Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:39

Бухоро яҳудийлари Юлдуз Усмоновани антисемитизмда айбламоқда  


Юлдуз Усмонова 13 май куни  ўзининг Instagram каналида Фаластин ва Исроил ўртасидаги можарога муносабат билдириб, Исроилни босқинчи деб атаган ва уни “давлат деб ҳисобламаслиги”ни айтган.
Юлдуз Усмонова 13 май куни  ўзининг Instagram каналида Фаластин ва Исроил ўртасидаги можарога муносабат билдириб, Исроилни босқинчи деб атаган ва уни “давлат деб ҳисобламаслиги”ни айтган.

Ўзбекистонлик хонанда Юлдуз Усмонованинг Исроил-Фаластин можароси юзасидан билдирган фикрлари АҚШ ва Исроилдаги Бухоро яҳудийлари жамоасида ғазаб ва хавотир билан қаршиланди.

Жамоа вакиллари Усмонова “антисемит оҳангидаги” чиқишлари учун Исроил халқидан кечирим сўраши кераклигини айтишмоқда.

Озодлик билан суҳбатда улардан айримлари Юлдуз Усмоновани “Халқ артисти унвонидан маҳрум қилиш”га чақирди.

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова 13 май куни ўзининг Instagram каналида Фаластин ва Исроил ўртасидаги можарога муносабат билдириб, Исроилни босқинчи деб атаган ва уни “давлат деб ҳисобламаслиги”ни айтган эди.

У фаластинликлар билан бирдамлик изҳор қилган ва “керак бўлса, Фаластин учун жанг қилишга тайёрлиги”ни билдирган.

“Исроил миллати деймиз, мен уни мамлакат деб ҳисобламайман. Чунки ўзлари ҳам жуда яхши билади босқинчилигини…. Бир бошга бир ўлим. Уруш учун борамиз, керак бўлса, агар чақиришса. Биз ўзимиз билан ўзимиз овора деб ўйлашмасин. Керак бўлса, бирлашамиз. Фаластинликлар қаҳрамонларимиз, ана ўша ерни қўриб, курашиб келяпти”, - дейди Усмонова.

Исроилнинг Йехуд шаҳрида яшовчи тадбиркор Алекс Бароев ўзининг Facebook саҳифасида Усмонованинг Исроилда бир қанча концертларини уюштиришга ёрдам берганини эслатди:

“Сиздан Исроил давлати тўғрисида бундай ёқимсиз нарсаларни эшитиш мен учун жуда оғир. Мен сизнинг Исроил давлатида бир нечта концертларингизни уюштирганман ва сиз ҳар доим Бухоро яҳудийларини жуда яхши кўришингизни айтгансиз ва сизни ҳар доим энг илиқ ва меҳр билан кутиб олишган. Энди сиз хафа қилган инсонлардан, шу жумладан мендан учун ҳам кечирим сўрашингиз керак”, - деб ёзди.

Исроиллик Алек Бароев хонанда Юлдуз Усмонова билан.
Исроиллик Алек Бароев хонанда Юлдуз Усмонова билан.

"Антисемитизм шу қадар бўлиб кетдими Ўзбекистонда? "

Бухоро яҳудийлари жамоаси вакилларидан яна бири Ефим Миратов эса Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев хонандани “бу гапи учун халқ артисти унвонидан маҳрум қилиши керак” дейди.

“Таниқли ўзбек хонандасининг антисемитизмга даъвати, тўғриси бизни даҳшатга солди. Ўзбекистон халқ артисти оғзидан бу гапларни эшитиб Ўзбекистонга, Бухорога зиёратга боришга ҳам қўрқиб қолдик. Антисемитизм шу қадар бўлиб кетдими Ўзбекистонда? Менинг онам Мария Сулаймонова Бухорода 40 йил ўзбек тили ва адабиётидан дарс берган. Минг йилликлар биз Бухорода оға-ини, опа-сингил, яшаганмиз. Лекин, Ўзбекистон халқ артистининг бу гапларидан биз қўрқиб қолдик. Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси, Ўзбекистон Маданият вазирлиги ва президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб Юлдуз Усмоновани Халқ арстисти унвонидан маҳрум қилишни талаб қиламиз”, - дейди Миратов.

АҚШда яшовчи Бухоро яҳудийлари жамоаси вакилларидан Наргиза Шабанова Озодлик билан суҳбатда “Юлдуз Усмонова мен учун йўқ энди”, деб айтди.

“Мен Усмонова қўшиқларини севиб тинглайман. Мен суйган қўшиқчи. Кеча у айтган гаплар мени ва бу ердаги яҳудий жамоасини қаттиқ хафа қилди. Менимча қўшиқчилар ва санъат аҳли бундай вазиятда томонларни тинчликка чақирувчи куч бўлиши керак. Исроил деган мамлакат йўқ, керак бўлса, чақиришса, урушга бораман, дейиш менимча санъаткорлар айтадиган гап эмас. Мен учун энди бундай ашулачи йўқ ”, - дейди Ню Йоркда яшовчи Шабанова.

