Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:39

Самарқандда “Тез ëрдам” врачи беморни ўлдириб қўйганликда айбланиб калтакланди


Тез тиббий ёрдам.
Тез тиббий ёрдам.

24 май куни Самарқанд вилояти Қўшработ туманида 49 яшар аëл “Тез ëрдам” врачи қилган муолажа ортиданоқ вафот этди.

Гувоҳларга кўра¸ яқинлари врачни нотўғри укол беришда айблаб¸ уни қаттиқ калтаклаган.

Қўшработ Тиббиëт бирлашмаси раҳбари Жўш маҳалла фуқаролар йиғинида шундай воқеа содир бўлганини тасдиқлади.

Тез тиббий ëрдам кўрсатишга келган врачнинг калтакланганини қоралаган мулозим ўлимга нима сабаб бўлгани тиббий экспертиза хулосаси орқали аниқланиши ва шундан сўнггина қонуний чора қўлланиши лозимлигини таъкидлади.

Фожиа ëки сурункали хасталикнинг мантиқий якуни?

Самарқанд вилояти Қўшработ тумани Жўш қишлоғида яшовчи Лола Душанова¸ 24 май куни кечқурунги соат 10 ларда ўзини ëмон ҳис қилган ва яқинлари “Тез ëрдам” чақирган.

Гувоҳларнинг Озодликка айтишича¸ кўп ўтмай “Тез ëрдам”нинг Жўш МФЙдаги филиалининг болалар врачи беморни кўришга етиб келган ва биринчи тиббий ëрдам кўрсатган.

Қандай укол қилганини билмаймиз¸ аммо касалга ëқмади ва реакция берди – укол олиши билан ўлиб қолди. Шундан кейин марҳуманинг ўғиллари врачни калтаклаб ташлади. Ўликни бугун соат 2 ларда чиқаришди”¸ - деди воқеа тафсилотларидан хабардор жўшликлардан бири.

Самарқанд вилояти Қўшработ тумани Жўш МФЙ маркази
Самарқанд вилояти Қўшработ тумани Жўш МФЙ маркази

Жўш МФЙ раиси Озодлик билан телефон суҳбатида бундай воқеадан хабари йўқлигини иддао қилди. Маҳалла фаолларидан бири эса¸ шундай “фожиа” юз берганини тасдиқлади.

Лола Душанова¸ адашмасам 1972 йилда туғилган¸ ҳали ëш аëл эди. Тўртта боласи¸ бир қиз¸ уч ўғли бор эди. Битта ўғли Америкага кетган¸ оиласи тинч¸ ўзига тўқ эди”¸ - деди ўлим тафсилотларидан бехабарлигини таъкидлаган маҳалла фаоли.

Қўшработ туман Тиббиëт бирлашмаси раҳбари Улуғбек Шамсиев ўлим ҳодисасини ҳам¸ “Тез ëрдам” врачининг марҳума яқинлари томонидан калтакланганини ҳам тасдиқлади.

Аëл кучли оғриқдан шикоят қилган. Врачнинг тахминича¸ миокард инфаркт (ўткир юрак ишемик касаллиги - юрак тож томирлари орқали қон юрак мушакларига оқиб келиши тўхтаб қолиши мумкин) бўлган. Врач нитроглицерин ва аналгин-димедрол укол қилган. Бемор чиндан ҳам тезликда вафот этган. Тахминга кўра¸ унда сурункали юрак-қон томирлари касали бўлган"¸ деди туман тиббиëтчилари раҳбари.

Шифокорларга қарши зўравонлик

Қўшработ туман Тиббиëт бирлашмаси раҳбари хизмат вазифасини бажараëтган тиббиëт ходимларининг ўлим билан якунланган ҳолатларда калтакланиши кўпайиб бораëтганидан хавотир билдирди.

Бирорта ИИБ ходими хизмат вазифасини бажараëтган пайтда калтакланса¸ бу ишни қилганлар дарров жазосини олади. Аммо врачларни уриш нормага айланиб боряпти. Бундай вазиятларда кучли ҳиссиëтга берилиш бўлади¸ лекин ўлим сабабини аниқламай туриб¸ врачни самосуд қилиш қонунга зид. Мен врачимни оқламоқчи эмасман. Марҳума жасади экспертиза қилинсин¸ ўлим сабаби аниқ бўлсин¸ ана ундан кейин ўлим врачнинг нотўғри муолажаси туфайли содир бўлган бўлса¸ тегишли жазосини олсин. Лекин ҳозирча бундай хулоса йўқку! Балки аëл кучли заҳарланишдан вафот этгандир¸ балки узоқ ва сурункали касали бўлгандиру¸ энг охирги дақиқада врач чақиришгандир. Бу ҳақда бирор асосли маълумот йўқ жойда¸ врачни айбдор қилишга қаршиман”¸- деди Улуғбек Шамсиев.

