рус уйи” фаолиятини тўхтатиш ҳақида нота юборилган. Хабарномада Россия томонидан “тегишли чоралар кўриш” кутилаётгани урғуланган.

“Россотрудничество” раҳбари Евгений Примаков ТАСС агентлигига Озарбайжон расмийлари ҳақиқатан ҳам ташкилотнинг бу мамлакатдаги ваколатхонасини рўйхатдан ўтказишни талаб қилишгани, чунки ҳозирда у юридик қайддан ўтмаганини тасдиқлаган. Айни пайтда у “Рус уйи”ни ёпиш талаб қилинганини очиқ айтмаган. “Россотрудничество”нинг Бокудаги ваколатхонаси ходимлари РИА "Новости”га “ҳозирда Рус уйи одатдаги тартибда ишлаётган”ини маълум қилишган.

Примаковга кўра, Москва Бокудаги “Рус уйи”ни рўйхатдан ўтказишга доим тайёр бўлган, бироқ унинг мурожаатлари гўё жавобсиз қолган.

Report нашрининг манбалардан олинган маълумотларга таянган ҳолда ёзишича, Озарбайжон расмийларининг қарори Боку “ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича изчил йўналишдан боришда давом этмоқда ва ўзининг ички ишларига хориждан аралашилишига тоқат қилмоқчи эмас”лиги билан боғлиқ. Нашр аввалроқ Боку мамлакат ҳудудида АҚШнинг USAID агентлиги фаолиятининг тўхтатилишини талаб қилган. Мазкур ташкилот ҳозирда қайта тузилмоқда ва ўз дастурларининг аксариятини тўхтатиб қўйган.

Аввалроқ Озарбайжон расмийлари назорати остида бўлган Baku.tv Озарбайжондаги “Рус уйи” фаолияти ҳақида лавҳа тайёрлаган. Лавҳада “Рус уйи” ходимлари дўст бўлмаган, ҳатто жосуслик фаолиятида феълан айбланган. Ўшанда “Россотрудничество” раҳбари Евгений Примаков “Рус уйи”ни ҳимоя қилиб чиққанди. Унга кўра, ваколатхона “фақат ва фақат таълим, маданият, фан соҳаларидаги фаолият билан” шуғулланади.

Мазкур репортаж “Озарбайжон ҳаво йўллари” авиаширкати учоғи Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида қулаганидан бир неча ҳафта ўтиб ёйинланган. Озарбайжон президенти Илҳом Алиев фожиага Россия алоқадорлигини билдириб, учоқ Грознийга қўнишга уринган пайтда у ерда Россия ҳаводан мудофаа тизими ишлаб турганини қайд этган. Алиев Россия расмийлари содир бўлган воқеа учун масъулиятни ўз зиммаларига олмаганини танқид қилган. Айни пайтда Боку фожиада ҳали расман Россияни айблаб чиққани йўқ.

“Россотрудничество” федерал агентлиги Россия Ташқи ишлар вазирлиги назорати остидаги давлат идораси бўлиб, хориждаги ватандошлар билан ҳамкорлик, “Россиянинг дунёдаги гуманитар таъсирини кучайтириш” ва “хорижий ўлкаларда замонавий Россия ҳақида объектив тасаввурни ёйиш” кабилар унинг вазифасига киради, дея қайд этган “Холод” нашри. Агентликнинг ўзи 2022 йил июлидан буён ЕИнинг санкция рўйхатига киритилган, бироқ аввал Россия фан ва маданият марказлари деб аталган “Рус уйлари” Европанинг айрим мамлакатларида ўз ишларини давом эттиришмоқда.

Трамп Нетаняхуни ҳибсга олиш учун ордер берган ХЖСга қарши санкция киритди

Бинямин Нетаняху (ч) ва Дональд Трамп (ў).
Бинямин Нетаняху (ч) ва Дональд Трамп (ў).

АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху ва бу мамлакат собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер бергани учун Халқаро жиноят судига нисбатан санкция жорий этди.

Оқ уй сайтида ёйинланган фармонда Трамп ХЖС қонуний асосларсиз Қўшма Штатлар ходимлари ва Исроил дохил АҚШнинг айрим иттифоқчиларига нисбатан дастлабки терговни бошлагани ҳамда ўз ҳокимиятидан фойдаланган ҳолда, Нетаняху ва Галантни ҳибсга олиш учун ордер берганини иддао қилган.

Дональд Трамп буни хавфли ўрнак деб атаб, ХЖСнинг АҚШга нисбатан хатти-ҳаракатлари америкалик ҳарбийлар учун таҳдид туғдиришини билдирган.