Францияда яшовчи ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга кўра, Юлдуз Усмонованинг Яқин Шарқда бўлаётган воқеаларга муносабати Ўзбекистон аҳолисининг мутлақ аксарияти позициясини, қарашларини ифода қилади.

“Агар Ўзбекистон демократик давлат бўлганида эди, Ўзбекистонда миллионлаб Юлдуз Усмоновалар бўларди, улар Фаластин, Шарқий Туркистон, Роҳинжа мусулмонлари еки бошқа зўравонликлар, геноцидлар, зулмлар борасида ўз фикрини бараллар айтган бўларди”, дейди Раббимов.

Ўзбекистон Маданият вазирлигининг Озодлик суҳбатлашган мулозими Усмонованинг айтганлари Ўзбекистон ҳукумати позициясини ифодаламаслигини айтди.

Жанжалкаш хонанда

Юлдуз Усмонованинг тармоқлардаги зиддиятли чиқишлари бундан олдин ҳам кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган.

Ўтган йили Усмонованинг Instagram’да жонли эфирда ички ишлар ходимларини лаънатловчи сўзлари унинг устидан маъмурий иши очилишига сабаб бўлган эди.

Шу куннинг ўзида ижтимоий тармоқларда Юлдуз Усмонованинг узр сўраб чиққан видеоси тарқалди.

Марҳум президент Ислом Каримов даврида 11 йил давомида тақиқда бўлган ва мамлакатни бир муддат тарк этган Юлдуз Усмонова Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан яна саҳнага қайтди.

У ўзининг “запрет”дан чиқишига жорий президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева сабабчи бўлганини айтган.

Ўз вақтида ҳозирда қамоқ жазосини ўтаётган Гулнора Каримовага атаб “Гулисан” дея қўшиқ куйлаган хонанда яқинда Шавкат Мирзиёевнинг янги туғилган неварасига атаб қўшиқ айтди.

Ўзбекистон расмий идоралари Юлдуз Усмонованинг баёнотига муносабат билдирганича йўқ.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Шарқий Қуддусдаги вазиятнинг кескин тус олиши сабабли чуқур хавотирда эканлигини билдирган.

“Томонларни зўравонликка чек қўйиш, вазиятни беқарорлаштиришдан сақланиш ва бундан буён қон тўкилишига йўл қўймаслик ҳамда мусулмон олами учун муқаддас ҳисобланган Ийд ал-Фитр арафасида можарони ҳал этиш бўйича барча имкониятларни сафарбар этишга чақирамиз.

Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа муқаддас қадамжоларнинг дахлсизлигини – статус-квога риоя этилишини таъминлаш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Фаластин-Исроил муаммоси халқаро ҳуқуқ меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши томонидан аввал қабул қилинган резолюциялар ҳамда “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида ҳал этилиши лозим”, дейилади вазирлик 13 май куни эълон қилган баёнотда.

Бухоро яҳудийлари

Дунёдаги энг йирик яҳудий диаспораларидан бўлган Бухоро яҳудийларининг аксари Совет Иттифоқининг охирги ва мустақилликнинг илк йилларида АҚШ ва Исроилга кўчиб кетган.

Уларнинг вакиллари ўзлари туғилган Бухоро ва Ўзбекистонни иккинчи ватани деб ҳисоблашини айтишади.

Иши юришганлар қурултойи: Бухоро яҳудийларини ҳам ўзбек тили, ўзбекча ош ва ўзбек мусиқаси бирлаштиради
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:38 0:00

Бухоро яҳудийлари орасидан Изро Малаков, Берта Давидова ҳамда Муҳаббат Шамаева сингари кўплаб атоқли санъаткорлар етишиб чиққан.

Бухоро яҳудийлари Ўзбекистон билан яқин маданий алоқаларни сақлаб келади. Марказий Осиёнинг энг катта мусулмон аҳолисига эга бўлган Ўзбекистон Исроил давлати билан яқин сиёсий ва иқтисодий алоқаларга эга дунёдаги кам сонли мусулмон давлатлардан.

Ғазо бомбардимонлар остида

Яқин Шарқда зўравонликлар беш кундирки давом этмоқда. Душанба кунидан буён юздан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилликлар орасида талафотлар сони саккиз кишини ташкил этмоқда.

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху Ғазодаги Фаластин жангариларига қарши ҳарбий амалиёт "қанча лозим бўлса, шунча давом этиши"ни айтган.

Ҳамас ҳам Исроил ҳужумларини жавобсиз қолдирмаслигини билдирган.

Ғазо ва Исроилдаги сўнгги зўравонликлар 2014 йилдан буён кузатилган энг ёмони экани айтилади.

XS
SM
MD
LG