Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:14

Янги оҳангдаги эски мусиқа


Николас Бëрнснинг Марказий Осиë сафарини Тошкентдан бошлаëтгани Каримов ҳукумати учун хушхабар бўлиши мумкин.
Николас Бëрнснинг Марказий Осиë сафарини Тошкентдан бошлаëтгани Каримов ҳукумати учун хушхабар бўлиши мумкин.

Обама маъмуриятининг Тошкентга келаëтган юқори даражали вакилининг¸ ўзаро ҳамкорликка оид сўзлашувларда мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятига ҳам тўхталиши кутилмоқда.

12-13 июл кунлари АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Уильям Бёрнс бошчилидаги нуфузли делегация Тошкентга сафар қилади. Уильям Бёрнс президент Барак Обама маъмуриятининг шу пайтгача Ўзбекистонга ташриф буюрган энг юқори мартабали мулозими бўлади.

“Делегация аъзолари Ўзбекистон раҳбарияти билан икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама этади. Минтақа давлатлари бўйлаб амалга ошириладиган ушбу сафар давомида АҚШ делегацияси Қозоғистон, Туркманистон ва Қирғизистонга ҳам ташриф буюради” дея маълум қилди Тошкентдаги АҚШ элчихонасининг расмий вакили Керри Ли.

Ўзбекистон раҳбарияти билан олиб бориладиган сўзлашувлар диққат марказида хавфсизлик, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ҳамда жаҳон молиявий бўҳронига қарши кураш масалаларининг бўлиши кутиляпти.

Айни пайтда кузатувчилар жаноб Бëрнснинг демократик ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари ва ҳатто сиёсий маҳбусларни озод этиш масаласини ҳам четлаб ўтмаслигини тахмин қилишмоқда. Бундай эҳтимолни АҚШда яшаëтган ўзбекистонлик кузатувчи Абдуманноб Пўлатов ҳам инкор қилмайди.

Абдуманноб Пўлатов: Менимча¸ албатта инсон ҳуқуқлари масаласи¸ жумладан баъзи сиëсий маҳбусларни озод қилиш масаласи қўйилса керак. Бу анъана. Кўп масала бунинг қандай оҳангда қўйилишида.

Озодлик: Оҳанг қандай бўлиши мумкин? Олдинги Буш маъмурияти даврида инсон ҳуқуқлари масаласи иқтисодий ва сиëсий ҳамкорлик масалаларига жуда ҳам боғлиқ ҳолда қўйилган. Бу гал қандай қўйилади?

Абдуманноб Пўлатов: Менинг фикримча¸ президент Барак Обама Москвада бу масалаларни қандай қўйган бўлса¸ қайсидир маънода шунга ўхшаш ҳолда қўйса керак. Яъни Давлат департаментининг юқори лавозимли бу мулозими балки Ўзбекистондаги ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат вакиллари билан ҳам учрашар.

Лекин Барак Обама рус мухолифатчилари Немцов ва Гарри Каспаровга айтганидай¸ “Биз инсон ҳуқуқлари ва демократия масалаларини кун тартибига қўйиб келамиз. Лекин сиз ҳам ҳозир бизнинг олдимизда бошқа катта масалалар турганини тушунишингиз керак” дейиши мумкин.

Демак¸ Америка фақат қайсидир кучларни қўллаб-қувватлаши¸ маънавий ëрдам кўрсатиши мумкин. Бунинг устига Обама русларга айтганидай “Америка демократиясида ҳам нуқсонлар бор. Бизнинг ҳам ўзимизнинг устимизда ишлайдиган кўп масалалар бор” дейиши мумкин.

Қайсидир маънода ўзига бироз бўлса ҳам танқидий қараш¸ камроқ ақл ўргатиш йўналишида қандайдир ўзгаришлар бўлади. Лекин барибир барча муҳим масалалар қаторида инсон ҳуқуқлари ва сиëсий маҳбуслар масаласи кўтарилади.

Озодлик: Шу йўналишда АҚШ қанчалик муваффақиятли бўлиши мумкин? Чунки бир томондан расмий Тошкентнинг Ғарб билан муносабатларни қайта яхшилаш интилишлари¸ ҳаво ҳудудини очиб бергани¸ умуман Афғонистондаги қўшинлар таъминоти учун темир йўлларни очиб бергани¸ Каримовнинг Барак Обаманинг мусулмон дунëсига қилган нутқини олқишлагани нуқтаи назаридан бугунги кунда АҚШ нинг сиëсий маҳбусларни озод этиш каби чақириқлар расмий Тошкент томонидан қандай қабул этилиши мумкин?

Абдуманноб Пўлатов: Менимча¸ тўғри қабул қилинади. Бу барча сиëсий маҳбусларни ëки сиëсий маҳбус деб билинганларни озод қилади¸ дегани эмас. Аввал муносабатлар совуқлашиб кетган пайтда ҳам Америка билан¸ Европа билан муносабатлар ҳисобга олинарди ва баъзан сиëсий маҳбусларнинг бир қисми озод қилиб келинган. Ҳозир битта-иккита ëки беш-олтита сиëсий маҳбуслар ëки сиëсий маҳбус деб кўрилаëтганлар озод қилинишига умид қилиш мумкин. Менимча¸ иккала томон ҳам вазиятни тушунади. Баëнотлар¸ чиройли гаплар ҳам айтилади¸ лекин амалий ишда иккала томон ҳам босиқлик билан сиëсат юргизади¸ деб ўйлайман.

Озодлик: Умуман¸ АҚШ-Ўзбекистон муносабатларининг яқин келажагини қандай тасаввур қиласиз?

Абдуманноб Пўлатов: Охирги икки-уч йил ичида жуда секинлик ва эҳтиëткорлик билан муносабатларни тузатишга қўйилаëтган қадамлар давом этади. Мен кескин ўзгариш кутмайман. Худди шу йўналишда муносабатларнинг илиқлашиб боришини кутса бўлади.
XS
SM
MD
LG