Ҳужжатда АҚШ ва Исроил Халқаро жиноят суди юрисдикциясини тан олмаслиги урғуланади. Трамп ҳар икки давлатни қуролли кучлари уруш қонун-қоидаларига қатъий риоя қиладиган фаровон демократик давлат, деб атаган.

Халқаро жиноят суди Нетаняху ва Галантни ҳибсга олиш учун ордерни 2024 йил ноябрида берган. ХЖСнинг судгача палатаси Исроилнинг ҲАМАС радикал гуруҳига (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) қарши амалиёти чоғида исроиллик ҳарбийлар Ғазо сектори тинч аҳолисини озиқ-овқат ва тирикчилик учун зарур бўлган бошқа предметлардан атайлаб ва онгли равишда маҳрум қилишган, деб ҳисоблаган. Шунингдек, исроилликлар Ғазодаги тинч аҳолига қасдан ҳужум қилганига оид камида иккита ҳолат ҳақида айтилган.

Суднинг бу қарори Исроилнинг ҳам расмийлари, ҳам мухолифати томонидан кескин танқидга учраган. Улар буни “уятли иш” ва “террорчиларни мукофотлантириш” деб аташган. АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден ҳам Нетаняхуни ҳибсга олиш учун ордер берилиши “хунук ҳолат” деб атаган.

Чехия президенти россияликларга фуқаролик берилишини тақиқловчи қонунни имзолади

Чехия Ички ишлар вазирлиги биносига осилган плакат (архив сурати)
Чехия Ички ишлар вазирлиги биносига осилган плакат (архив сурати)

Чехия президенти Петр Павел россияликларга мамлакат фуқаролигини беришга тақиқ кўзда тутилган қонунни имзолади. Ҳатто Россия паспортидан воз кечган тақдирда ҳам россияликларнинг кўпчилиги Украинадаги уруш тугамагунича Чехия фуқаролигини ололмайди. Жиноят кодексига хорижий давлат билан рухсат этилмаган ҳамкорликни тақиқловчи янги модда киритилмоқда.

Қонун лойиҳасининг асосий қисми Чехияда украиналик қочқинларни қабул қилиш тартибини белгилаб беради. Қочқинларни қабул қилиш тартиби муддати бир йил узайтирилган, вақтинча ҳимоя эса қочқинларга давлат тиббий суғуртасидан фойдаланиш, таълим олиш ва меҳнат бозорига кириш имконини беради. Иқтисодий жиҳатдан мустақил қочқинларга қонун уларнинг кейинчалик Чехияда доимий яшаб қолишига имконият яратувчи махсус яшаш учун рухсатнома олиш имконини беради.

Айни пайтда ҳужжат украиналикнинг болаларнинг давлат ва муниципал мактабларга қабул қилиш тартибини қийинлаштиради, қонуннинг бу моддаси дискриминацион модда ўлароқ танқид қилинганди.

Россия фуқаролиги бор турғунларга Чехия фуқаролигини олишни тақиқлашга оид қонунчиликка киритилаётган тузатишлар россияликлар норозилигини келтириб чиқарган. Ҳатто Россия паспортидан воз кечган тақдирларида ҳам уларнинг аризалари музлатиб қўйилади, бундан фақат сиёсий қочқинлар ва ёши 15 гача бўлган болалар мустасно, холос. Ҳуқуқбонлар бу моддани ҳам танқид қилишган.

Йирик мухолифат партияси лидери, собиқ бош вазир Андрей Бабиш “хорижий давлат билан рухсат этилмаган ҳамкорлик” учун киритилаётган жиноий жазони танқид қилиб чиқди. У тузатишни Чехословакияда коммунистик режим қулаганидан буён “сўз эркинлиги ва демократияга энг аёвсиз ҳужум” деб атади.

Ҳужжат муаллифлари бу моддани миллий хавфсизлик манфаатлари билан изоҳлашган.

Исроил Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ кенгашидан чиқишини очиқлади

Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар
Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар

Исроил Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ кенгашидан чиқмоқчи – аввалроқ АҚШда шу каби қарор қабул қилинган. Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саарнинг билдиришича, Тель-Авив АҚШ президенти Дональд Трампнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ кенгаши фаолиятида иштирок этмасликка оид қарорини олқишлайди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ кенгаши одатан инсон ҳуқуқларини бузадиганларни ҳимоя қилади ва бунинг ўрнига Яқин Шарқдаги ягона демократия бўлган Исроилни шайтонлаштиради”, дея билдирган Саар.

У Исроил “100 дан зиёд қораловчи резолюция” ҳадафи бўлгани, бу эса кенгаш томонидан қабул қилинган бутун резолюцияларнинг 20 фоиздан кўпроғини ташкил этишини қўшимча қилган.

