Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:05

Хивада икки йил олдин йўқолиб қолган Ал-Хоразмий ҳайкалини “Локомотив”га ўрнатмоқчилар (ФОТО)


 www.xorazmiy.uz сайтидан олинган фотосурат
www.xorazmiy.uz сайтидан олинган фотосурат

Хива шаҳрининг Ичан-Қалъаси киришида жойлашган Ал-Хоразмий ҳайкали шаҳарда қурилаётган “Локомотив” паркига кўчирилади.

Ичан-Қалъа маъмурияти 1983 йилда барпо этилган ва ЮНЕСКО рўйхатига киритилмаган бу монумент энди “поездда келиб тушган туристлар йўлагида” жойлаштирилишини билдирди.

Санъатшунослар сўнгги йилларда Ўзбекистонда тарихий монументларни кўчириш ёки бузиб ташлаш одат тусига кираётганидан хавотир билдирмоқда.

Хоразм вилоятининг Хива шаҳри турғунларидан бири Озодликка қилган мурожаатида бундан икки йилча олдин шаҳарнинг тарихий обидаси бўлган Ичан-Қалъа дарвозаси олдидан олиб ташланган Ал-Хоразмий ҳайкали тақдирига қизиқди:

"Ал-Хоразмий ҳайкали қаерга кетди? Нима сабабдан Хива Ичан-Қалъаси кўрки бўлган ҳайкал бузиб ташланди? Чет элдан келган меҳмонлар ҳайкални сўрашяпди. Ҳайкални буздирган собиқ ҳоким Эркин Ёқубов бунга жавоб бермайдими? Нима сабабдан ҳокимлар Хива тарихини бузишяпди?!".

Маълум бўлишича, ёдгорлик 1983 йилда машҳур математик, файласуф ва олим, Хоразмнинг энг таниқли шахсларидан бири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн-Мусо ал- Хоразмийнинг 1200-йиллигига бағишлаб Ичан-Қалъанинг Ғарбий дарвозаси ёнида ўрнатилган.

Монумент ЮНЕСКО маблағи эвазига, махсус буюртма асосида истеъдодли ҳайкалтарош Спартак Бабаян томонидан яратилган. Ҳайкалтарош олим қўлёзма узра чуқур хаёлга чўмганини тасвирлаган.

Озодлик мухлислари ҳозирга келиб бу ёдгорлик ўрнида пишган ғиштдан девор кўтарилгани акс этган фотосуратларни ҳам жўнатишди.

Ал-Хоразмий ёдгорлиги ўрни
Ал-Хоразмий ёдгорлиги ўрни

Ал-Хоразмий ҳайкалининг кейинги тақдири борасида Озодлик сўровига Хива шаҳридаги “Ичан қалъа” давлат музей қўриқхонасининг директори ўринбосари Мақсуд Абдурасулов жавоб берди.

Тарихий мажмуа ходими сўзларича, ЮНЕСКО рўйхатида бўлмаган Ал-Хоразмий обидаси янги жойга – Хива марказида қурилаётган “Локомотив” паркига кўчирилади.

- Вокзал олдида “Локомотив” парки қуришяпти. Ҳайкал ўша “Локомотив” ичига жойлаштирилган – у ерда ҳозир таъмирлаш ишлари кетяпти. Хива шаҳри музей қўриқхонасига 26 гектар ерда жойлашган 54 та маданий объект ЮНЕСКО рўйхатига киритилган. Лекин бу ҳужжатларда ҳайкал тўғрисида гап-сўз йўқ. Кўчириш тўғрисидаги қарорни ким қабул қилгани борасида хабарим йўқ. Вокзал ўрнатилганидан кейин Ичан-Қалъага асосий кириш жойи шарқий тараф бўлади деб белгиланди. Ўша ерда ремонт кетяпти, Полвон дарвозаси орқали поездда келган туристлар кириб келади. Ўша жой – вокзал ёнидаги “Локомотив” парки бўлади. Одамлар дам оладиган жой бўлади. Ҳайкал балким кириш, балким марказига ўрнатилади, деди ҳозирда Ал-Хоразмий монументи ўраб қўйилганини билдирган қўриқҳона мутассадиси.

Суҳбатдош “Локомотив” парки сентябрь ойининг бошида ишга туширилиши режалаштирилганини эканини маълум қилди. Мақсуд Абдурасулов ҳозирда паркка хитойлик қурувчилар келгани, махсус жиҳозлар келтирилиб, қурилиш ишлари авжида эканини ҳам айтди.

“Асарларни асранг!”

