Сурхондарё вилоят Термиз шаҳри Халқ Банкининг Амалиёт булимининг 19 ходими ишдан бўшатилиши тўғрисида огоҳлантириш хатлари олди.
Бу ҳақда Озодликка хабар қилган банк ходимлари ўша хатлардан бири нусхасини тақдим этди. Ишдан бўшатилиши кутилаётганларнинг иддао қилишича, улар ўрнига "банкнинг янги биносида ишлаш учун таниш-билиш, қариндош-уруғларнинг ёш қизлари ишга олинмоқда".
Халқ Банки Сурхондарё вилоят филиали бошлиғи Тоштемир Турсунов Озодлик саволига жавоб берар экан, 19 ходимга огоҳлантириш хати жўнатилганини инкор этишга уринди:
Халқ банкининг Сурхондарё вилоят филиали, Термиз шаҳридаги бўлимларидан бирида ишловчи бир гуруҳ ходимлардан Озодликка келган коллектив мурожаатномада ҳозирча 19 ходимга огоҳлантирув келгани, Амалиёт бўлими бошлиғи Парда Тойиров банк филиаллари амалиёт бўлимларидан 60 ходим ишдан бўшатилишини айтгани ёзилган.
Озодликка шикоят муаллифларидан бири, Халқ Банки Сурхондарё вилоят филиали Амалиёт бўлими ходими, 38 ёшли Гулчеҳра Ҳусанова бундай деди:
- Халқ Банки Амалиёт бўлимида 19 йилу 7 ойдан бери ишлайман. 00744- бўлим ёпилади деб 19 нафар “Сайёр касса” ходимига “огоҳлантириш хати” юборибди. Менинг 4 боламни ким боқади? Кўчада қолиб кетаманми?! Менинг ҳатто уйим йўқ!
Нусхаси Озодлик таҳририятига келган “огоҳлантириш хати”да уни олган ходим Меҳнат кодексига ва Халқ Банки бошқарувининг 2019 йил, 28 августдаги қарорига асосан 2 ой муддат ўтгандан кейин меҳнат шартномаси бекор қилиниши тўғрисида огоҳлантирилган.
Банк ходимига бир ҳафта давомида ўртача иш ҳақи сақланиб қолинган ҳолда ишга чиқмаслик ва “бошқа иш излаш ҳуқуқига эга экани” ёзилган.
“Қайд этилган қонун талабларига кўра, ҳозирги кунда АТ “Халқ Банки” Сурхондарё вилоят филиали Амалиёт бўлимида мавжуд бўш иш ўринлари йўқлиги сабабли иш билан таъминлаш имкониятимиз йўқ”, дейилади банкнинг Амалиёт бўлими бошлиғи Парда Тойиров қўли қўйилган, 23 сентябрда ёзилган расмий ҳужжатда.
Гулчеҳра Ҳусанованинг айтишича, шунга ўхшаш хатни ҳаммаси бўлиб 19 ходим олган.
Халқ Банки Сурхондарё вилоят филиали бошлиғи Тоштемир Турсунов Озодлик саволига жавоб берар экан, 19 ходимга огоҳлантириш хати жўнатилганини инкор этишга уринди:
- Ҳали ҳеч нарса бўлгани йўқ: огоҳлантириш ҳам, ҳеч қанақа қарор ҳам қабул қилинмаган. Улар ишлаб турибди ҳозир!
Бу гапдан сўнг Озодлик таҳририятида ишдан огоҳлантириш хати нусхаси борлигини эшитгач, телефон гўшагини қўйиб, алоқани узди.
Ишдан бўшаши ҳақида огоҳлантириш хати олган яна бир ходимнинг айтишича, Амалиёт бўлими тарқатиб юборилаяпти ва унинг ўрнига банкнинг янги биносида янги Амалиёт бўлими очилган.
- Вилоят бошқармамиз янги бинога кўчиб, у ерда худди шундай янги Амалиёт бўлими ташкил этилаяпти. Ўз ҳақини талаб қиладиган эски ишчилар ўрнига ёш қизларни қабул қилишяпти. Таниш-билишининг, амакисининг, холасининг қизини ишга олишаяпти.
Фотосуратларда Термиздаги банк эски биноси санитария ва хавфсизлик талабларига мос эмаслигини кўриш мумкин.