Бу Эрон, Куба, Шимолий Корея ва Венесуэлага нисбатан қабул қилинган резолюцияларнинг жамидан ҳам кўп”, деган Исроил ТИВ раҳбари.

АҚШ президенти Дональд Трамп 4 февраль куни Қўшма Штатлар Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ кенгаши дохил Бирлашган Миллатлар ташкилотининг қатор органларидан чиқишига оид фармонни имзолаган эди. Трамп изоҳига кўра, бунга асосан АҚШ билан бошқа мамлакатлар ўртасида бу ташкилотларга берилаётган маблағларда сезиларли даражада фарқ борлиги сабаб бўлган. Ҳужжатда, шунингдек, АҚШ БМТнинг фаластинликларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) билан ҳам ҳамкорликни тўхтатиши айтилган.

Туркияда қўлга олинган мухолифат фаоли Тожикистонга депортация қилиниши мумкин

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Туркияда Тожикистон ҳукуматига мухолифатда бўлган “24 гуруҳи” фаоли Фируз Бобоев қўлга олинди, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати. Мазкур гуруҳ Тожикистонда экстремистик ташкилот ўлароқ тақиқланган.

“24 гуруҳи” вакиллари 5 февраль куни Туркияда сиёсий қочқин сифатида 2016 йилда қайдга олинган Бобоев “иккинчи марта қўлга олинаётгани” ҳақида маълум қилишган.

Бу сафар у 21 январь куни қўлга олинди ва ҳозирда уни депортация қилиш масаласи ҳал қлиинмоқда”, дейилган “24 гуруҳи” баёнотида.

Баёнотда Фируз Бобоев биринчи марта Тожикистон талаби билан 2024 йилнинг август ойи бошида қўлга олингани, бироқ кейин октябрь ойида қўйиб юборилгани қайд этилган.

“24 гуруҳи” Туркия расмийлари Бобоевни озод қилишига кўмаклашиш илтимоси билан ҳуқуқбонлик ташкилотлари ва демократик давлатларнинг барчасига мурожаат билан чиққан.

Тажрибадан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, Туркия эркин фикрловчи кишилар яшаши мумкин бўлган мамлакат эмас. Ҳар дақиқада Бобоев Тожикистонга депортация қилиниши ва узоқ муддатга қамоқхонага ташланиши эҳтимоли бор”, дейилган баёнотда.

Очиқ манбаларда Фируз Бобоев айнан нимада айбланаётганига оид маълумот йўқ.

“24 гуруҳи” ҳам Бобоевга қўйилаётган айбловга доир бирор тафсилот келтирган эмас, бироқ Тожикистонда бу ташкилот фаолиятида иштирок этганлик учун ўнлаб фуқаро ҳибсга олиниб, қамоққа ташланган.

2024 йил февраль ва март ойларида Истанбулда “24 гуруҳи” лидери Суҳроб Зафар ҳамда бу ҳаракатнинг Туркиядаги вакили Насимжон Шарифов дараксиз йўқолган, улар кейинроқ Душанбедан топилиб, бири 30 йилга, яна бири 20 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Озарбайжон Украинага инсонпарварлик ёрдами ўлароқ 1 миллион доллар ажратади

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Украинага гуманитар ёрдам кўрсатиш учун бир миллион доллар миқдорида маблағ ажратиш тўғрисида фармойиш имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари сайти орқали маълум қилинди.

Мазкур маблағ Озарбайжон Энергетика вазирлигига берилади, вазирлик эса электр билан ишлайдиган жиҳозлар сотиб олиб, уларни Украинага йўллайди.

Озарбайжон президенти фармойишида Боку билан Киев ўртасидаги муносабатлар дўстлик ва ҳамкорлик заминида ривожланаётгани қайд этилган.

Украинада юзага келган вазият туфайли Озарбайжон давлати Украина халқига бир неча бор инсонпарварлик ёрдам йўллади”, дейилган ҳужжатда.

2023 йилда Озарбайжон инсонпарварлик ёрдами ўлароқ Украинага 7,6 миллион долларлик электр жиҳозлар йўллаган.

Россия томонидан Украинага кенг кўламли босқин бошланганидан кейин Алиев Боку Украинанинг ҳудудий яхлитлигини дастаклашини билдирган.

Биз бошқа мамлакатлар каби Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаймиз ва бу ҳақда дарахт ортига беркинмай, очиқ-ойдин айтамиз”, деган у.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Боку озарбайжонлик уч фуқаро Нихад Рзаев, Элхан Ширинов ва Вугар Магеррамов Чеченистонда қўлга олиниши муносабати билан Россиядан Озарбайжон фуқароларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашни талаб қилган эди. Озарбайжон расмийлари улар Украина урушига мажбуран йўлланганини иддао қилган.

