Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:08

Ҳунармандлар фестивалига сафарбар қилинган ИИБ ходими аварияда ҳалок бўлди


Қўқон шаҳрида ўтаëтган Халқаро ҳунармандчилик фестивалига Фарғона вилоят, Қўштепа туманидан сафарбар қилинган ИИБ ходими, лейтенант Равшанбек Тоштемиров 13 сентябрь, эрталаб соат 7 ларда автомобиль ҳалокатига учради. У 14 сентябрда дафн этилди.

Фарғона шаҳар ИИБ зобити ва Озодликнинг мобил мухбиридан олинган бу маълумотни Қўштепа туман ИИБ шахсий таркиб хавфсизлиги бўлими бошлиғи ëрдамчиси тасдиқлади.

Қўштепадаги Озодлик мобил мухбирининг айтишича¸ марҳум лейтенант Равшанбек Тоштемиров Қўштепа туман ИИБ пробация гуруҳи (судланганлар билан ишлайдиган гуруҳ) инспектори бўлиб ишлаган. Марҳум 14 сентябрь куни дафн қилинган.

Фарғона шаҳар ИИБ майор унвонидаги зобитига кўра, автоаварияга учраган машинада уч киши бўлган:

“Ҳар учаласи ҳам Қўштепа туман ИИБ ходимлари. Рулда лейтенант А. И. бўлган. У енгил жарохат олган. Орқа ўриндиқда Қўштепа ИИБ участка инспектори, лейтенант Д. Ғ. ўтирган. У ҳозир Қўштепа туман касалхонаси жонлантириш бўлимида. Олдинги ўриндиқда ўтирган Равшанбек Тоштемиров воқеа жойида жон берди”.

Марҳумдан оқ кўйлак кийиш талаб қилинган эди

Қўқондаги Ҳунармандлар фестивалини ëритиш асносида воқеадан хабар топган маҳаллий журналистнинг Озодликка айтишича, қўштепалик ИИБ ходимлари бошқа туманлардан сафарбар қилинган ИИБ ходимлари билан бирга 5 кундан бери фестивалда ишлаган:

- Улар кунига 12-14 соатдан ишлашди. Декорацияларни монтаж қилиш¸ ободонлаштириш каби ишларда ҳам оддий сафдорлар бор эди. 12 сентябрь куни Ички ишлар вазири ўринбосари Азиз Тошпўлатов йиғилиш ўтказиб, ҳар бир ИИБ ходими 14 сентябрь - Фестиваль очилишида ювиниб, тараниб оқ куйлакда бўлишни талаб қилди. Фарғона вилоят ИИБ раҳбари Раҳмат Мамадов рейд ўтказиб кийими униққанларни уйига юборди. Қўштепалик уч ходим уйига ювиниб келишга бораëтиб аварияга учради.

Фарғона шаҳар ИИБнинг майор унвонидаги зобити ҳодисага янада аниқлик киритди:

“Бу уч ходим ювиниб¸ парад либосини кийиб келиш учун 12 сентябрь кечқурун Қўқондан Учтепага келишган. Эртасига эрталаб соат еттида машинада ухлаб қолиб аварияга учрашди. Беш кундан бери кам ухлаганликнинг оқибати бу”.

Ўзини "Қўштепа туман ИИБ шахсий таркиб хавфсизлиги бўлими бошлиғи Камол Омоновнинг ëрдамчисиман" деб таништирган мулозим¸ лейтенант Равшанбек Тоштемиров аварияда оламдан ўтганини тасдиқлади.

Мулозимга кўра, "фестивалга юборилган ходимлар рухсат сўрамай, тўйга кетган" ва улардан бу ҳақда тушунтириш олинган.

Камол Омоновнинг ëрдамчисига кўра, воқеа юзасидан ички суриштирув ўтказилган аммо йўл-транспорт ҳодисаси қайд қилинмаган.

Фарғона шаҳар ИИБ майор унвонидаги зобитининг Озодликка айтишича¸ вилоят ҳокими "ИИБ ходимининг ўлими матбуотга чиқиб кетса, фестиваль обрўсига зарар етади" деб шахсий таркибни огоҳлантирган:

- Бу нарса нафсониятимизга тегди. ИИБ ходимларини ўн соатлаб мардикордай ишлатган ҳоким ўлган милиция ходими оиласига таъзия билдириш ўрнига байрамга соя солмасин, деб бекитиб ўтирибди.

Озодлик воқеа юзасидан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Қутбиддин Бурҳоновга мурожаат қилди. Бурҳонов ИИБ ходими ўлими билан боғлиқ масалани ўрганиб кейин жавоб беришга ваъда бериш билан чекланди.

Оддий ИИБ ходимлари белгиланган 8 соат ўрнига 10 соатлаб ҳафтада 7 кун ишлатилиб келгани ҳамда вазифа доирасига кирмайдиган ишларни қилишга мажбурлангани ҳақида Озодликка шикоят қилишган эди.

Фарғона вилояти ИИБ пост-патруль хизматининг 90 ходими уйидан 100 км узоққа ишга жўнатилганидан норози бўлишган эди.

Қўқонда ўтказилаëтган Халқаро ҳунармандчилик фестивалига тайëргарлик ишларига бюджет ташкилотлари ходимларидан тортиб то ўқувчи қизларгача мажбуран жалб этилгани ҳақида Озодлик ëзган эди.

Ишдан ҳайдалиш таҳдиди билан Қўқонга юборилаëтган юзлаб олий маълумотли иқтисодчи ва молиячи¸ банкир ва юрист фестиваль ўтадиган ҳудуддаги бинолар фасадини бўяб¸ сувсиз кўчаларга гул экиб¸ кўча тозалаганидан норозилигини билдирган эди.

Президент қарори билан шу кунларда Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Фарғона вилоят ҳокимлиги томонидан Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилмоқда.

XS
SM
MD
LG