Озодлик гаплашган қўшработлик врачлардан бири ҳам ўлим сабаби аниқланмай туриб¸ тиббиëт ходимини айблаш ва "самосуд" қилиш ўзбекистонликлар орасида урфга кирганидан хавотир билдирди.

Агар ўлим баҳсли бўлса¸ буни фақат экспертиза йўли билан аниқлаш мумкин. Ўлимнинг нотўғри уколдан ëки сурункали касаллик оқибатида бўлганини фақат жасаднинг ўзи айтади. Агар яқинларида шубҳа бўлса¸ жасадни ëриб¸ экспертиза қилиш керак. Прокуратура ўрганиши керак. Лекин билишимча¸ бундай қилишмади - марҳумани бугун соат 2 да чиқаришди”.

Ҳозирча туман прокуратурасининг ўлим ҳолати бўйича суриштирув бошлагани ҳақида Озодликда расмий маълумот йўқ.

Вазирлик ҳам хавотирда...

2019 йил сентябрида Андижон вилояти Асака туманида “Тез тиббий ëрдам” фельдшерининг оғир жароҳат олган бемор яқинларидан бири томонидан калтаклангани ортидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам бундай ҳолатлар кўпайиб бораëтганидан ташвиш билдирган эди.

Охирги пайтларда тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз қилиш, шифокорларнинг соғлигига зиён етказиш, таҳқирлаш ҳолатлари тез-тез учраб тургани барчамизни ташвишга солмоқда. Шифокор ҳеч қачон, ҳеч кимга ёмонликни раво кўрмайди, аксинча, ҳузурига шифо истаб келган ҳар бир беморга бор куч-салоҳияти, билимини ишга солиб беғараз кўмак беради. Тиббиёт ходимларининг ширин сўзи, дори-дармони ва меҳрли қўли билан қанчадан-қанча беморлар оғир дарддан халос бўлаётгани ҳаммамизга кундек равшан. Ана шундай фидойи, ўзгалар саломатлиги учун ўз ҳаловатидан кечиб, меҳнат қилаётган оқ халат соҳибларини таҳқирлаш, ноҳақ калтаклаш ақлга сиғадими?”, - дейилган эди Соғлиқни сақлаш вазирлиги баëнотида.

Айни пайтда соғлиқни сақлаш¸ хусусан¸ тез тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати ходимларининг малакасизлиги¸ тизимдаги коррупция ва таъмагирлик ўзбекистонликларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлиб келмоқда.

Президент Мирзиëевнинг тизимни жиддий ислоҳ қилиш¸ хорижга чиқиб кетган малакали врачларни Ўзбекистонга қайтариш¸ порахўрлик ва таъмагирликни тугатиш ҳақидаги ваъдаларига қарамай¸ соғлиқни сақлаш тизимида кейинги тўрт йил ичида жиддий ўзгаришлар кузатилмади.

Кузатувчилар фикрича¸ тиббиëт ходимларини тайëрлаш ва уларни ишга тайинлашдаги тизимли муаммолар кейинги йилларда аксинча¸ янада кучайган. Бунда тиббиёт соҳасидаги таълим билан боғлиқ муаммоларнинг ҳам ҳиссаси борлиги айтилади.

25 май куни davletovuz Телеграм-канали тиббиёт фанлари доктори, профессор Зарифбой Ибодуллаевнинг қуйидаги фикрларини эълон қилди:

Суперконтракт деган бало тиббий таълимнинг оёғига ҳақиқий тушов бўлди. Суперконтрактга 250 млн сўм тўлаб кирадиганларнинг 90 фоизи – илмсиз талабалар. Оддий анатомияни билишмайди. Фурсатдан фойдаланиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий таълим вазирлигига таклиф киритмоқчиман: суперконтрактдан воз кечиш ёки уларга бир марта имконият бериб, ундан фойдалана олишмаса, ҳайдаб юбориш керак”¸ - деб айтган Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимидаги мутахассислар савиясининг тушиб бораëтганидан бонг урган профессор.

XS
SM
MD
LG