БМТ бош котиби Трампни Ғазодаги этник тозалашлардан огоҳлантирди

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш 5 февраль куни АҚШ президенти Дональд Трампга билвосита мурожаат қиларкан, Ғазо секторида этник тозалашлардан сақланиш зарурати ҳақида гапирди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.

Мазкур огоҳлантириш Трамп фаластинликларга бир кун аввал қилган таклифига жавоб бўлди. Президент АҚШ Ғазо сектори устидан назоратни ўз зиммасига олиб, уни тиклаш ва қайта қуриш билан шуғуллана бошлаш учун фаластинликларни бошқа мамлакатга кўчиб ўтишга чақирганди. Трамп олдинроқ бир неча бор бутун бинолари вайрон бўлган Ғазода кимдир яшашни исташини тасаввур ҳам қилолмаслиги ҳақида гапирган.

Трампнинг бу таклифи кўплаб мамлакатлардаги сиёсий ва дипломатик доиралар томонидан салбий қарши олинган.

БМТ бош котиби: “Муаммони ҳал қилиш йўлларини қидиришда биз уни янада кучайтириб юбормаслигимиз лозим. Бу ерда халқаро ҳуқуқ асосларига содиқ қолиш ўта муҳим. Бу ерда этник тозалашларнинг ҳар қанақа шаклидан сақланиш ўта муҳим”, деган Гутерриш БМТ қўмиталаридан бирида ўтказилган мажлисда.

БМТ бош котибига кўра, икки давлат ғояси юзасидан позициялар тасдиқланиши зарур. Фаластин халқининг дахлсиз ҳуқуқларини амалга ошириш қўмитаси олдида қилган чиқиши чоғида Гутерриш Трамп исмини ёки унинг Ғазо сектори бўйича таклифини эслатган эмас. Бироқ, Reuters агентлиги қайдича, унинг матбуот котиби Стефан Дюжаррик аввалроқ журналистларга БМТ бош котибининг мулоҳазаларини Трампга жавоб сифатида кўрилиши адолатли фараз эканини маълум қилган эди.

Чоршанба куни Гутерриш Иордания қироли Абдуллоҳ билан минтақадаги вазият ҳақида сўзлашди, деган Дюжаррик.

Фаластин маъмурияти томонидан БМТдаги махсус вакил этиб тайинланган Риёз Мансур қўмитага қирол Абдуллоҳ кейинги ҳафтада Вашингтонга ташрифи чоғида Трампга араб давлатларининг мувофиқлаштирилган муждасини етказишини маълум қилган.

“Бизнинг Фаластиндан бошқа ўлкамиз йўқ. Ғазо унинг қимматли қисмидир. Биз Ғазони тарк этмоқчи эмасмиз”, деган Мансур.

Хитойда АҚШ импорти бўйича жавоб божи жорий қилинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Хитойда АҚШ импортига жавоб божи жорий этилиб, Қўшма Штатлар Google корпорациясининг Хитой бозоридаги иши бўйича текширув бошланди. Бу ҳақда Associated Press агентлиги хабар қилди.

Кўмир ва суюлтирилган газ олиб кирилгани учун 15 фоиз, хом нефть, қишлоқ хўжалиги техникаси ва кучли двигателли автомобиллар импорти учун 10 фоиз миқдорида бож тўлови белгиланмоқда. Мазкур тўловлар 10 февралдан жорий этилади.

Шунингдек, Хитой юқори технологиялик ишлаб чиқариш учун муҳим бўлган минераллар − вольфрам, теллур, висмут, молибден ва индий экспорти устидан назоратни кучайтирмоқда. Уларнинг кўпи АҚШда мамлакат иқтисодий ва миллий хавфсизлиги учун ўта муҳим деб ҳисобланади.

Бундан ташқари, Хитой расмийлари аксилмонополияга оид қонунбузарлик гумони билан Google’га нисбатан текширув ўтказилишини очиқлашган. Шу билан бирга, Пекин вакиллари АҚШнинг икки шаркати Calvin Klein ва Tommy Hilfiger кийим-кечак брендига эга бўлган PVH Group ҳамда Хитойда офислари бўлган Illumina биотехнологик фирмасига нисбатан санкциялар жорий этишган.

Тўртинчи февралдан бошлаб Хитойдан АҚШга импорт учун 10 фоизлик бож тўлови кучга кирди.

Дональд Трамп маъмурияти томонидан Мексика ва Канада импортига қарши киритилиши режаланган янги тарифлар АҚШ президенти билан бу икки мамлакат раҳбарларининг суҳбатларидан кейин бир ойга кечиктирилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG