Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:02

“Долзарб 40 кунлик” - Мирзиёев йилига 200 миллион туп дарахт экишни буюрди


Ўзбекистонда президент кўрсатмаси ортидан арча кўчати экиш авжида.
Ўзбекистонда президент кўрсатмаси ортидан арча кўчати экиш авжида.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Яшил макон” лойиҳаси доирасида мамлакатда йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экишни буюрди.

У, шунингдек, дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” ҳам эълон қилди.

2 ноябрь кунги ҳукумат мажлисида Мирзиёев дарахт экишни давлат сиёсати даражасига кўтаришини таъкидларкан, бу билан мамлакатдаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга оширишни режалаётганини айтди.

“Шунча йилларда “қоғозда” экилган дарахтларни ҳисобласа, Ўзбекистонда бўш жой қолмаслиги керак эди. Тизим, қаров бўлмагани учун экилганининг ҳам кўпи қуриб кетди. Бугунги ва келгусидаги экологик вазиятни инобатга олиб, дарахт экишни давлат сиёсати даражасига кўтараяпмиз”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, янгидан барпо этиладиган яшил майдонларни парваришлаш туман ва шаҳар ҳокимликлари зиммасига юкланади.

Бунинг учун қаердан қанча маблағ ажратилиши маълум эмас.

Ҳукумат мажлисидан бир кун ўтиб баъзи вилоятларда кўчат экиш кампанияси бошлаб юборилди.

Озодликка жўнатилган суратларда бюджет ташкилотлари ходимларининг кўчат экишга жалб этилганини кўриш мумкин.

“Кўчатларни парваришлаш ҳам ҳокимликларга топширилдими, демак, ўқитуви ва шифокорлар қиладиган иш яна биттага кўпайди. Ҳозирда бизга тошириқ бериляпти, ўнтадан кўчат экишга”, - дейди Навоий шаҳридан Озодликка боғланган мактаб муаллими.

Чинорлар ўрнига арча

Ўзбекистонда сўнгги 10 йилда юз йиллик азим дарахтлар шафқатсиз кесиб ташланди.

2009 йили Амир Темур хиёбонидаги ёши бир асрдан зиёд бўлган улкан дарахтларнинг таг-томири билан қўпорилгани Ўзбекистон ичкариси ва хорижда кўпчиликни ғазаблантирганди.

Дарахтлар қирғини ижтимоий тармоқларда кескин норозиликларга сабаб бўлиб келади.

Шаҳар ва туманлар марказларидаги бу ваҳшийликлар ўша ҳудудларни ободонлаштириш эҳтиёжи билан тушунтирилади.

Айни пайтда кесилган чинор ва каштанлар ўрнида нинабаргли дарахт кўчатлари экилаётгани ҳам эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Тошкентлик фаол Фарида Шариф дарахтларнинг кесилишидан манфаатдор гуруҳлар бор, деган фикрда:

“Ҳукуматнинг ҳар бир баландпарвоз қарори ортида пул туради. Йилига 200 миллион дарахт экамиз деяптими, демак бунинг учун давлат миллардлаб сўм пул ажратади. Баъзи гуруҳлар кесилган чинорлар ўрнига хориждан игна баргли дарахтлар олиб келишдан манфаатдор. Балки шу кесилган дарахтлар ёғочидан тайёрланган мабел қайсидир амалдорнинг уйини безаб тургандир. Халқ эса чиллада соя тополмайди. Бу жуда ачинарли”, - дейди Фарида Шариф..

Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бошқармаси мутахассиси ҳам Озодлик билан суҳбатда игна баргли дарахтлар маҳаллий иқлимга тўғри келмасилигини тасдиқлайди.

“Марказий Осиё ва Ўзбекистон қуруқ ўлка, ёғингарчилик кам бизда. Дарахтли жойлар ҳам кам, ўрмон билан қопланганлик миқдори етти ярим фоизни ташкил этади. Бизда манзара учун баъзи жойларда экиш мумкин, лекин махсус қаров керак бўлади. Қаров бўлмаса, қуриб қолади. Шунинг учун чинор экиш керак, эман дарахти бор, уни экиш керак”, дейди Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси мулозими.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг ички иқлими ҳам ранг-баранг.

“Фарғона бошқа Хоразм бошқа, Сурхондарё, Қашқадарё бошқа иқлим. Ҳар бир ҳудуд иқлимини, денгиз сатҳидан паст баландлигини эътиборга олиш керак дарахт экканда. Тошкент вилояти ер шароити шўрланмаган. Сурхондарёга қрим қарағайи тўғри керлиши мумкин, манзара учун экса бўлади. Лекин ҳамма жойни игна баргли дарахтлар билан тўлдириш нотўғри”.

Аввалроқ тармоқларда Ўзбекистондаги турли ҳудудларнинг 2000-йиллар боши ва 2020 йилда сунъий йўлдошдан олинган тасвирлари эълон қилинганди. Суратларда яшил ҳудудлар кескин қисқаргани кўринади.

Сунъий йўлдошдан олинган суратларда яшил ҳудудлар кескин қисқаргани кўринади.
Сунъий йўлдошдан олинган суратларда яшил ҳудудлар кескин қисқаргани кўринади.

Суратларни эълон қилган блогерлар Ўзбекистондаги саҳролашиш даражасидан хавотир билдиришган ва ҳукуматни нафақат табиий омиллар, балки инсон қўли, хусусан, амалдорларнинг масъулиятсизлиги натижасида юзага келаётган офатни бартараф этиш юзасидан шошилинч чоралар кўришга чақирганлар.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилдаги фармони билан қимматбаҳо навли дарахтларни кесишга мораторий эълон қилган: 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабргача ваколатли давлат органларига давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига рухсатнома беришни ман этган эди.

Президент тақиқига қарамай қадим дарахтларнинг кесилиши пойтах Тошкент ва бошқа вилоятларда кузатилди.

Оҳирги холатлар шу йилнинг июль ва сентябрь ойларида Сурхондарёнинг Денов ва Шўрчи туманларида рўй берди.

Шўрчи туманида ҳокимнинг сохта ҳужжатларга асосланиб чиқарган қарори ортидан М41 автомобиль йўли ёқасидаги тутзордан 160 туп дарахт кесиб ташлангани шов-шув бўлди.

Бундан олдин айни туманда 30 йиллик арчаларни кесиб, сотган мактаб раҳбарияти жаримага тортилган эди.

Ўзбекистонда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабргача узайтирилган.

XS
SM
MD
LG