Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:44

Тошкент бекатларидаги дўконларни бузиш ҳақида қарор йўқ. Ҳоким бу масалада ижтимоий фикрга таянмоқчи


Тошкентда кондиционерли илк автобус бекати Беруний метроси ёнида очилган эди.
Тошкентда кондиционерли илк автобус бекати Беруний метроси ёнида очилган эди.

30 июнь куни аксар ўзбек нашрлари Тошкент шаҳри бекатларидаги барча маркетлар ёпилади¸ бекатлардаги дўконлар бузилади¸ деган мазмунда хабар тарқатган эди.

10 июль куни Озодлик гаплашган Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти масъуллари¸ пойтахт янги ҳокимининг бу гапи ҳозирча таклиф экани¸ мазкур масалада узил-кесил қарор пойтахтликлар фикри ўрганиб чиқилганидан кейингина қабул қилинишини билдирдилар.

Таклиф ëки талаб?

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати расмийси 10 июль куни Озодлик билан суҳбатда пойтахт янги ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг бекатлар ҳақидаги гапини “жамоатчиликка ташланган таклиф” дея атади.

“30 июнь куни президентимиз Олмазор туманига бориб¸ фаоллар билан учрашди. Президент кетганидан сўнг ҳоким қолиб ëш фаоллар билан суҳбатлашди. Мен ҳам ўша ерда эдим. Биласиз¸ бизда остановкалардаги аҳволни – бир баклашка сув олиш учун битта машина тўхтайди¸ ҳатто четга ҳам чиқмайди. Орқасидан яна иккита-учтаси тўхтайди. Орқадагилар булар қачон бозорини тугатиб чиқаркан¸ деб хуноб бўлиб кутади. Орасида тирбанд автобуслар ҳам бор. Одамлар семечка чақиб¸ ҳамма ëқни ифлос қилади¸ ахлат қутилар¸ скамейкалар йўқ. Шунинг учун ҳоким дўконлардан воз кечсак¸ нима дейсизлар¸ дедилар. Унақа йўқ қиламиз¸ бузиб ташлаймиз¸ деганлари йўқ. Сайтларда нотўғри ëзишди”¸ деди 10 июль куни Озодлик гаплашган ҳокимлик расмийси.

“Ëш фаолларнинг жавоби қарсакбозлик бўлди”

30 июнь кунги учрашувда қатнашганлардан бирига кўра¸ Тошкент шаҳар ҳокими Ëшлар кунида¸ асосан¸ ëш фаоллар билан ўтказган учрашувида “шу таклифга нима дейсизлар”¸ деб сўраган ва залга йиғилганлар бу саволга гулдурос қарсак билан жавоб берган.

“Биласиз¸ бизда ҳокимнинг оғзидан чиққан гапга эътироз билдирилмайди¸ фақат қарсак чалишади. Бу таклиф ҳам шундай қабул қилинди. Биров муҳокама қилгани ëки эътироз билдиргани йўқ”¸ дейди 30 июнь кунги учрашувда қатнашганлардан бири.

Ҳокимнинг 30 июнь кунги учрашувда бекатлар ҳақида айганидан маҳаллий матбуот келтирган иқтибосдан¸ Ортиқхўжаевнинг бекатларни бузиш ҳақида қатъий гапиргани англашилади.

“Бекат транспортлар, автобуслар тўхташи учун. Кўпчилик «дўкон» қурмоқда. Натижада машиналар тўхтаб, жамоат транспорти ҳаракатига халақит қилмоқда. Яқин кунларда бекатларда дўкон бўлмайди. Бекат бекатлигича қолади”¸ деб иқтибос келтирди аксар маҳаллий нашрлар ҳокимнинг 30 июнь кунги баëнотидан.

Тадбиркор ҳокимга айлангач¸ тадбиркорга қарши иш бошладими?

Озодликка боғланган Тошкент бекатларидан бирида дўкони бор тадбиркор шундай эътироз билдирди.

“Ортиқхўжаевни президент тадбиркордан чиққан¸ тадбиркорни ҳимоя қиладиган одам деб¸ ҳоким қилиб қўйди. Келасолиб қилаëтган иши тадбиркорни қақшатиш бўладими? Олдинги ҳоким бекатларни дўкон қил¸ ойнаванд қилиб ëп¸ ичига конденционер қўй¸ деди. Неча минг доллар сарфлаб¸ тадбиркорлар қилди шу ишни. Бекатларда дўкон қуришда Ортиқхўжаевнинг Акфаси мазза қилди – ҳаммага эшик-дераза Акфаники бўлсин¸ деган шарт қўйишганди ўшанда. Бизга эшик-дераза сотган одам бугун ҳоким бўлиб¸ энди буз буларни деса¸ алам қилмайдими? Bекатлардаги дўконларнинг ҳар бирида камида учта одам ишлайди¸ оила боқади. Булар қаердан иш топади? ” дейди Тошкентдаги ойнаванд бекат-дўкон эгаси.

Бу тадбиркор¸ ҳокимиятнинг қурилиш ва бузилишлар бўйича дастуридаги кескин ўзгаришлар¸ ҳокимият қарорларида изчиллик ва давомийлик йўқлиги¸ тадбиркорларнинг давлат тизимлари¸ ўз сармояси келажагига ишончига жиддий путур етказаëтганини қўшиб ўтади.

