Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:54

Асакада бюджет ходимлари аҳолидан коммунал тўловлар ва мулк солиғи йиғишга сафарбар қилинди


Текширувчи кўрсатилган коммунал хизмат учун ҳақни ҳисоблаяпти. (Суратнинг Асакадаги воқеага алоқаси йўқ)
Текширувчи кўрсатилган коммунал хизмат учун ҳақни ҳисоблаяпти. (Суратнинг Асакадаги воқеага алоқаси йўқ)

Андижоннинг Асака туманида бандлик, ижтимоий таъминот, коммунал хизмат, банк, солиқ идоралари ходимлари аҳолидан мулк солиғи ва коммунал тўловларни йиғишга мажбуран сафарбар этилди.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган асакалик бюджет ходимларининг айтишича, туман ҳокими 10 октябрь куни махсус йиғилиш ўтказиб, қарздорликни тугатиш учун юқорида тилга олинган ташкилот ходимларини маҳаллама-маҳалла юриб, аҳолидан мулк солиғи ва коммунал тўловлар бўйича қарзларни ундиришга жалб қилган.

Асака тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мутасаддиси туманда қарздорликни тугатиш ва бюджетга тушумни ошириш бўйича ҳар бир ташкилотга топшириқ берилганини тасдиқлади.

Аскадаги "Ҳамкор банк"нинг исми ошкор этилишини истамаган ходими ўзига бириктирилган ҳудуддаги табиий газ, сув ва электр энергияси бўйича коммунал тўловлар ҳамда мулк солиқларини йиғиш учун жавобгар этиб қўйилгани, банкдаги иши қолиб маҳалла оқсоқоллари билан эрталабдан уйма-уй юриб қарз ундиришга мажбур бўлаётганини айтди:

Куни билан уйма-уй юрамиз, ярим кечаси туман ҳокими ўтказадиган мажлисда қанча ундирилгани ҳақида ҳисобот берамиз. У ёқда банкдаги ишларимиз қолиб кетяпти.

- Куни билан уйма-уй юрамиз, ярим кечаси туман ҳокими ўтказадиган мажлисда қанча ундирилгани ҳақида ҳисобот берамиз. У ёқда банкдаги ишларимиз қолиб кетяпти. Режани бажармаганларни эса ҳоким ҳаммани олдида турғизиб, сўкяпти, уялтиряпти.

Асака туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ходими ҳам аҳолидан қарз ундиришга жалб этилганини Озодликка айтди:

- Бюджетда пул йўқ, маошларнинг вақтида берилиши ана шу тўловларнинг йиғилишига боғлиқ, деб тушунтиряпмиз. Нафақаларни вақтида оламан, десангизлар қарзларни вақтида тўланглар, деб айтаяпмиз.

Қарз ундирувчилар гуруҳига маҳалла фаоллари ҳамрохлик қилмоқда.

Асака туманидаги "Қайрағоч" маҳалла фаолларидан бири қарз ундиришга нега шунча одам сафарбар қилинганини бундай тушунтирди:

- Ҳозир туманда қарздорлик кўп, одамлар солиқларни вақтида тўламаяпти. Нега шунча одам қарз йиғишга жалб қилинди, деяпсиз, чунки солиқ идорасидан битта ўзи борса бермаяпти-да. Шунга пенсия жамғармаси, бандлик ва биз бориб тушунтириш ишларини қиляпмиз-да. Биз ҳар бир хонадонни биламиз , "15инчидан ошиб кетади, қарздан қутулинглар", деб тушунтирамиз.

Асака туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мутасаддиси туманда аҳоли қарзини ундириш бўйича 10 октябрь куни мажлис ўтказилгани ва ҳар бир ташкилотга бу бўйича топшириқ берилганини тасдиқлади.

Ҳокимлик мулозимининг айтишича, банкларга нақд пул тушумининг камайиши аҳолига маошларнинг берилишини қийинлаштирган:

- Тадбирдан асосий мақсад қарздорликни тугатиш ва бюджетга пул тушумини ошириш, бу бўйича ҳар бир ташкилотга топшириқлар берилди.

Лекин, ҳокимлик ходими бюджет ташкилотлари ходимлари аҳолидан коммунал тўловлар ва мулк солиғи йиғишга жалб этилганини инкор этди.

Озодлик бундан олдин ҳам Ўзбекистоннинг бошқа вилоят ва туманларида давлат бюджетидан маош оладиган муассаса-идора ходимлари, жумладан мактабларда ўқитувчилар, шифохоналарда шифокорлар коммунал тўловларни ундиришга мажбурлангани ҳақида хабар берган.

Аммо, ҳукумат ўқитувчи ва шифокорларнинг мажбурий меҳнатга жалб этишни тақиқлаб қўйиши ортидан бу иш банк, ижтимоий таъминот идоралари ва бошқа бюджет ташкилотлари зиммасига юкланмоқда.

XS
SM
MD
LG