Бугун Германияда навбатдан ташқари парламент сайлови ўтказилмоқда. Сайлов ўтган йил охирида бундестаг канцлер Олаф Шолцга ишончсизлик вотуми билдирганидан сўнг 23 февралга тайинланган эди. Ишончсизлик вотумига эса бюджетни молиялаш билан боғлиқ келишмовчилик туфайли иқтидордаги коалициянинг парчаланиши сабаб бўлди.
Шу тариқа, ҳукумат режаланганидан ярим йил олдин истеъфо беради: ҳукумат инқирози бўлмаганида навбатдаги сайлов 2025 йил сентябрда ўтказилган бўлур эди.
Парламентдаги ўринлар учун кураш еттита пешқадам ва 22 кичик партиялар ўртасида кечади. Энг кўп овоз тўплаган партия федерал канцлер лавозимига номзод кўрсатади (одатда партия раиси номзод бўлади), кейин уни президент Франк-Валтер Штайнмайер тасдиқлаши керак.
Шундан сўнг бундестагга ўтган партиялар бошқарув коалициясини тузади. Коалиция одатда 2-3 партиядан ташкил топади. Коалицияга кирмаганлар эса парламент мухолифати бўлиб қолади.
Сайловдан бир неча кун олдин ZDF телеканали ўтказган сўровга кўра, сайловда ХДИ/ХСИ консерватив блоки етакчи бўлиши мумкин – унга сайловчиларнинг 28 фоизи овоз беришга тайёр.
У ҳолда ХДИ раҳбари, 69 ёшли Фридрих Мерц канцлерликка номзод бўлади. ХДИ/ХСИ, хусусан, Германия иқтисодий ўсишини жадаллаштириш ва солиқларни камайтиришга ваъда бермоқда.
Сўровларга кўра иккинчи ўринни “Германия учун алтернатива” (ГуА) ўнг популистик партияси эгаллайди. ГуА 21 фоиз овоз тўплай олиши айтилмоқда. Партия ўз дастурида кўпроқ миграция қонунларини кучайтиришга ва хавфсизлик масалаларига урғу беради.
Шунингдек, ГуА Россия билан ҳамкорлик алоқаларини тиклашни талаб қилиб келмоқда. ГФР махсус хизматлари ГуА депутатларининг Кремлдан маблағ олганига доир шубҳалар важидан бир неча марта текширув ўтказган эди.
Учинчи ўринни, 16 фоиз қўллов билан Социал-демократик партия (СДП) эгаллаши кутиляпти. Канцлер Олаф Шолц худди шу партияга мансуб. СДП инфратузилма лойиҳалари ва ижтимоий дастурларга давлат бюджетидан кўпроқ маблағ ажратиш ташаббусини илгари сурмоқда.
ZDF сўровига қараганда, 14 фоиз сайловчилар “Яшиллар” учун овоз беришади. Ушбу сўл партия дастурида экология муаммолари ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш лойиҳаларига кенг ўрин берилган.
Сўровда қатнашганларнинг 8 фоизи “Сўллар”га овоз беришини билдирган. Улар мудофаа харажатларини оширишга қарши чиқишмоқда: “сўллар”га кўра солиқ тўловчиларнинг пулларини аввало ижтимоий дастурлар ва инфратузилмаларга йўналтириш лозим.
Бюджет ва давлат қарзи устидан қаттиқ назорат ўрнатишни ўзи учун устивор вазифа қилиб олган Эркин демократик партия 4,5 фоиз овоз тўплаши тахмин қилинмоқда.
Мудофаа бюджетини қисқартириш, Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатишга қарши чиқаётган ва Россия билан яқинлашиш тарафдори бўлган “Сара Вагенкнехт иттифоқи” номли янги сўл партия ҳам қарийб шунча овоз йиғиши мумкин.
Бу икки партия парламентга кириш учун зарур 5 фоизлик тўсиқдан ўтиши эҳтимоли катта.
Сўровда иштирок этганларнинг 4 фоизи кичик партияларга овоз беришини айтган.