“Бугун сармоядор келсин¸ бизнес қилсин¸ тўсиқ йўқ¸ дейишаяпти. Бугун буниси “қур” дейди¸ фалон пул сарфлаб қурасиз. Эртага келадигани “буз”¸ дейди¸ додингизни ҳеч ким эшитмайди. Орада кимлардир катта пул ишлаб олади. Ким бунақа муҳитда катта пул тикиб¸ бизнес қилади?”¸ дейди бу тадбиркор.

Ижтимоий тармоқлардаги эътирозлар

30 июнь кунги Олмазордаги йиғинда қатнашган мулозим¸ ëшлар фаоллари Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг “бекатлардаги дўконлардан воз кечсак¸ нима дейсизлар?” деган саволига гулдурос қарсаклар билан жавоб берганини айтган бўлса-да¸ бу таклиф ижтимоий тармоқларда жиддий эътироз уйғотмай қолмади.

“Ҳоким ҳазиллашаяптими? Конкрет бу дўконлар кимга халақит берди? Жаноб ҳоким ишга бориш ë ишдан қайтиш учун жазирамада автобус кутмаслиги аниқ. Одамлар бу ерда сув¸ музқаймоқ еб тамадди қилади¸ иссиқдан жон сақлайди. Агар кимдир остановкалар олдида машинасини ноқонуний тўхтатаëтган бўлса¸ бунинг учун дўконни бузиш эмас¸ ГАИни ишлатиш керак. Шаҳарда ҳоким шуғулланадиган бошқа муаммо йўқми? Бизда доим шунақа – ҳокимият истаган пайтда келиб уйингни¸ гаражинг ëки дўконингни бузади¸ дарахтларни кесади. Келинглар Тошкентни Туркманистонга айлантирмайлик!” дейди Facebookдаги баҳсда фикр билдирганлардан бири.

(Ижтимоий тармоқларда тарқаган видеодан кўрилишича¸ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ишга жамоат транспортида эмас, балки Mercedesлар қуршовидаги Mercedesда бориб келади. Қиëс учун - дунëнинг Лондон¸ Амстердам¸ Мадрид¸ Торонто ва Сан-Паоло каби энг бой ва йирик шаҳарлари ҳокимлари ишга велосипед билан қатнайди.)

“Дўкони йўқ бекатларнинг аҳволига бир қаранг! 4х2 метрлик шиша¸ кўпинча у ҳам синдирилган! Ëмғир¸ қор ва шамолда унинг тагида ҳатто бир одам ҳам пана топмайди. Магазинларга тегманг – улардан бекатда тозалик сақлаб¸ йўловчи учун шароит яратишни талаб қилинглар¸ бўлди! Давлатга ҳам шуниси арзонроқ¸” дейилади изоҳлардан яна бирида.

“Бизда ҳокимлар қачон халққа керак нарсаларни бузиш-йўқотиш ўрнига одамларга ҳақиқатан ҳам фойдали нарсаларни ўйлаб топади?” дейилади айни мавзудаги учинчи шарҳда.

“Ҳоким жамоатчилик фикрига қулоқ солади”

Тошкент бекатларидаги дўконларни бузиш ҳақидаги таклиф шунчаки қуруқ гап эмаслигини таъкидлаган пойтахт ҳокимлиги расмийси¸ айни пайтда бу масалада сўнгги сўзни тошкентликларнинг ўзи айтишини билдирди.

“Ҳоким таклиф ташлади. Энди “Тошшаҳартрансхизмат” ўз сайтида опрос ўтказади ва ҳокимга натижасини тақдим этади. Чиқариладиган қарорга ижтимоий фикр асос бўлади. Дейлик¸ тошкентликларнинг 60 фоизи дўконлар қолсин¸ деб 40 фоизи уларни бузиш керак¸ деса¸ бузилиши мумкин. Лекин аксар кўпчилик дўконлар бузилмасин¸ деб фикр билдирса¸ улар бузилмайди”¸ деди Озодлик 10 июль куни гаплашган Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати мулозими.

Ҳозирча “Тошшаҳартрансхизмат” сайтида бундай сўров бошланмаган¸ ҳокимлик расмийси ҳам¸ бундай таклифни ўрганиш учун аниқ муҳлат берилган-берилмаганига аниқлик кирита олмаслигини билдирди.

Тошкентда қанча бекат бору¸ уларнинг қанчасида дўкон бор?

“Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамиятининг бекатлар бўйича мутасаддиси Озодлик билан 10 июль кунги суҳбатда 2018 йилнинг июнь ойигача Тошкент шаҳрида 2121 та бекат борлиги¸ улардан 727 тасида савдо шохобчаси¸ 211 тасининг эса ойнаванд қилиб қурилганини билдирди.

Тошкент шаҳар солиқ инспекциясининг Озодлик гаплашган расмийсига кўра¸ бу дўконларни юритиб келаëтган якка тадбиркор ойига давлатга энг кам иш ҳақининг 7 баравари миқдорида¸ ишга ëллаган ҳар бир хизматчиси учун эса¸ бу сумманинг 30 фоизи миқдорида солиқ тўлайди.

(Ўзбекистонда 2018 йилнинг 15 июлидан бошлаб энг кам иш ҳақи миқдори 184 300 сўм қилиб белгиланди. Бу дўконлар бузилса¸ давлат бюджети ҳар бир дўкон ойига тўлайдиган 1 290 100 сўмдан¸ жами эса 937 830 000 сўмлик солиқ тушумидан маҳрум бўлади. )

XS
SM
MD
LG