Парижда истиқомат қилаëтган рассом ва мунаққид Сергей Игнатьев ҳар бир ёдгорлик муайян жойга мослаб яратилади, уни бошқа жойга кўчириш асарга битилган мазмун-моҳиятини пучга чиқаради, дер экан, фикрини бундай давом эттирди:

- Ёдгорлик айнан шу жой учун яратилган. Мажмуани ўрнатишдан олдин ҳайкалнинг ҳажми, конфигурацияси, композицияси атроф-муҳитга уйғун ҳолда, майдонда кичик ёки катталиги, арк ва майдон динамикасига қараб ҳайкалтарош томонидан ҳисобга олинади. Албатта, бу ёдгорликнинг бошқа жойга кўчирилиши ахмоқгарчиликка олиб келади. Ҳайкал айнан шу майдон учун ясалган: кўчириш муаллиф ва архитектор ўйлаб қўйган мазмунга зиддир!

Сергей Игнатьев Ўзбекистонда охирги йилларда авж олган қайта қуриш ва ўзгартишлар тарихий обидалар ва санъат асарларига жиддий хавф туғдираётганидан хавотир билдирди.

У бундай обидаларни кўчириш ёки кўчирмаслик масаласи билан ҳокимлар ва амалдорлар эмас, меъморлар ва санъатшунослар шуғулланиши керак, дейди:

- Совет даврида яратилган барча ёдгорликлар йўқ қилиб ташланди. Масалан, Ленин ҳайкали Глобус ёдгорлигига алмаштирилди, Тошкентнинг Пионерлар боғидаги улкан “Мальчиш-Кибальчиш” ёдгорлиги йўқолиб кетди. Ажойиб Маркс калласи қаерга йўқолди – у совет даврининг мумтоз асари эди?Ахир у бутун оламга машҳур асар эди! Тушунаман, улар коммунизм символлари, лекин шу билан бирга улар ўз даври санъат асарларидир. Уларни олиб ташлаш керак, лекин бутун дунёда бундай асарларни авайлаб, музейларда сақлашади. Мана Хивада еки Самарқандда олиб борилаётган кўчиришлар ва қайта бузишлар шаҳарларнинг тарихий қиёфасини йўқ қилиб юбормоқда, Хитой ялтир-юлтурлари ўрин олмоқда. Бу ҳоким кетса, янгиси Ичан-Қалъада бассейн қурадими?!

С.Игнатьев: Асарларни асраб-авайламоқ лозим!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:42 0:00
Бевосита линк

Рассом Сергей Игнатьев барча олиб ташланаётган меъморий ёдгорликлар бир жойга жамланса дунёнинг турли чеккаларидан келаётган миллионлаб сайёҳлар учун энг томошабоп жойга айлантирилиши мумкинлигини тахмин қилди.

Янги давр вандализми

1983 йилда Тошкентда Мусо Ал-Хоразмий юбилейига бағишлаб яна бир ҳайкал ўрнатилган эди. Бу ёдгорлик очилишида Ўзбекистон раҳбарияти билан бирга ЮНЕСКОнинг ўша пайтдаги Бош директори жаноб Амаду-Маҳтар Мбоу иштирок этган.

Тошкентдаги Ал-Хоразмий ёдгорлиги очилиши, 1983 й. (mytashkent.uz фотоси)
Тошкентдаги Ал-Хоразмий ёдгорлиги очилиши, 1983 й. (mytashkent.uz фотоси)

Ҳайкалтарош Анвар Раҳматуллаев яратган Тошкентдаги бу ёдгорлик 1998 йилда бузиб ташланган. Ислом Каримов даврида Ўзбекистон раҳбарияти бетондан ясалган бу ҳайкални ҳам мустаҳкамроқ материал – металл ёки мармардан қайта тиклаб беришга маблағ ажратишга ваъда берган.

Бироқ уддасидан чиқмаган.

Хивада кўчирилган ва Тошкентда бузиб ташланган Ал-Хоразмий ҳайкаллари вайрон қилинган биринчи санъат асарлари эмас.

Озодлик сўнгги 25 йил ичида биргина Тошкентда маҳаллий ҳокимиятлар буйруқлари билан юздан зиëд панно йўқ қилингани, Ўзбекистон бўйлаб минглаб бошқа санъат ва меъморчилик асарлари бузиб ташлангани борасида кўп маротаба хабар берган.

1977 йилда Урганчда таниқли рассом Арнолд Ган бошчилигида Огаҳий номидаги Урганч театрида яратилган фреска маҳаллий мулозимлар буйруғи билан ўчириб ташланган. Бу фрескада қадимги Хоразмнинг қўғирчоқ театр санъати саҳналари ва масхарабозлар тасвирланган эди.

2016 йилда Тошкент метрополитени бошқармаси “Алишер Навоий” метро бекати деворларидаги таниқли рассом Чингиз Аҳмаров ижодига оид ложувард кошин панноларни оддий мойбўëқ билан “бўяб”, санъат асарига путур етказган эди.

Ўшанда¸ Ўзбекистон халқ рассоми Чингиз Аҳмаров томонидан ишланган саккизта паннодан учтасини қўпол равишда “таъмир” қилишга улгурган метро раҳбарияти айбини тан олган ва “таъмирлаш”ни тўхтатиб, керамика устига сурилган бўëқни сидириб ташлашга қарор қилган эди.

XS
SM
MD
LG